Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:03

Косонсойда ўқ отилди, ўзбекистонлик милиционер Қирғизистонда ҳибс қилинди


Ўзбек-қирғиз чегарасидаги Косонсой сув омбори ҳудудида 18 августга ўтар кечаси ўқ отилди. Бир неча кун аввал айни шу ҳудудда Косонсой туман Ички ишлар бўлими милиционерининг Қирғизистон кучишлатар тизими ходимлари томонидан “ноқонуний қурол олиб юриш”да айбланиб қўлга олингани айтилмоқда.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Жениш Раззаковнинг маҳаллий матбуотга билдиришича¸ 17 август куни соат 22 лар чамасида номаълум шахслар Ўзбекистон томондан Қирғизистон чегарасига яқинлашган ва қирғиз чегарачилари уларни тўхтатиш учун огоҳлантирув ўти очишга мажбур бўлган.

Бишкек расмийси бу воқеани Ўзбекистон фойдаланиб келаётган Косонсой сув омборига яқин ҳудудда отишма бўлди¸ деб талқин этишга асос йўқлигини таъкидлади:

“Улар чегарачиларнинг ортга қайтиш тўғрисидаги талабларига бўйсунмаган. Шундан сўнг қирғиз чегарачилари осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ отган. Ўқ отилгач, номаълум шахслар қочиб кетган. Уларни қувиб етиш ва қўлга олиш имкони бўлмаган. Отишма бўлгани тўғрисидаги хабар эса ҳақиқатга тўғри келмайди”, деди Жениш Раззаков.

Бош вазир ўринбосари ҳозир Косонсой сув омбори ва унинг атрофидаги чегара ҳудудида вазият тинч эканини қўшимча қилди.

Бу сўнгги бир неча кун ичида Косонсой сув омбори атрофида юз берган иккинчи ҳодиса бўлди. Бундан аввалроқ, 13 август куни мазкур ҳудудда Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Косонсой тумани Ички ишлар бошқармаси милиционери қирғиз кучишлатар тузилмалари томонидан қўлга олинган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳозирча бу маълумотни расман тасдиқлашдан тийилмоқда. Бироқ Озодлик радиосининг Ички ишлар вазирлигидаги ишончли манбаси, ўзбек милиционери Косонсой сув омборининг ўзбекистонликлар ҳаракатланиши мумкин бўлган ҳудудидан чиқиб, Қирғизистон чегарасини ноқонуний бузиб ўтган пайтда қўлга олинганини айтди.

“Қўлга олинган одам милиционер кийимида эмас эди.У қўлга олиниб, текширилганида, унинг ёнидан жанговар тўппонча топилган. У Қирғизистоннинг Олабуқа туман милицияси тергов изоляторида сақланмоқда. Бу одамни Ўзбекистонга топшириш тўғрисида музокаралар ўтказилаяпти”, деди манба.

Косонсой туман Ички ишлар бўлими ва Наманган вилоят Ички ишлар бошқармаси вакиллари Озодлик мухбири билан суҳбатда ўзбекистонлик милиционер қўлга олингани тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтиш билан чекландилар.

Косонсой туман Ички ишлар бўлимининг Озодлик суҳбатлашган ходимларидан бири бу маълумотни рад этмаган ҳолда: “Бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бизда берилмайди”, деб маълум қилди.

17 август куни кечқурун Ўзбекистондаги айрим интернет нашрларида Қирғизистон спецнази 13 август куни ўзбек-қирғиз чегарасининг “Дамба-5” деб аталувчи ҳудудида Косонсой сув омборини қўриқлаётган милиция ходимларига қурол билан таҳдид қилгани тўғрисидаги хабар пайдо бўлди. Мазкур хабарда спецназчилар ўзбек милиционерларидан бирини асир олиб, Қирғизистонга олиб кетгани хабар қилинди.

“Қирғизистон ҳарбийлари сув омбори Қирғизистонга тегишли деб, унинг ҳудудига ўтишга интилган. Милиция ходимларидан рад жавоби олгач, милиционерларни қўрқитиш мақсадида автоматдан ерга ўқ узган”, дейилади жумладан ўзбек нашрлари "ўз манбаларига таяниб" тарқатган хабарда.

Қирғизистон Қуролли кучлари бош штаби, Чегара хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ўзбек-қирғиз чегарасининг Косонсой ҳудудидан ўтувчи қисмида бундай воқеа бўлганини инкор этди ва бу хабарларни "дезинформация" деб баҳолади.

XS
SM
MD
LG