Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:31

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда қалбаки авиачипта олиб куйиб қолмоқда


Россиядан Ўзбекистонга ижтимоий тармоқлар орқали авиачипта сотиб олаётган муҳожирлар Интернет-фирибгарлар ўлжасига айланганидан шикоят қилмоқда.

Айни пайтда "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" онлайн-бронлаш хизматини йўлга қўйди.

Россиянинг Сочи шаҳрида меҳнат қилаётган сурхондарёлик Толиб “Одноклассники” ижтимоий тармоғи орқали Ўзбекистонга сотиб олган иккита авиачиптаси сохта бўлиб чиққанини маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда у 14 минг рублга куйганини гапирди.

- 24 сентябрга акция бўлибди. Телефон қилсам бир ўзбек кўтарди. “Евросеть”да пулини тўлаб, оласиз”, деди. Акцияда 7 мингдан кўрсатилган экан. “Евросеть”га бориб телефон қилиб, оператор қиз билан гаплашдим. Кейин, иккита билетга 14 минг тўладим. “Чекни олиб авиакассага борасиз, сизга билет чиқариб беради”, деди. Авиакассада эса “Унақа бўлиши мумкин эмас”, деяпти, деди Толиб.

"Одноклассники" тармоғидаги "акция" тўғрисида фирибгарлар эълони
"Одноклассники" тармоғидаги "акция" тўғрисида фирибгарлар эълони

Сурхондарёлик суҳбатдош бир неча йилдан буён Сочидаги меҳмонхоналардан бирида ишчи бўлиб хизмат қилиб келаётганини ҳам қўшимча қилди.

У “Одноклассники”да чиққан оддий эълондаги арзон нархларга учиб, қаллоблар ўлжасига айланганини сўзлади.

- “Одноклассники”да биттаси қиз бола номидан профиль очиб, Россиядаги муҳожирларга ташлаб чиқаяпти. Менга ҳам шундай хабар келди. Ҳозир Ўзбекистонга билет энг камида 15 минг рубль бўлгани учун, шунақа акция бўлади, деб ўйлабман. Ўтган йили 7-8 мингга билет олиб кетганлар ҳам бўлди. Бунақа биринчи алданишим!. Мен бошқа ўзбекистонликлар алданмаслиги учун сизларга айтаяпман. Бояги болага телефон қилиб, “Ота-онанг тарбия бермаганми? Нега одамларни алдайсан?”, десам, “Ота-онамни топиб....”, деди! Ўзбекдан, мусулмондан биринчи маротаба бу гапларни эшитиб, у пулдан умидимни уздим, деди Толиб.

Ўзбек муҳожири қайд ва миграция ҳужжатлари муддати ўтгани сабабли полицияга мурожаат қилмагани – ўзи депортация бўлишидан қўрққанини билдирди.

Толиб куни кеча унинг "Одноклассники" тармоғидаги саҳифасига худди шу мазмунда янги хабар келиб тушганини билдирди.

Янги "акция" тўғрисида эълон
Янги "акция" тўғрисида эълон

Авиачипталар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари тўғрисида Озодлик биринчи маротаба хабар бераётгани йўқ.

Бундан бир неча ой олдин Москва вилоятининг Ногинск шаҳрида ишлаб юрган Ёқубжон ҳам айниқса “Одноклассники” ижтимоий тармоғида кўпайиб кетган фирибгарлардан, хусусан авиачипта "сотувчи"лардан огоҳ бўлишга чақирган эди.

Бу муҳожир ҳам “Яндекс-Кошелек” тизими орқали пул ўтказиб, чув тушганини билдирганди.

Озодлик Россиядан меҳнат муҳожирлари қайтаётган мавсумда Тошкентга сотилаётган авиачипталар нархи 15 минг рублдан зиёд эканини маҳаллий авиакассалардан аниқлади.

Шунингдек, мухбирларимиз сохта поезд чипталари ҳам сотилгани ҳолатларини кузатгани маълум.

Россияда авиачипта савдоси билан шуғулланувчи йирик ширкатлардан бирининг вакили Озодликка авиа ва темир йўл билетларини интернет орқали “сотувчи” фирибгарларни аниқлашнинг осон йўли борлигини тушунтириб берди.

- Масалан, ҳозир Москвадан Тошкентга билет нархи 16400 рубль. Биз бу соҳада 10 йилдан буён ишлаймиз. Сайтимиз, юридик манзилимиз мавжуд. Лекин сайтларга ҳам ишонавермаслик керак. Билетнинг сохта-сохта эмаслигини осон йўл билан аниқлаш мумкин: пул тўлашдан олдин истаган авиакассага кириб, билетингиз брон қилинганини кўришингиз мумкин. Электрон тизимда исми-шарифингиз бўлса – демак билетингиз ҳақиқий. Менга брон қилинган электрон рақамингизни айтсангиз мен ўзим ҳам Интернет орқали текшириб беришим мумкин, дея фақат ишонарли жойлардан авиачипта сотиб олишни тавсия қилди авиаширкат менежери.

Суҳбатдош сўнгги пайтларда фирибгарлик ҳолатлари кескин кўпайганини тасдиқлади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси эса ниҳоят интернет-қаллобликка қарши чипталарни онлайн тарзда Интернет орқали сотувни йўлга қўйгани хабар қилинди.

2016 йил 18 октябридан онлайн-бронлаш учун Ўзбекистон авиакомпанияси билетларини сотиб олувчиларга учта асосий шарт қўйилди. Яъни чипталар фақат UzCard банк карточкаларига эга Ўзбекистон ватандошларига сўмда сотилади.

XS
SM
MD
LG