Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:32

Росавиация расмийлари Қодиров қанотини қайирди


Россия Ҳаво транспорти федерал агентлиги (Росавиация) “Грозний Авиа” ҳаво ширкатининг халқаро рейсларини бекор қилди. Кремлнинг бу қарори Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг таъсирини чеклашга қаратилган навбатдаги қадами ўлароқ баҳоланмоқда.

Агар мазкур қарор бекор қилинмаса, авиаширкат молиявий таназзулга учрашини кутиш мумкин. Хабарларга кўра, “Грозний авиа” охирги марта 2010 йил фойда кўрган. Янги қарор Қодировнинг Грозний аэропортини муҳим транспорт бўғинига айлантиришга қаратилган режаларини чиппакка чиқариши мумкин.

“Грозний Авиа” ширкатига 2007 йил Қодировнинг отаси номи билан аталувчи Аҳмад хожи Қодиров жамғармаси асос солган. Айнан ўша йили Россия президенти Владимир Путин Қодировни Чеченистон етакчиси этиб тайинлаган эди.

Ҳозирда Чеченистон ҳукумати “Грозний Авиа” ширкатининг 99 фоиз акциясига эгалик қилади.

Бошида “Грозний Авиа” Грозний-Москва йўналишидаги рейсни амалга оширган ягона ширкат бўлган. Кейинроқ ширкат Россиянинг бошқа шаҳарларига ҳамда Европа, Туркия, Яқин Шарқ мамлакатларидаги бир қатор шаҳарга рейсларни йўлга қўйган.

Афтидан, “Грозний Авиа” чипталар нархини иложи борича қиммат қилган бўлса-да, ўз инфратузилмасига сармоя ётқизишга шошилмаган. Ширкатда бор-йўғи саккизта совет даврида ишлаб чиқарилган ЯК-42 учоғи бор холос.

Хабарларга кўра, “Грозний Авиа”нинг халқаро рейслар учун лицензиясининг тўхтатилишига ширкат 14 апрель куни эълон қилган билдирув сабаб бўлган. Кузатувчилар аслида бу қарор Қодировни жиловлашни ва унинг шахсий армиясини янги тузилган Миллий гвардияга бўйсундиришни кўзлашини айтишмоқда.

Путин март охирида президентлик муддати тугаб бораётган Қодиров билан учрашиб, уни Чеченистон давлатининг амалдаги бошчиси этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади ҳамда унга сентябрда бўлиб ўтадиган cайловда иштирок этишига изн берди. Аммо бир вақтнинг ўзида Путин Қодировни “республиканинг бўлажак лидери ўлароқ, ҳаётимизнинг барча соҳасида – бунга урғу бериб айтяпман – барча соҳасида Россия қонунларига амал қилинишига эришиш учун тегишли чораларни кўришингиз керак”, сўзлари билан огоҳлантирди.

Икки ҳафта аввал Путин россияликлар билан жонли мулоқоти давомида Қодировнинг мухолифатчи сиёсатчиларга солган таҳдидларини қоралади. Қодиров мухолифатчиларни “сотқин” ва “халқ душмани” деб атайди ва уларга таҳдид қилиб келади. Мулоқот пайтида Путин Қодировни ўз вақтида жиловлашга эътибор бермаганини тан олиб, Россия Федерацияси таркибига кирувчи республикалар етакчиларини сиёсий барқарорликка путур етказмасликка чақирди.

XS
SM
MD
LG