Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:52

Истанбулда 98 уйғур қалбаки қирғиз паспорти билан қўлга олинди


Уйғурлар қирғиз паспортларини 2500 евродан сотиб олгани айтилмоқда.
Уйғурлар қирғиз паспортларини 2500 евродан сотиб олгани айтилмоқда.

Туркиянинг Истанбул шаҳри аэропортида Саудия Арабистонига учишга ҳозирланаётган 98 нафар хитойлик уйғур қалбаки қирғиз паспортлари билан қўлга олинди. Айни пайтда ўзбекистонликлар орасида ҳам қирғиз паспортига "талаб катта" экани кузатилади.

Туркиядаги Нurriyet нашрининг хабар беришича, уйғурлар 16 май куни Урумчидан Истанбулга учиб келишган.

Хабарда айтилишича, уйғурлар Истанбулнинг "Ота Турк" аэропортида Шимолий Кипрга билет сотиб олиб, паспорт назоратидан транзит ҳудудга ўтишган. Аэропортнинг транзит ҳудудида эса уларни тўрт одам кутиб олган ҳамда қалбаки паспортларни ва Саудия Арабистонига билетларни уларга топширган.

Уйғурлар қалбаки паспортлар билан Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига парвоз қилувчи самолётга чиқмоқчи бўлаётган пайтда қўлга олинган. уйғурлар билан биргаликда уларга қалбаки паспортларни сотган тўрт одам ҳам қўлга олингани хабар қилинди.

“Уйғурлар ҳар бир қалбаки паспорт учун 2500 евро ва билетлар учун 300 евродан пул тўлаган”, деб хабар берди Нurriyet нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таянган ҳолда.

Тергов ишлари якунланганидан сўнг уйғурлар Хитойга депортация қилиниши билдирилди.

Туркия расмийлари ҳозирча уйғурларга Қирғизистон қалбаки паспортларини сотган шахсларнинг исмлари ва уларнинг фуқаровий мансублигини эълон қилгани йўқ. Айни пайтда қалбаки паспортлар қаерда тайёрлангани ўрганилмоқда.

Қирғизистон паспортларига нафақат уйғурлар, балки минтақанинг бошқа мамлакатлари фуқаролари орасида ҳам “талаб катта”лиги кузатиб келинади.

Масалан, 2015 йилнинг мартида Истанбулда ўлдириб кетилган тожик мухолифатчиси Умарали Қувватов Туркияга ноқонуний олинган қирғиз паспорти билан киргани маълум бўлгач, бу масалада текширув бошланган эди. Бироқ шу кунгача текширув натижалари ҳақида жамоатчиликка маълумот берилган эмас.

2013 йилда эса Қирғизистон расмийлари қувғиндаги таниқли қозоқ миллионери ва Қозоғистон президенти Назарбоевнинг ашаддий танқидчиси Мухтар Аблязовга Қирғизистон фуқароси паспорти қандай қилиб берилгани юзасидан текширув ўткизган эди.

Қирғизистон парламенти халқаро масалалар қўмитасининг 2013 йил 4 март кунги йиғилишида депутат Ирғал Қадиралиев ўзбекистонлик 22 нафар аёл Қирғизистон паспорти билан қўлга олинганини айтган эди.

- Ўзбекистонда 35 ёшгача бўлган аёлларнинг хорижга чиқишига чеклов амал қилмоқда. Шунинг учун улар Қирғизистонга келиб, паспорт олиб, бошқа мамлакатларга чиқиб кетмоқда, - деган эди ўшанда Ирғал Қадиралиева.

Россияда ишга ўрнашмоқчи бўлган ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам Қирғизистон паспортини олаётгани ҳақида бир неча йиллардан бери кўплаб нашрлар хабар бериб келмоқда.

Қирғиз паспортига бундай талаб қирғизистонликларнинг Россияда ишга ўрнашиши осонлиги ва Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилганидан сўнг қирғиз муҳожирларига бир қатор имтиёзлар берилгани билан боғлиқдир.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2014 йилдан буён 40 минга яқин одамга ноқонуний паспорт берилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги аввалроқ фуқаролар исм-фамилиясини ўзгартириб, ноқонуний паспорт олиш учун 200 доллардан 1500 долларгача пора таклиф қилишини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG