Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:06

Россияда Путинга ишонувчилар сони камаймоқда


Россияда президент Владимир Путинга ишонувчи россияликлар сони охирги бир ой давомида 2 фоизга камайди, бироқ унинг сиёсатини қўллаб-қувватловчилар 1 фоизга ошди. Россиянинг “Левада” ижтимоий сўров маркази олиб борган бу тадқиқот натижаларига кўра, Россия ҳукумати ва парламенти ишини мамлакатнинг деярли ярим аҳолиси маъқул деб топмаган.

“Левада” ижтимоий сўров маркази Россия аҳолиси орасида ўз тадқиқотларни олиб боришни давом эттирмоқда.

Марказнинг “Маъқуллаш ва ишонч июнь рейтинглари” номи остида эълон қилинган сўровига кўра, ўтган бир йил давомида Владимир Путин рейтинги 89 дан 81 фоизга тушиб қолган.

Умуман олганда, йил бошидан буён Владимир Путиннинг аҳоли орасидаги нуфузи 80 ва 82 фоиз орасида силжиб юргани қайд этилди.

Шундай қилиб, 2016 йилнинг июнь ойида Владимир Путиннинг президентлик курсисидаги фаолиятини 81 фоиз россиялик маъқуллади ва 18 фоизи ундан норози эканини билдирди. Бош вазир Дмитрий Медведевнинг ҳукуматни бошқара олишига эса 51 фоиз Россия фуқароси ижобий баҳо қўйди (48 фоиз одам Медведев фаолиятидан норози эканини қайд этди), ваҳоланки ўтган май ойида бу кўрсаткич 54-ни ташкил этган эди.

Сўровда иштирок этганларнинг деярли ярмиси -51 фоизи – федерал ҳукумат фаолиятини салбий баҳолади. “Қутурган принтер” номи билан аҳоли орасида ном олган ҳозирги Давлат Думаси ишини 57 фоиз одам ёмон деб топди.

Шунингдек, респондентларга Россия жамоатчилик фаоллари ва сиёсатчиларига бўлган ўз ишончи даражасини ҳам баҳолаш таклиф этилди. Биринчи ўринга кутилганидек 51 фоиз билан Владимир Путин чиқди. Бироқ, Россия президентига май оийда ишонч билдирганлар сони 53 фоизни кўрсатгани қайдга олинган эди.

Ишонч нуқтайи назаридан кейинги ўринларни Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Бош вазир Дмитрий Медведев, ЛДПР лидери Владимир Жириновский ва коммунистлар дохийси Геннадий Зюгановлар эгалладилар.

Социологлар ҳоқимият тепасида 1999 йилдан буён қолаётган Владимир Путин рейтингининг юқори нуқтаси Қримнинг Россия томонидан ишғол этилган 2014 йилнинг баҳорига тўғри келганини қайд этганди. 2015 йилнинг октябрида Россия президенти рейтинги кўрсаткичи Россиянинг Сурияда бошлаган ҳаво-ҳарбий амалиётлари давомида 89,9 фоизга чиққани экспертлар томонидан қайдга олингани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Мазкур сўров жорий йилнинг 23-27 июнь кунлари Россиянинг 48 минтақасида ва 137 аҳоли пунктида 1600 респондент орасида ўтказилди.

XS
SM
MD
LG