Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

Фейк анатомияси: Гулнорани ким "ўлдирди"?


Drawing by Mārtiņš Upītis.
Drawing by Mārtiņš Upītis.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти қизи Гулнора Каримованинг ўлими ҳақидаги хабар Россия ҳамда айрим бошқа хориж газета-журналларида жиддий муҳокамаларни келтириб чиқарди. Соҳа мутахассислари аниқланган маълумотларнинг айниқса Ўзбекистон каби ахборотга ташна жамиятларда жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Хабарни ким тарқатди?

Шу йилнинг 22 ноябр куни “Центр-1” Ахборот хизматида Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора тўғрисида хабар пайдо бўлди.

Интернет нашрининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидаги манбасига таяниб маълумот беришича, 44 яшар Гулнора Каримова 5 ноябр куни заҳарланиш оқибатида вафот этган ва шу куниёқ тунда Тошкентнинг “Минор” қабристонида кўмилган.

“Манба шахсан Гулнора Каримовани кўмишда иштирок этиб, Ц-1 га телефон орқали унинг фарзандлари – Ислом ва Имоннинг ҳуқуқсиз ва ночор аҳволда эканидан хавотир билдирди”, дейилади ахборот хизмати мақоласида.

Гўё Гулнорани ўлдирган фуга балиғи
Гўё Гулнорани ўлдирган фуга балиғи

Хабар ортидан деярли барча Россия оммавий ахборот воситаларида “Гулноранинг ўлими”га бағишланган мақолалар чоп этилди.

Ахборот аввалига “экспертлар ва номаълум манбаларга”, кейинроқ эса “ОАВ маълумотлари”га таяниб яшин тезлигида Россиянинг нуфузли ва йирик ахборот агентликлари, газета-журналларида тарқалди.

Айни пайтда, Россия медиамаконида Гулнора Каримовани “ким ўлдиргани” ва “марҳуманинг Ўзбекистон сиёсий ҳаётидаги ўрни” таҳлилига бағишланган репортаж, мақола ва мутахассислар билан суҳбатлар қизиб кетди.

Айни пайтда, Гулноранинг ўлими тўғрисидаги маълумотлар айниқса ижтимоий тармоқлар орқали ҳам тарқала борди. “Гулнорани кўрсатинг” Твиттер-аккаунти бир қатор халқаро инсон ҳуқуқлари экспертлари ва журналистларга ҳам худди шундай мазмунда хабар келгани маълум бўлди.

Фейкни тарқатган “манбалар” йўқ бўлди

Марказий Осиё хабарларига мослашган “Фергана.ру” Ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов ҳам Гулноранинг “ўлими” тўғрисида “фотодалиллар” олганлар қаторида.

Тармоқларда тарқалган Гулноранинг фейк фотосуратлари
Тармоқларда тарқалган Гулноранинг фейк фотосуратлари

Озодлик билан суҳбатда у бу хабарни ҳатто шарҳлаш ҳожати йўқлигини билдирди.

Ўзининг Фейсбук саҳифасида бу масалага оид фикр билдирган Даниил Кислов, келтирилаётган “исбот-далиллар” аниқ сохталигига қарамасдан, текширилган маълумотларга бўлган ахборот ташналиги сезилаётган жамиятларда бу хабарлар ҳақиқат деб қабул қилинаётганига эътибор қаратди.

Бу “манба” менга олдиндан таниш. Мен у билан шахсан Твиттерда ёзишдим ав ўзбек президенти ўлими борасида жуда ғалати “далилларни”(фотоларни) олдим. Бундан бир неча кун олдин менинг бошқа журналист-танишларим ҳам бу “далилларни” олгани аниқланди. Фотосуратлар ва матнни текшириб кўриб, мени бу сохта, фейк, буюртма ва ҳок. Эканига ишонч ҳосил қилдим. Буни чоп этганлар ҳақиқий журналистика ва таҳририят иши тўғрисида нотўғри тасаввурларга эга. Бунинг кимга кераклигини билмадим. Аммо, ижтимоий тармоқлар журналистлар учун ахборот манбаси эмас. Ҳар қайси аноним аккаунт оламни эффектли суратлар билан ларзага келтириб, бирдан йўқ бўлиб кетиши мумкин. Бугун худди шундай бўлди: муаллифлар натижага эришганини сезиб, