Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:44

Ўзбек жангарилари Туркманистон яқинидаги туманга ҳамла қилди


Жавзжон вилоятида толибларга қарши жанг қилаётган кўнгиллилар
Жавзжон вилоятида толибларга қарши жанг қилаётган кўнгиллилар

Афғонистон шимолидаги Туркманистон билан чегарадош Жаузжон вилояти расмийларига кўра, ўзбекистонлик жангарилар етакчилигидаги 500га яқин толиблар вилоят жанубидаги Қўш Тепа туманига ҳамла қилганлар. Вилоят ҳокими Озодлик билан суҳбатда ҳозирда туманнинг турли ҳудудларида жангарилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида "беш кундан буён кучли тўқнашувлар" бораётганини айтди.

Унинг маълум қилишича, тўқнашувларда толиблардан 20дан зиёд ва ҳукумат кучларидан уч киши ҳалок бўлган.

Ўзбекистонлик жангарилар бошлиқ толиблар ҳужуми бошланишидан бир кун ўтиб Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши президент Ислом Каримов раислигида Афғонистон билан чегарадош ҳудудлардаги вазиятни муҳокама қилган эди.

Термизий гуруҳи

Жаузжон вилояти ҳокими Раҳматуллоҳ Азизийнинг Озодликка айтишича, 500га яқин Толибон жангарилари вилоят марказидан 100 километр жанубда жойлашган Қўш Тепа туманига 26 июль оқшомида уч тарафдан ҳамла қилганлар.

У жангарилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги жанглар шиддати пасаймаганини айтди.

Раҳматуллоҳ Азизий сўзларига кўра, ҳукумат кучларига АҚШ бошчилигидаги иттифоқчи кучлар ҳаводан дастак бермоқда.

Бироқ, унинг эътироф этишича, жангариларни қишлоқлардан тозалаш амалиёти секин бормоқда зеро ҳукумат қўшинлари тинч аҳоли орасида талафотлар бўлишини истамайди.

Раҳматуллоҳ Азизийга кўра, жангариларга "ўн нафар атрофида" ўзбекистонлик етакчилик қилмоқда.

У шунингдек жангарилар сафида покистонлик ва маҳаллий толиблар борлигини билдирди.

Аммо, Қўш Тепа туманидаги арбакийлар (Озодлик изоҳи: ҳукумат сафларида жанг қилаётган кўнгилли ярим ҳарбийлар) қўмондони Ҳожи Убайдуллоҳ Озодлик билан суҳбатда толибон сафларидаги ўзбекистонлик жангчилар адади 50 нафар атрофида эканини айтди.

Унинг айтишича, маҳаллий аҳоли орасида ўзбек жангарилари "Термизий гуруҳи" номи билан танилган.

Афғонистонлик кузатувчиларга кўра, "Термизий гуруҳи" жангарилари "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" қолдиқлари бўлиши мумкин.

Афғон расмийлари Қўш Тепа Жаужзон вилоятидаги овлоқ туман ҳисобланса-да, стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга эканини айтадилар.

Ушбу туман Жаузжон, Фарёб ва Сари Пул вилоятлари туташган ҳудудда жойлашган.

Ўзбекистон жанубий сарҳадлари

Афғонистон шимолида жангариларнинг фаоллашуви Ўзбекистон ҳукумати мамлакат жанубий сарҳадларида "хавфсизликни таъминлаш, таҳдид ва хавф -хатарларни бартараф этиш"га жиддий эътибор қаратаётган бир паллага тўғри келмоқда.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши мамлакат раҳбари Ислом Каримов раислигида 27 июль куни жанубий чегаралардаги вазиятни муҳокама қилганди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, Хавфсизлик кенгаши мажлисида “мамлакатнинг жанубий сарҳадларида хавфсизликни таъминлаш, таҳдид ва хавф-хатарларни бартараф этиш, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда минтақадаги қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилган”.

Айтилишича, мажлисда ҳукумат ва тегишли идоралар раҳбарлари иштирок этган.

Ўзбекистоннинг жанубдаги қўшниси Афғонистон бўлиб, 137 километрга чўзилган чегара Амударё бўйлаб ўтади.

XS
SM
MD
LG