Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:05

Россия Туркия мева-сабзавотига ўз эшигини қайта очади. Ўзбекники нима бўлади?


Россия турк маҳсулотларига бўлган барча тақиқларни бекор қилади. Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин куни кеча Туркия президенти Ражап Таййип Эрдўғон билан бўлган учрашув чоғида шундай баёнот берган.

Россия Туркия маҳсулотларига чекловларни олиб ташлайди

Россия президенти Владимир Путин Туркиядан келаётган маҳсулотлар эмбаргосини бекор қилади.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлининг чоршанба кунги баёнотига кўра, бундай ваъдалар Россия президенти Владимир Путин томонидан 9 август куни Санкт-Петербургда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашуви давомида берилган.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг илиқланиши жараёнида озиқ-овқат маҳсулотлари эмбаргосининг бекор қилишини борасида бундан олдинроқ Россия Иқтисодий тараққиёти вазирлиги раҳбари Алексей Улюкаев ҳам сўз юритган эди. У чекловлар 2016 йил охирларига қадар олиб ташланиши мумкинлигидан гапирганди.

Июль охирларида вазир Улюкаев Россия энг аввало ўз товарларининг Туркияга экспортида вужудга келган “айрим масалаларни” бартараф этиши зарурлигини билдирганди.

Шунингдек, вазир Чавушўғли Москва ва Анқара ўртасида “Турк оқими” газ қувури лойиҳаси юзасидан қўшимча шартномалар имзоланиши мумкинлиги ва қувур қурилиши давом этишини ҳам очиқлади.

Туркия Ташқи ишлар вазири Туркия ва Россия ўртасида яхшиланиб бораётган муносабатлар натижасида “Сурия инқирози масаласида ҳам ечим топиш учун кучли механизмлар ишга туширилаётгани”ни ҳам айтиб ўтди. Бу масалада шу кунларда Россияга Туркия Ташқи ишлар, Мудофаа вазирликлари, махфий хизматлар расмийлари етиб келиши кутилмоқда.

Петербургдаги учрашув олдидан Ражаб Тоййиб Эрдўғон ТАССга берган интервьюсида “менинг дўстим Владимир Путин билан бўлажак тарихий учрашувда икки томонлама муносабатларда янги зарварақлар очилади”, дея учрашувни баҳолаган эди.

Кузатувчилар бу икки давлатнинг яна “дўстлашиши” Ғарб мамлакатлари ва АҚШ билан алоқалар ёмонлашиб бораётган бир даврга тўғри келаётганига эътибор қаратмоқда.

Россияда ўзбек мева-сабзавотига талаб камаядими?

Хўш, Туркия-Россия алоқаларининг қайта тикланиши ҳамда ўзаро иқтисодий эмбаргонинг бекор қилиниши охирги ярим йилда Ўзбекистондан Россияга келаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг камайишига олиб келмайдими? Икки йирик давлатнинг ўзаро муносабат тиклаши Марказий Осиё давлатларига таъсири қандай бўлади?

Бу саволлар билан Озодлик Москва Давлат халқаро муносабатлар институтининг Марказий Осиё бўйича эксперти Леонид Гусевга юзланди. Мутахассис “муносабатларни бузиш осон – тиклаш қийин”, дея сўз бошлади.

- Икки томон алоқалари шунча ойлар давомида ўзилган ҳолда эди ва уларни тезда тиклаш мумкин бўлсада, тўлиқ тиклаш учун муайян шароитлар яратилиши керак. Мен ҳозир аниқ биламанки, биринчи навбатда иқтисодий муносабатлар ва импорт-экспорт масалалари бўйича борди-келди бошланади. Аммо туризм масаласида ҳозирча бирор силжиш кўрмаяпман. Қанча вақт кетади икки давлат яна ярим йил-бир йил олдинги алоқалар даражасига етиши учун? Ким билсин... Ўзиш осон, тиклаш доимо қийин бўлган, деди иқтисодчи-олим.

Суҳбатдошнинг фикрича, яқин келажакда икки давлат ўртасида бироз ўзаро ишончсизлик аломатлари сақланиб қолади.

Леонид Гусев Анқара-Москва муносабатларининг кейинги ривожи АҚШда ҳокимият тепасига ким келишига ҳам боғлиқ эканига эътиборимизни қаратди.

Унинг фикрича, Туркияга дарвозанинг очилиши Ўзбекистондан етказиб келинаётган сабзавот ва мевага бўлган талабни кескин камайтирсада, вазиятга жиддий таъсир ўтказмаслигини айтади.

- Албатта, биз ҳам нарх-навонинг ошмаслигини истардик. Лекин ҳаммаси жорий вазиятга боғланиб қолмоқда. Бор-йўғини нефт ва газ белгилаб берувчи мамлакатлар қаторига нафақат Россия, балки Ўзбекистон ҳам киради! Бу минтақанинг қолган давлатлари – Туркманистон, Қозоғистон, Озарбайжонлар иқтисодиёти ҳам нефтдолларнинг сакраб тушишига қараб қолганини унутманг. Шу сабабли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўпроқ ёки камроқ экспорт-импорт қилиниши юқорида тилга олинган давлатлардаги вазиятни жиддий ўзгартира олишига кўзим етмаяпти. Қолаверса, икки давлат ўртасидаги бу ваъдалар ҳозирча фақат оғизда - уни амалга кўчишига анча бор, деди Леонид Гусев.

Айни пайтда, Россия президенти Туркиядан ўз сайёҳлари хавфсизлиги борасида кафолатлар олгани, яқин орада икки давлат ўртасида чартер ҳаво рейслари қайта тикланишини маълум қилди.

Икки мамлакат ўртасидаги озиқ-овқат эмбаргоси Россия президенти қарори билан 2015 йилнинг 28 ноябрида киритилган.

Суриядаги ҳарбий ҳаво ҳужумларида қатнашаётган Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғининг уриб туширилиши ортидан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашганди.

XS
SM
MD
LG