Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:40

ВИДЕО: Харьковда Россия жосуси сифатида гумонланган ўзбекистонлик ушланди


19 сентябрь куни, Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Харьков вилоятида жосусликда гумон қилиб, Ўзбекистон ватандошини қўлга олди. Давлат Чегара хизмати ўзбекистонлик “Плетенёвка” назорат пункти борасида махфий техника ёрдамида маълумот йиғишга Россия томонидан жўнатилганини иддао қилмоқда. Ўзбек муҳожири яшаш муддатини бузгани учун Россия миграция идораси томонидан ушлангани маълум бўлди.

Жорий йилнинг 19 сентябрида Украина-Россия чегарасида кўйлак тугмасига айғоқчилик камерасини ўрнатиб, маълумот йиққанликда гумонланган 1991 йилда туғилган ўзбекистонлик қўлга олинди.

Украина Давлат чегара хизматида Озодлик сўровига ўзбекистонлик йигит Харьков вилоятининг “Плетенёвка” назорат масканида жосуслик техникаси билан қўлга туширилганини тасдиқлашди.

Тугмага ўрнатилган видеокамера
Тугмага ўрнатилган видеокамера

Украина Давлат чегара хизмати маъмурияти расмийси Андрей Демченко Озодликка Ўзбекистон ватандоши хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тунда чегарани Россиядан Украинага назорат пункти орқали кесиб ўтаётганида ҳибсга олинганини билдирди:

- У 19 сентябрь куни ушланди, Ўзбекистон ватандоши экан. У Украина Хавфсизлик хизмати ходимларига топширилди ва тафсилотлар улар томонидан ҳозир ўрганилмоқда. Чегарачилар уни кўздан кечираётган пайтда тугмасидан айбланувчининг чўнтагида жойлашган махфий камерага сим тортилганини кўриб қолган. Бошқа чўнтагида овоз ёзиш ускунаси ҳам аниқланди,- деди Андрей Демченко.

Украина махфий хизмати Youtube порталида эълон қилган видеода қорачадан келган йигитнинг чўнтакларидан турли видео ва аудиомосламалардан ташқари, ўзбек паспорти ҳам чиқарганини кўриш мумкин.

(Видео СБУ матбуот хизмати томонидан тақдим этилди)

Украина Давлат чегара хизмати бошлиғи муовини Олег Слободян ушланган 25 яшар ўзбек муҳожири биринчи сўроқ вақтидаёқ Россия томонидан жўнатилганини айтиб берганини ўзининг Фейсбук саҳифасида очиқлади:

Дастлабки сўроқ пайтида хорижлик видео ва аудио мосламалар унга Россия миграция хизмати ходимлари томонидан берилганини тасдиқлади. У Россия Федерация ҳудудида қайдга туриш муддатини ўтказиб юборгани учун ушлангани маълум қилинди”, деб ёзди Олег Слободян.

Қўлга олинган шахс Россия миграция хизматида унга гўё кирди-чиқди учун Украина чегарасига бориб, жосуслик мақсадларида видео ва аудиоёзувларни олиб бориш буюрилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бунинг эвазига миграция идораси унинг қонунбузарлигига “кўз юмишга” ваъдалар берган.

Тугмадан тортилган сим чегарачилар эътиборини ўзига тортган
Тугмадан тортилган сим чегарачилар эътиборини ўзига тортган

Украина Давлат чегара хизмати вакили Андрей Демченко ўзбек муҳожирининг Украинага ўтиш сабаблари ва айнан қайси объектлар у томонидан видеога олиниши зарурлиги ҳозирда тартиб посбонлари томонидан ўрганилмоқда, деди.

Жосусликда гумонланаётган ўзбекистонлик йигит Украина Хавфсизлик хизмати ходимларига топширилгани айтилди.

Украина Чегара хизмати вакили Олег Слободян “четдан одамларни айғоқчиликка юбориш” Россия фсбчиларининг одатий иш услуби эканини таъкидлади.

СБУ мусодара қилган жосуслик видеокамераси
СБУ мусодара қилган жосуслик видеокамераси

“Плетенёвкада” ушланган ўзбекистонлик Россия-Украина можаросининг биринчи қурбони эмаслигини қўшимча қилиш жоиз.

2016 йилнинг 16 августида Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Донбассдаги Широкино қишлоғи атрофида украин аскарларини ўққа тутганликда айбланаётган Ўзбекистон ватандошини ҳибсга олган эди. 1996 йилда туғилган тошкентлик Александр Брикин Донбасс айирмачилари тарафида жанговар ҳаракатларга пул ишлаш мақсадида қўшилганини билдирган.

Озодлик Украина шарқидаги можарода ҳам россияпараст Луганск ва Донецк республикалари, ҳам Украина мунтазам қўшинлари сафида жанг қилаётган турли миллат вакиллари, жумладан ўзбеклар ва ўзбекистонликлар тўғрисида сўзлаган эди.

XS
SM
MD
LG