Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:56

Ўзбекистон Унгартепа, Қирғизистон Ункуртоғ деб атайдиган ҳудуд яна талашга тушди


Ўзбекистон Унгартепа, Қирғизистон Ункуртоғ деб атайдиган ҳудуддаги ретранслятор станциялари.
Ўзбекистон Унгартепа, Қирғизистон Ункуртоғ деб атайдиган ҳудуддаги ретранслятор станциялари.

Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритгани ортидан Қирғизистон жамоатчилиги икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган Ункуртоғ-Унгартепа ҳудудига ҳам алоҳида этибор қарата бошлади. Мазкур ҳудуддаги Қирғизистонга қарашли телерадио сигналларни тарқатувчи станциянинг бошқа жойга кўчириш тўғрисидаги ҳукумат қарори маҳаллий ҳукумат томонидан Ункуртоғнинг Ўзбекистонга тегишли эканини тан олиш сифатида талқин қилинмоқда.

Қирғизистоннинг Карвон шаҳар кенгаши 23 март куни навбатдан ташқари йиғин ўтказиб, ҳукуматнинг Ункуртоғдаги станцияларни бошқа жойга кўчириш тўғрисидаги кўрсатмасини қўлламаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Шаҳар кенгаши депутатлари ҳукуматнинг бу қарорини “Қирғизистонга тегишли ҳудудни Ўзбекистонгга икки қўллаб тортиқ қилиш” сифатида талқин қилаётирлар.

- Ҳукумат 2015 йил 11 ноябрида протокол имзолаган экан. Бу қарорда “Ўзбекистон ҳудудида турган телестанция кўчирилсин, шаҳар кенгаши бошқа ер берсин”, дейилган. Қарорда у ерни Ўзбекистонники деб ёзишга қандай қўллари борганини мен тушунмаяпман. Ункуртоғдан Ахси, Олабуқа, Қизил-Жар, Карвондаги ҳар бир ҳовли кўринади. Биз бу йиғинда станция кўчирилмаслигини айтиб: “ер берилмасин”, деб қарор қабул қилдик. Биз, агарда ер бериб, альтернатив қўшимча станция қуришга рози бўлсак, ўша ер Ўзбекистонники эканини тан олган бўламиз, - деди Карвон шаҳар кенгаши депутати Эргешали Озокеев.

Карвон шаҳар кенгашининг қароридан сўнг матбуотда ҳукумат Ункуртоғ Ўзбекистон ҳудуди эканини тан олгани тўғрисидаги мақолалар пайдо бўлди ва бунинг ортидан Бишкекда 24 март куни қатор жамоат ташкилотлари норозилик митингги ўтказди.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 24 март куни журналистлар билан учрашувда Ункуртоғ масаласини ҳам тилга олиб, мазкур ҳудуд Ўзбекистонни экани ҳукумат томонидан тан олингани тўғрисида тарқатилган хабарлар ҳақиқатга зид эканини айтди:

“Ҳукуматнинг янги станция қуриш тўғрисидаги қарори жуда тўғри қарор, негаки бу ҳудуд баҳсли ҳисобланади ва албатта, бу ҳудуд бўйича баҳслар давом этади. Ўзбекистон ҳукумати Чаласарт ҳудудига БТР киритди, агар бошқа ҳудудга ҳам киритса нима бўлади? бу ердаги станция сигналини 150 минг одам қабул қилади ва телевизор кўради, мобил телефонлари орқали гаплашади. Шунинг учун сақлангганни Худо ҳам сақлайди, деган гапга амал қилишимиз керак”, деб айтган Атамбаев.

Айни пайтда ҳукуматнинг Чегараларни аниқлаш бўлими раҳбари Қурбанбай Искандаров Ункуртоғ ҳудудини Ўзбекистонга бериш ҳақида ҳеч қандай ҳукумат қарори йўқлигини, бу ер баҳсли ҳудуд деб ҳисобланишини тасдиқлади. Унга кўра, қирғиз томони бир қатор сабаблар билан Ункуртоғдан станцияни кўчиришга тайёр туриши керак.

