Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:14

Украинлар Ленинни Леннонга алмаштиришди


Леннон ва Ленин
Леннон ва Ленин

Украинанинг Закарпатье вилояти, Калина қишлоғидаги Ленин кўчаси бундан буён Леннон номи билан аталади. Бу Украинада “коммунистик ва миллатчи-социалистик тоталитар тузум рамзларини тақиқлаш” кампанияси доирасида қилинган маҳаллий ҳукуматнинг навбатдаги қарори бўлди. Олдинроқ Харьков вилояти Изюм шаҳридаги Ленин майдони ҳам буюк “Битлз” мусиқачиси номига ўзгартирилган эди.

Закарпатье вилоят вилоят давлат маъмурияти раиси Геннадий Москаль чоршанба куни имзолаган қарорига кўра, минтақадаги аҳоли пунктларидаги бир нечта кўчанинг номи ўзгартириладиган бўлди.

“Коммунистик ва миллатчи-социалистик (нацист) тоталитар тузумларини қоралаш ва улар рамзларини Украинада тақиқлаш тўғрисида”ги топонимларни ўзгартириш бўйича бажарилаётган бу давлат қонунига мувофиқ Закарпатье вилояти Тягач тумани Калина қишлоғидаги ЛЕНИН кўчаси номи ҳам ўзгартирилди. Эндиликда кўчага таниқли “Битлз” инглиз рок-гуруҳи етакчиларидан бири композитор Жон ЛЕННОН номи берилди.

Геннадий Москаль расмий сайтида айтилишича, шу тариқа Межгорье қўрғонидаги “Шчорс” кўчаси Украина шарқидаги жангларда ўтган йилнинг февралида ҳалок бўлган Виктор Маркусь номига, “Колхозная” кўчаси Чехословакиянинг машҳур миллий курашчиси ва президенти Томаш Масарик номига, “Октябьская” кўчаси – украин миллий-жамоатчилик фаоли Эдмунд Бачинский номига, Солотви қишлоғидаги “Октябрьская” кўчаси эса таниқли венгр рассоми Шимон Голлоши номига ўзгартирилди.

Шунингдек, ўзининг ғаройиб бошқаруви билан Украинада танилган Геннадий Москаль совет даври “халқ оқсоқоли” номига қўйилган “Калинин” кўчасини “Калина” кўчасига ўзгартириш тўғрисида буюрди.

- Закарпатьедаги кўплаб коммунистик номдаги кўчалар ўзгартирилмасдан ётган эди, ваҳоланки “декоммунизация қонуни”га мувофиқ бу ишга ярим йил ажратилганди. Закарпатьени “коммунизм” асоратларидан тозалаш ишлари давом этади, деди вилоят ҳокими Геннадий Москаль.

Олдинроқ Украина Шарқидаги Харьков вилоятида “Декоммунизация тўғрисида”ги қонунга биноан композитор ва қўшиқчи Жон Леннон хотирасига Изюм шаҳридаги Ленин майдони номи ўзгартирилган эди.

У ердаги маҳаллий ҳукумат эски тузум намояндалари номига аталган топонимларни ўзгартириш тарафдори эканини маълум қилган. Масалан, бу шаҳарнинг “Артём” кўчаси бундан буён қўшиқчи “Виктор Цой” номига ўзгариши, “Сакко ва Ванцетти” кўчаси – “Владимир Высоцкий”, “Бакалова” кўчаси эса “Пикассо” деб аталиши қонунан белгиланди.

Таъкидлаш жойизки, Ленин номидаги Изюм шаҳри марказий майдони Google Mapsда аллақачон Леннонга ўзгартирилганини ҳам кўриш мумкин:

Изюм шаҳридаги Леннон кўчаси
Изюм шаҳридаги Леннон кўчаси

Жами Украинада “Декоммунизация тўғрисида”ги қонунга кўра, 940 зиёд аҳоли пункти, минглаб кўча, майдон ва булварлар номи ўзгартирилди.

Олдинроқ Украина ҳукумати 2016 йилнинг 21 февралига қадар нацист ва уларга тенглаштирилган коммунистик тузумлардан қолган топонимик атамаларни ўзгартириш зарурлиги тўғрисида қарор чиқарган эди.

Озодлик Украинанинг турли шаҳар-минтақаларида Ленин ҳайкаллари қулатилаётгани тўғрисида олдин хабар берган эди.

“Коммунистик ва миллатчи-социалистик (нацист) тоталитар тузумларини қоралаш ва улар рамзларини Украинада тақиқлаш тўғрисида”ги Украина давлат қонуни 2015 йилнинг 9 апрелида қабул қилинган ва май ойида кучга кирган.

XS
SM
MD
LG