Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:16

Россияда украин шоири Тарас Шевченко яшаган тарихий уй бузиб ташланди


Россияда тарихий ёдгорликни бузиб, уни автомобиллар турадиган жойга айлантиришди.

Украин расмийлари таниқли украин шоири ҳамда рассоми Тарас Шевченко 1849 йили қувғиндалигида яшаган уй 2015 йилнинг ёзида бузиб ташланганидан яқинда хабардор бўлишди. Оренбург шаҳрининг Шевченко кўчасида жойлашган кичик уйни маҳаллий банк бузиб, ўрнига ўз мижозлари учун автомобиль турувчи жой қурган.

Махфий сиёсий ташкилотга аъзо бўлгани ва ўз қарашларидан воз кечишдан бош тортгани учун Шевченкони император Николай I Россия жанубида жойлашган Оренбург шаҳрига мажбурий ҳарбий хизмат ўтиш учун юборган. Россия Шевченко 1849 йили яшаган кулбани ҳали ҳам тарихий ёдгорлик деб ҳисоблаб келган. Кулба Россиянинг тарихий обидалари киритилган рўйхатдан жой олган.

Украина маданият вазирлиги 25 февраль куни эълон қилган билдирувда Украина ушбу масала юзасидан ЮНЕСКО ҳамда Европа кенгашига арзланиши айтилади.

“Россия ҳукумати томонидан ёдгорликни сақлаб қолиш учун ҳеч қандай чора кўрилмагани ҳамда бу жиноят узоқ пайтдан бериб кўриб чиқилмагани Россиянинг мамлакатдаги украинлар тарихи ва маданиятига қарши олиб бораётган репрессив сиёсатининг қўшимча исботидир”, дейилади билдирувди.

Маҳаллий матбуотда шаҳар турғуни арзланганидан кейин расмийлар жиноий иш қўзғагани ҳақида хабар қилинди.

Аммо ТАСС ахборот агентлигига кўра, Оренбург вилояти маданият вазирлигининг исми ошкор қилинмаган манбаси Шевченко яшаган кулба ҳеч қачон тарихий ёдгорликлар рўйхатига киритилмаслиги керак эди, деган.

“Мутахассислар республика бўйича тарихий аҳамиятга эга ёдгорлик сифатида ҳукумат қаровига олинган бу объектда тарихий ва маданий ўзгачалик бўлмаганини аниқлашди. Шоир бу уйда ҳеч қачон яшамаган”, деган манба.

Маданият вазирлиги ходими 2011 йил маҳалллий расмийлар кулбани тарихий обидалар рўйхатидан чиқаришга уринганини, лекин омадлари чопмаганини қўшимча қилган.

Шевченко замонаний украин адабиётининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Шоир 1847-1850 йилларда Оренбург вилоятида сургунда юрган. Орск шаҳрида санъаткор ижодига бағишланган музей бўлиб, У ерда шоир чизган расмларнинг нусхалари сақланади.

2016 йил Оренбургда шоирнинг таваллуд айёмига бағишланган “40-Шевченко марши” фестивали бўлиб ўтади.

XS
SM
MD
LG