Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:08

Россия Маданият вазирига осиёча қиёфа ёқмади


Владимир Мединский
Владимир Мединский

Россия Маданият вазири Владимир Мединский замонавий рус мультипликация фильмларида "миллий колорит йўқлиги"дан арз қилди.

У бу мультфильмларда "ҳатто болачалар осиёлик кўринишда" эканидан хавотир билдирди.

Россия маданият йўлбошчисининг “рус мультфильмлари кўриниши” тўғрисидаги очиқчасига ирқчилик бу чиқиши, айниқса, Ёқутистон аҳолиси ғазабини келтирди.

Ўзини россиялик ҳисоблаётган ёқут фуқаролари Мединскийга атаб “Биз осиёлик юзимиз учун эмас, сиз учун уятдамиз” видеомурожаатини ҳозирладилар.

Россия Маданият вазири Владимир Мединский Россия мультипликациясидаги осиёликлар қиёфасига қарши экани тўғрисида куни кеча Петербургда якунланган Халқаро иқтисодий форумда баён қилди.

У замонавий рус мультфильмларида “русларга оид” ҳеч вақо йўқлигидан қайғураётганини билдириб, деди:

- Агар бу мультфильмларни инглиз тилига ўгирсак, улар Хитой студиялари маҳсулотларидан ҳеч нарса билан фарқ қилмай қолади.У ерда ҳатто болалар юзлари осиёча, космополитик! деди уялмай-нетмай Владимир Мединский.

Маданият вазири вазирлик фақат ва фақат “ҳақиқий рус мультфильмларига” моддий кўмак беришга тайёр эканини маълум қилди.

- Биз Россия Федерацияси Маданият вазирлиги. Агарда сиз Жончиклар, Пончиклар ёки Мэри қизалоқлар ҳақида фильм олмоқчи бўлсангиз, марҳамат – навбат охирига туринг, дея қўшимча қилди вазир жаноблари.

Юқори лавозимли амалдорнинг бундай чиқишидан сўнг, Россиянинг Ёқутистони фуқаролари Мединскийни истеъфога чиқариш талаби билан чиқди.

“Дождь” телеканали ёқутистонликларинг Владимир Мединскийга ҳозирлаган махсус видеомурожаатини намойиш қилди.

- Мен чуқур афсусдаман, ва мен ўзим учун, юзим осиёча бўлгани учун афсусда эмасман, мен сиз учун уятдаман. Чунки сиз Россияда яшовчиларни осиёлик ва осиёлик бўлмаганларга ажратасиз, деди Мединскийга қарата якутсклик Наталья Лопатина.

Яна бир ёқут фуқароси Георгий Николаев “осиёлик кўринишда бўлганлар ҳақида нафақат Россияда, балки бутун дунёда билишларини” исташини айтди.

- Мен ўртаҳол россияликнинг типик космополитик кўринишига эгаман, бизда худди шундай чеҳрага эга истеъдодли болаларимиз жуда кўп, деди у.

Ижтимоий тармоқларда эса “бундай ҳодиса чет элда аллақачон вазирнинг истеъфоси билан якунланиши мумкинлигини” баҳси қизиб бормоқда.

Айни пайтда, Ёқутистон Республикаси Маданият ва маънавий тараққиёт вазири Владимир Тихонов ўз бошлиғини ҳимоялаб, “унинг сўзлари нотўғри тушунилгани”ни гапирди.

Умуман олганда, Мединский чиқишлари билан биринчи маротаба ўзига эътибор қаратаётгани йўқ.

2012 йилда Владимир Мединский интервьюларидан бирида “русларда ортиқча битта хромосома мавжуд”лиги тўғрисида маълумот бериб, кўпни кўрган генетикларни ҳам лол қолдирган эди. Чунки олимлар ортиқча битта хромосома Даун синдроми белгиси эканидан огоҳлантириб келади.

Шунингдек, Россия Маданият вазири чиқишларини ҳар сафар орзиқиб кутаётган журналистлар Мединский рим рақамларини ўқиёлмаслиги аниқлаган.

2013 йилда у ҳанузгача аниқланмаган ва бунгача 5 йил давомида катта маблағ ажратиб келинган “Қуён фалсафаси” илмий анжуманига бошқа пул берилмаслигини билдиргани олимлар ғазабини келтирган эди: Владимир Мединский бу анжуман иштирокчиларига ҳар йили ҳатто шахсий табрикларини юбориб тургани маълум бўлди.

Петербургдаги Юридик форумда у янги тайинланган Новосибирск опера театри директори Владимир Кехманни “кана” деб атаган эди.

2014 йилнинг декабрида Владимир Мединский “Рашка-говняшка” тарзида фильмлар олаётган режиссёрларни танқид остига олган эди. Кейинроқ у “Рашка-говняшка” сўзи учун кечирим сўраб, бироқ айтганидан тонмаганини билдирганди.

XS
SM
MD
LG