Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:21

OzodJavob: Муҳожир Ўзбекистонга қанча уй-рўзғор буюми олиб кириши мумкин?


Ўзбекистонга Россиядан уй-рўзғор буюмлари олиб кираётган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон божхонасида муаммоларга дуч келмоқда.

OzodJavob эшиттириши Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан боғланиб, тингловчиларимизнинг аксариятини қизиқтираётган саволларга жавоб топишга уринди.

"Музлаткичимизни чегарадан ўтказишмади"

Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар ватанга қайтар экан, одатда, арзонроқ нархда олган маиший техника ва бошқа уй-рўзғор буюмларини олиб келишга уринади.

Муроджон исмли тингловчи сентябр бошларида ўз машинасида Россиядан қайтаётиб, жиянининг магазиндан олган янги буюми “Яллама” чегара постидан ўтказилмаганига гувоҳ бўлганини сўзлаб берди.

- У 1,5 йил деганда Ўзбекистонга борганди. Ўзи билан бирга магазиндан янги холодильник олиб бормоқчи эди. “Яллама” божхона ходимлари Ўзбекистонга музлаткични ўтказишмади. Ўзбекистонга 1000 АҚШ доллари микдорида товар олиб кириш мумкин деган меъёр борку! “Растаможка қилайлик” десак ҳам кўнишмади. Жамол деган шахсга ялиндик-ёлвордик - иложи бўлмади, “Ёқворавер, киритмайман!”, деди. Қозоғистонга ташлаб кетишга тўғри келди... Ахир бу жуда ҳам алам қиларли ҳолат эмасми, ҳурматли Озодлик?! Камбағал шунча йил ишлаб, ўз оиласига бир нарса сотиб олсаю, ўтказмаса нима килиш керак? Билмай қолдик, деди Муроджон.

Суҳбатдош “Яллама” чегара пункти Россиядан қайтиб келаётган муҳожирлар билан тўла эканини ҳам таъкидлаб ўтди.

"10 доллардан тепасига бож солинади"

Озодлик бу вазият юзасидан Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасига мурожаат қилди. Қўмита расмийси божхонада четдан товарларни олиб киришни тартибга солувчи махсус ҳужжатлар борлигини маълум қилди.

“Улардан энг асосийси - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1996 йилнинг 10 сентябрида қайдга олинган ва 2010 йилнинг 4 январида ўзгартиш киритилган “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни божсиз олиб кириш”, деб номланади”, деди Божхона қўмитаси ходими.

- Ўтказиш мумкин эмас, демагандир чегарада, тўловларини тўлаб ўтказиш керак. Адлиядан рўйхатдан ўтган 279 рақамли ҳужжатда “Чегарадош давлатлардан Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар суммаси 10 доллар миқдорида бўлиши керак”, дейилган. Ундан ошса – тўловлари бор, тўлаб олиб кириши мумкин, дея аниқ жавоб қилди исмини айтмаган идора мулозими.

Божхона ходими тилга олган ҳужжатга кўра, бевосита чегарадош бўлмаган ҳудудлардан, масалан Россиядан, Ўзбекистонга божсиз олиб кириш мумкин бўлган товарнинг миқдори 1 минг АҚШ долларидан ошмаслиги керак.

Ҳужжатда олиб кирилаётган товарнинг нархи ҳужжатлаштирилган шаклда, яъни ҳисоб-фактура, инвойс, чек ёки накладной каби кўринишда бўлиши шартлиги белгиланган. Шунингдек, жисмоний шахснинг хусусий мулки бўлган мулк кўчиш жараёнида бож тўловларисиз амалга оширилиши қайд этилган.

Озодлик бевосита “Яллама” чегара назорат пункти билан ҳам боғланди.

"Хладоген - озонга таъсир қилади!"

“Яллама” постида телефон гўшагини кўтарган Анвар исмли ходим ҳам Ўзбекистонга музлаткични, божини тўлаб, бемалол олиб кириш мумкинлигини тасдиқлади.

- Олиб кираётган нарсаси кўп бўлган бўлиши мумкин. РАСТАМОЖКА ТЎЛОВЛАРИНИ БЕРСА ОЛИБ ЎТИШ МУМКИН! Лекин, музлаткичларда “хладоген” моддаси зарарли бўлиши мумкин. Ўшанга “Ташлаб кетгин”, дейилган. У модда моторида ҳам кўрсатилади. Бизга “Хладогенли музлаткич, зарари йўқ”, деган ҳужжат билан тасдиқланиши керак. Бу ҳолатда Вазирлар Маҳкамасининг 247- қарори бор, “атроф-муҳитни ҳимоя қилиш” деб номланади. Яъни, товарнинг эски-янгилигига қаралмайди: атроф-муҳитни бузадиган товар бўлса киритилмайди, деди идора вакили.

У шу сабабли барча товарларни “Ўзбекистон ичкарисидан сотиб олиш”ни тавсия қилди.

Суҳбатдош сўзларидан “зарарли хладогенли музлаткичлар” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Озон емирувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида”ги 2005 йил 11 ноябрдаги 247-сонли қарорини назарда тутатёган бўлиши мумкинлигини тахмин қилдик.

"Қайтиш мавсуми бошланди!"

Ўзбекистон чегарасидан ўтиб юрган таксичилар ва юк ташувчи ўзбекистонликлар “Ялламада” содир бўлган бу ҳодиса қиш тушиши арафасида бошланган “муҳожирлар қайтиши мавсуми” билан боғлиқ эканига ишора қилмоқда.

Расулбек исмли ўзбекистонлик таксичи анча йиллардан бўён Россиядан Ўзбекистонга ва Ўзбекистондан Россияга одам ташийди. У аслида бошқа чегара постларида муаммосиз товар олиб ўтаётгани, маҳсулотларни олиб ўтиш шартлари борасида буларни гапирди:

- Сезон бошланди, ҳамма кириб бораяпти. Ҳайдовчиларга ҳатто битта ортиқча сумка олиб кириш мумкин эмас! Масалан, 2 камерали холодилник эгаси ёнида бўлса, 2 минг рубль растаможка тўлаб олиб кириб кетаверади. Ҳозирги кунда Ўзбекистондан прицепларни олиб чиқишга рухсат йўқ. Лекин Тошкент томонида мутлақо эски нарса киритмаяпти, дейишаяпти. Эски нарсаларда касаллик келяпти экан, карантин. Аслида, баҳона-да! Бу ҳолат ҳар йили Янги йил арафасида бўлади. Янги йилдан кейин феврал-мартларда яна рухсат бериб қолади, деди чегарада расмий ҳужжатлардан ташқари турли “норасмий” қонун-қоидалардан муҳожирлар тинкаси қуриётганини гапирган навоийлик таксичи Расулбек.

Озодлик OzodJavob рукнида остидаги аввалги эшиттиришларидан бирида Ўзбекистонга товар-маҳсулотларни олиб кириш-олиб чиқишга оид бошқа саволлар жавобини келтирган.

XS
SM
MD
LG