- Аввало Ункуртоғ Қирғизистонга тегишли эканини исботлашимиз шарт. Ўзбекистон билан музокараларда мана шунга ҳаракат қилаяпмиз. Ункуртоғда бизнинг объект бор. Делимитация ишлари битганидан кейин ер Ўзбекистонники экани исботланса, ўшандагина станцияни кўчириш масаласи кўтарилиши мумкин. Бироқ бу ерда ахборот хавфсизлиги масаласи ҳам бор. Шу сабабли ҳозир биз делимитацияни кутмай, ўша станцияни бошқа ерга кўчириб қўйишимизга тўлиқ имконият бор. Ўзбекистон доимо “мана бу йилдаги ҳужжатлар бўйича ер бизники” деб, шуни ричаг сифатида қўлланаяпти-ку. Шу сабабли биз станцияни кўчириб олиш масаласини қараб чиқаяпмиз. Бу ерда ҳеч қандай сиёсий масала йўқ. Буни сиёсий қуролга айлантирмаслик керак, - дейди Қурбанбай Искандаров.

Қирғизистонда Ункуртоғ масаласи кўтарилиши биланоқ Тошкентдаги ҳукумат томонидан назорат қилинувчи нашрларда бу мавзуга оид мақоллалар ҳам пайдо бўлди. Масалан, 23 март куни podrobno.uz порталида Наманган вилояти Чортоқ тумани ҳокимияти қошидаги кадастр ва ер заҳиралари хизмати раҳбари Абдусамат Исабоев билан суҳбат нашр этилган. Суҳбат давомида расмий Қирғизистон Ункуртоғ, деб атаётган ҳудуд Ўзбекистон ҳужжатларида Унгартепа сифатида қайд этилганини айтган.

“Қирғиз томонинингУнгартепа тўғрисидаги баёнотлари ҳеч қандай асосга эга эмас. Бу ер хатто баҳсли ҳудуд ҳам эмас. Бу аниқ гап. Мазкур тепалик Қирғизистон томони айтаётганидай чегарада жойлашган эмас. Унгартепа Ўзбекистоннинг Наманган вилоятига 800 метр кириб борган”, деб айтган расмий.

Абдусамат Исабоевнинг айтишича, 1925 йилги ҳужжатларда, Ўзбекистон ва Қирғизистон ССР ўртасидаги баҳсли ер ҳудудлари бўйича республикалараро комиссиянинг 1955 йилдаги қарорида, Қирғизистон ССР Олий Советининг 1961 йилдаги “Давлат чегарасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва бошқа кўплаб ҳужжатларда Унгартепа Ўзбекистонга тегишли экани тасдиқланган.

Расмий Бишкек ва Тошкент ўртасида Ункуртоғ масаласи бундан уч йил аввал ҳам кўтарилган. 2013йилнинг 22 сентябрида Ўзбекистон чегарачилари вертолётда телерадио сигналларини тарқатувчи станция ҳудудига кириб келган. Кейинроқ уларни қирғиз томони ортга қайтарган.

Ўшанда Ўзбекистон Қирғизистоннинг антеналари 2007 йилдан бери ноқонуний турганини иддао қилган. Қирғизистон эса жой аниқланмаган ҳудуд эканини, бу масалада ҳукуматлараро комиссия ишлаётганини билдирганди.

Ункуртоғда 1969 йилда қурилган Қирғизистоннинг ретрансляция станция жойлашган. Станция беш телеканал ва беш радиостанцияни ретрансляция қилади. Унда, шунингдек, уяли алоқа компанияларининг сигнал кучайтиргичлари жойлашган. Тоғда Ўзбекистоннинг 1975 йилда қурилган телефон станцияси ҳам бор.

XS
SM
MD
LG