Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:07

Қарши туманида мол ўғирлаш ҳолатлари кўпайди


Қашқадарё вилояти Қарши туманида мол ўғрилиги кўпайганини Озодликка хабар қилган маҳаллийлардан бири милиция ходимларининг масалага бепарволигидан арз қилди. Қарши туман милициясида ҳозирча бирорта мол ўғриси бу жиноятлар асосида жиноий жавобгарликка тортилмаганини тасдиқламоқда.

Қарши тумани Бешкент шаҳрида истиқомат қилаётган маҳаллийлардан бири Озодликка туманда майда ва қорамол ўғрилиги кўпайганини билдирди.

Суҳбатдош бу ҳолат 5-6 ойдан буён оммавий тус олганини айтади.

- 2-3 октябрга ўтар кечаси Бешкентнинг ўзида Панаев Ўткирнинг тўртта қорамолини олиб кетишган. Ундан аввалроқ ҳам Шайдулло қишлоғидан ўнтача молни олиб кетишган. Ундан олдин эса Кахлай қишлоғидан уй деворини кесиб, Бекчаевга тегишли 10тача молни олиб кетишган. 4-5 ой аввал Чароғли массивидан Жўра Жумаевнинг 60тача қўйларини олиб кетишган. Буларнинг ҳаммаси ҳалигача топилмаган, дейди у санаб ўтган ҳодисалар ярим йил давомида содир бўлганини қайд этган шахс.

Исмини ошкор қилмаган ўзбекистонлик Бешкент шаҳри ва Қарши туманидаги оммавий ўғрилик ҳолатлари маҳаллий аҳоли орасида турли гап-сўзларни чиқараётганини билдирди.

У бу ўғирликларнинг бирортаси очилмагани жиноятларга милиция ходимларининг алоқаси борлиги тўғрисидаги миш-мишларни ўйғотмоқда, дейди:

- Одамлар молларнинг топилмаслигига 100 фоиз ишониб бўлишди. Ички ишлар умуман топиб бермайди! Одамларнинг гапи билан айтсак, “ички ишлар билан арра қилишади, акс ҳолда бунча ўғирлик топилмасдан қолмаслиги керак эди”, дейишаяпти. Одамлар ҳам жуда хавотир олиб қолган шу кунларда. Моли кўпроқ одамлардан ўзим эшитаяпман “Молларимизни сотсак-ми? Ўғри уриб кетаяпти...”, деб. Бу халқ орасида жуда ташвишли ҳолат, лекин ҳеч ким эътибор қилмаяпти. Ҳайронман, милиция нима иш қилади?! Пахтачиларни қўриқлаб, штабда ётишдан бошқа ишга ярамай қолди бу милициячилар, деди вазият тўғрисида сўзлаган ватандош.

У Қарши туман милиция ходимларини моли йўқолаётганлардан ариза қабул қилмаётганликда айблади ва “ўзимиз топсак – хабар берамиз” қабилида иш тутаётганини маълум қилди.

Давлатнинг битта игнаси йўқолса ваҳима билан қидиришни бошлашади, лекин халқнинг мулкига ҳеч кимнинг эътибори йўқ”, дея хулоса қилди қаршилик йигит.

Озодлик Қашқадарё вилояти Қарши туманида мол ўғрилиги ҳолатлари кўпайиб бораётгани тасдиғини олди.

Юқорида санаб ўтилган ўғирликлардан ташқари туманда қорамол ва эчки-қўйлар ўмарилишининг яна бошқа ҳолатлари қайдга олинганини Озодликнинг ички ишлардаги манбаси билдирди. Хусусан аниқланишича, Файзиев исмли яна бир чароғлилик ватандошнинг 5 бош қорамоли ва 14 дона қўй-эчкиси ҳам ўғирлаб кетилган.

Шунингдек, манба Бекчаев исмли маҳаллийдан 5 дона қорамол ўғирлангани қайдга олинганини тасдиқлаб берди. Ички ишлар ходими ҳозирча мол ўғрилиги бўйича охирги вақтда содир бўлган бирорта жиноий иш ёпилмагани ва жиноятга алоқаси бор одамлар аниқланмай қолаётганини маълум қилди.

Бироқ у бешкентликларнинг “мол ўғирланиши ҳолатлари милиция томонидан қайдга олинмаётир” дея бераётган иддаоларини қатъий рад этди.

Парво қилманг, бу жиноятларнинг ҳаммаси очилади”, дея ишонтирди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG