Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:13

Эронда одоб-ахлоқни назорат қилувчи яширин полиция бўлими ташкил этилди


Эронлик полиция ходими кўчада кетаётган аёлга ҳижоби шариатга мувофиқ ўралмагани юзасидан танбеҳ бермоқда.
Эронлик полиция ходими кўчада кетаётган аёлга ҳижоби шариатга мувофиқ ўралмагани юзасидан танбеҳ бермоқда.

Эрон расмийлари мамлакат пойтахтида фуқароларнинг одоб-ахлоқини назорат қилувчи ва қоидаларга риоя қилмаганлар ҳақида расмийларга хабар берувчи махфий полиция бўлимини ташкил этишди.

Теҳрон полицияси етакчиси Ҳусайн Сажединия 7000 га яқин агент “паранжидан нотўғри фойдаланиш, автомобиллар ичида паранжини олиб ташлаш” ҳамда шовқин солиш ва машинани эҳтиётсиз ҳайдаш ҳолларига эътибор қаратишини билдирди.

Mizan Online расмий хабар агентлигига кўра, Сажединия махфий агентлар фуқароларни тўғридан-тўғри огоҳлантирмаслигини айтган: агентлар қоидани бузган шахс машинасининг номерини полиция ходимларига СМС орқали юборишади. Бунинг ортидан полиция ходимлари тегишли чораларни кўришади.

Расмийлар буни очиқчасига айтмаётган бўлса-да, афтидан янги чоралар фақат аёлларга қаратилган.

1979 йилги исломий инқилобдан бери мамлакат расмийлари зўр бериб аҳолини консерватив кийинишга чақириб келади. Аммо қўлга олишлар, жарималар, таҳдидларга қарамасдан кўпчилик эронлик аёллар, хусусан, Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларда яшовчи аёллар кичик қарс, пардоз-андоз, қисқа пальто ва тор шимлардан воз кечмай келади.

2014 йилнинг июнида Эрон парламенти аъзолари “ўта тор леггинслар” муаммосини муҳокама қилган эдилар.

Сажединиянинг эълонини мамлакат ичидаги ва ташидаги эронликлар танқид қилди. Уларга кўра, янги чора ҳукуматнинг фуқаролар ҳаётига аралашишига қаратилган яна бир қадамдир.

Twitter фойдаланувчиларидан бири “Катта ака сени кузатяпти”, деб ёзди.

“Ҳаддан зиёд хавфсизлик хавф келтириши мумкин”, деб ёзди яна бир эронлик.

“Мени Эронни ташлаб этишга мажбур қиладиган ягона нарса ҳижобдир”, деб ёзди теҳронлик бошқа бир аёл.

Mizan Online нашри янги бўлимнинг аъзолари эканлигини айтилаётган шахсларнинг суратларини эълон қилди. Бунинг ортидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Эрон махфий агентларининг сурати Интернетга юкланган ягона давлат эканлигини айтиб, мамлакат расмийларини мазах қилишди.

Айримлар янги полиция бўлимининг яратилиши президент Ҳасан Руҳонийнинг фуқаролар эркинликларини ошириш бўйича берган ваъдаларига зид эканлигини айтишди.

Гулноз Исфандиёрий мақоласи

XS
SM
MD
LG