Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:16

Ўзбекистон делегацияси Россияга меҳнат миграциясини муҳокама қилиш учун борди


Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги делегацияси икки мамлакатнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлигини янада юқори ва сифатли даражага олиб чиқиш мақсадида Россияга сафар қилди. Бу ҳақда Меҳнат вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ахборот хизматига таяниб,"Газета.uz" хабар қилди.

Айтилишича, сафар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилга мўлжалланган аҳоли бандлиги дастури тўғрисидаги қарорига мувофиқ тарзда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия иш берувчилари билан бевосита алоқаларини ўрнатиш ва олиб борилаётган ишларни фаоллаштириш мақсадида уюштирилган.

«Ҳамкорликнинг юқори ва сифатли даражаси фуқароларимизни Ташқи меҳнат масалалари агентлиги тармоғи бўйича Россия Федерацияси ҳудудида цивилизацион тарзда ишга жойлаштириш каби масалаларни ҳал этишни кўзда тутади», — қайд этилди агентлик хабарида.

Агентлик билан ҳамкорликда ишга жойлашиш Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудидаги ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши, ижтимоий-машиший шароитлар яратилишини таъминлайди ва кафолатлайди. Мустаҳкам чоралар қаторида меҳнат мигрантлари юзага келган масалалар бўйича зудлик билан жавоб олиши мумкин бўлган алоқа каналларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари Россияда кўп дуч келадиган муаммолардан бири РФ ҳудудларида маъмурий органлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ҳисобланади. Ташриф чоғида Москва, Санкт-Петербург, Красноярск, Кемерово ва Астрахань каби шаҳарларда Россия иш берувчилари билан ишчи музокараларни олиб бориш белгиланган.

Озодликдан: Россияда ишлаб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари йиллардан буён уларнинг муаммоларига Ўзбекистон ҳукумати бефарқ қараб келаётганидан шикоят қилади.

Расмий Тошкентнинг бу масалага муносабати марҳум Ислом Каримовнинг бундан 3 йил муқаддам айтган гапида ўзининг ёрқин ифодасини топган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2013 йилнинг 19 июнида Жиззах вилоятига қилган сафари чоғида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини дангасага чиқариб, бундай деган эди:

- Мен сизларга шундай тавсия бераман. Қўл остингизда ишлаётган одамларни ҳеч қачон қийнаманглар, ундай қилмадинг, бундай қилмадинг, деб. Энди дангасалар ҳозир Ўзбекистонда камдан кам. Энди дангасалар деб кимни ҳисоблайман, мана Москвага бориб кўчаларни, майдонларни супурадиганларни. Ўтда нима йўқ, одам жирканадики ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун ўша ёққа бориш керак экан. Ҳа, Ўзбекистонни ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ, барака топгур!... Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб шарманда қилади ҳаммамизни, деган эди Ислом Каримов.

Кейинги ойларда эса, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиянинг депортация лагерларида Ўзбекистон расмийларининг масалага бефарқлиги туфайли бир неча йиллаб қолиб кетмоқда.

Россия Федерал миграция хизмати эълон қилган сўнгги маълумотларга қараганда, шу кунда Россияда расман рўйхатга олинган 1 миллион 800 минг киши атрофида ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.

XS
SM
MD
LG