Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:41

Москва полицияси: Ўзбек муҳожири "Тез ёрдам" ҳайдовчисини пичоқлаб қўйди


 Айбланувчи сўроқ давомида
Айбланувчи сўроқ давомида

Москвада тиши оғриб қолган андижонлик муҳожир “Тез ёрдам” машинаси ҳайдовчисини пичоқлаб қўйганликда айбланмоқда. Полицияга ўзбек муҳожири "ҳайдовчидан, шунчаки, таблетка сўраганман” деган.

Россия Тергов қўмитаси Москванинг ғарбида “Тез ёрдам” машинаси ҳайдовчисига пичоқ билан ташланган 30 яшар ўзбекистонликка устидан жиноят иши очди.

Ҳодиса 16 август тонг саҳар, соат 3:30 ларда Москванинг Веерная кўчасида содир бўлди.

Москва шаҳрининг Очаково-Матвеевское туман полиция бўлимига маст ҳолатда келтирилган бу шахс ҳайдовчидан тиш оғриққа дори сўрагани ва рад жавобини олгач, унинг кўкрагина икки марта пичоқ урганини билдиришди.

- Бу жиноятни содир этганликда гумонланиб ҳодиса жойида 30 яшар Ўзбекистон ватандоши ҳибсга олинди. У ҳайдовчидан оғриқни босувчи укол қилишни сўраган ва ҳайдовчининг кўкрагига пичоқ билан урган. Жабрланувчи дарҳол рация орқали ёрдам чақиртирди. У шаҳар клиника шифохоналаридан бирига олиб кетилди. Жиноят қуроли мусодара қилинди, гумонланувчи ҳибсга олинди, деди ўзини таништирмаган Очаково-Матвеевское туман полиция навбатчиси.

Шифохонада 54 ёшли жабрдийда Алексей Макаревскийга жарроҳлик операцияси қилинди. Қизиғи, Макаревский ҳайдовчиликка ишга киришдан олдин ўзи 20 йил полицияда хизмат қилиб, нафақага чиққани маълум бўлди.

Ҳайдовчини даволаётган Боткин шифохонаси врачи ҳозир унинг ҳаётига хавф йўқлигини билдириб, деди:

- Пациент ўрта оғир аҳволда келтирилди. У пичоқланган экан. Зарурий муолажанинг барчаси қилинди. Пичоқ қорнини тешиб ўтиб, ички органларга бироз зарар етказган экан, деди жарроҳ Владимир Бердин.

Андижон шаҳридан экани айтилган 30 яшар муҳожир “Қасддан оғир тан жароҳати етказиш” моддаси асосида жавобгарликка тортилди.

Айни пайтда, рус оммавий ахборот воситаларида “Маст ҳолатда бўлган наркоман “тез ёрдам” ҳайдовчисини пичоқлади” қабилидаги хабарлар тезлик билан тарқатилди. Москва шаҳар полицияси ўзбек муҳожири наркоман эмаслиги, у шунчаки маст ҳолатда бўлганини маълум қилишди.

Исми ошкор этилмаётган ўзбекистонлик Москвада охирги икки йилда квартира ремонти билан шуғулланиб келгани, бундан олдин бирор марта ҳам полиция билан муаммо бўлмаганини маълум қилди.

У ҳодисадан олдинроқ синфдош ўртоқлари билан спиртли ичимлик ичиб, ўта маст бўлганини терговчиларга гапириб берди.

- Кунцевская метро олдида ўртоқларим билан учрашиб, ароқ, пиво, коктейл ичиб ўтирдик. Учрашувимизни ювдик. Жуда маст бўлиб қолдим. Соат 1:30 ларда у ердан чиқиб, пулим йўқлиги сабабли уйга пиёда кетдим. Бирдан тишим оғриб қолди, йўлда турган “Тез ёрдам”ни кўриб қолдим. Ҳайдовчидан дори сўрадим, жанжаллашиб қолдик. Қаердан пайдо бўлган ножовка билан бироз тирнаб қўйибман... Мен қочиб кетганим йўқ, нарироқда турган бошқа “Тез ёрдам” машинасини ўзим чақиртириб келдим. Кейин мени ходимларингиз ўша ерда ҳибсга олишди, дея тафсилотларни гапириб берди ўзбек муҳожири.

Жиноятда айбланувчи йигит Ўзбекистонда ҳомиладор аёли қолганини ҳам айтди.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳодиса жойида тасвирга олинган кузатув камераларидан ёзувларни Озодликка тақдим этди. Унда жиноятнинг ўзини акс эттирувчи кадрлар йўқ бўлсада, спорт кийимида бўлган ўзбекистонлик йигитнинг яраланган ҳайдовчи олдига бошқа шифокорларни чақиртириб келаётганини кўриш мумкин.

Ҳодиса жойига етиб келган врачлар муҳожирга тиш оғриғини қолдирувчи Кетонал препаратини бергани ва оғриқ қолгани ҳам маълум қилинди.

XS
SM
MD
LG