Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:11

Москвада ўзбек муҳожири маҳаллий миллатчилар ҳужумига учради


Рус ўнг миллатчилари маршда
Рус ўнг миллатчилари маршда

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Москва марказида бир гуруҳ маҳаллий ёшлар томонидан калтакланди. Боши ёрилганини гапирган мигрант у ишлаётган Римская метро бекати атрофида аллақачон бир неча ҳамкасби ҳам ҳужумга учраганини гапириб берди. Охирги пайтларда Россиянинг турли минтақаларида меҳнат муҳожирларига қилинаётган ҳужумлар кўлами кенгаяётгани кузатилмоқда.

Москванинг Таганский туманидаги Римская метро бекати ёнида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири маҳаллий миллатчилар ҳужумига учради.

Ўзини Муҳриддин деб таништирган ишчи йигит ҳодиса ўтган бозор куни содир бўлганини айтиб берди:

- Бозор куни ишдан қайтаётувдим. Римский метро бекати ёнида кечки пайт соат 7-8 ларда бир ўзим кетятувдим. Ошналарим квартирасида қолди, мени квартирам эса узоқроқда. 6-7 рус йигитлари, орасида кичкина-кичкина қизлар ҳам бор. Индамади, савол ҳам бермади, мени кўриб, орқамга ўтиштида, тапур-тупур уриб кетишди. Бошимни тош билан урибми, бир нечта жойидан ёрди. Бир эплаб уйга қочиб келдим, дейди Муҳриддин.

Муҳожир икки кун ишга яроқсиз ҳолатда уйда ётиб даволангани, полиция мурожаат қилишдан наф кўрмаганини гапирди.

- Нарироқда мелисалар ҳам бор эди. Улар қараб туриб, ҳеч бало дегани йўқ! Кўриб туриб келмадию, мен бориб ўтираманми – қочиб кетдим, менга ҳам жон керак. Болнисага бормай уйда ётдим икки кун. Ўша болаларни танийман лекин, ҳар куни кўраман. Улар қолган болларни ҳам уряпти, асосан ўзбекларни. Ёшроқ боллар – 18-19-20 ёшлар атрофидаги боллар. Ураётганида атрофимиздан ўрислар индамай ўтиб кетди, деди ўзбекистонлик муҳожир.

Бу воқеадан кейин Муҳриддин иложи борича бир ўзи кўчада юрмасликка қарор қилгани ва Москвада ишлаётган бошқа юртдошларини эҳтиёт бўлишга чақирди.

Муҳриддин билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам меҳнат муҳожирларига қилинаётган ҳужумлар сони ошиб бораётгани кузатилмоқда.

Тожикистоннинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси Россия Ташқи ишлар вазирлигига тожикистонликларга қилинаётган ҳужумлар юзасидан объектив тергов олиб боришни сўраб, махсус нота юборган эди. Хусусан, элчилик 8 апрел куни Москванинг “Калужская” метро бекатида Тожикистон фуқароси бўлган 38 ёшли Сулаймон Саидовнинг отиб кетилганини алоҳида назоратга олишни сўради.

Сулаймон бу ҳужум оқибатида бошидан яраланди, теккан ўқлардан бири унинг кўзига оғир жароҳат етказди. Озодликка шифохонада берган интервьюсида Сулаймон Саидов ҳужум қилган россиялик Сергей Царёв маст ҳолатда унинг жиянига, кейин унга ҳужум қилганини маълум қилди.

Куни кеча “Тожик меҳнат муҳожирлари” ташкилоти Ханти-Мансийскда 8 апрель куни оғир тан жароҳати олган 23 ёшли тожикистонлик Усмонзода Табарук ҳожи Асрор иши устидан адолатни тергов олиб боришни сўраб, ҳукумат идораларига мурожаат қилди. Иш берувчисидан ўз меҳнат ҳақини талаб қилган бу йигитнинг оғзига номаълум қимсалар аммиак ва сирка қўйиб, куйдириб юборгани маълум.

Шифокорлар оғир ҳолатда реанимацияда қолаётган Асрорнинг жонини сақлаб қолиш имкони деярли қолмаганини маълум қилишди.

Шу кунларни Москва ва Петербургнинг турли жойларида ўқотар қуроллардан отиб кетилган ўзбек муҳожирлари тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG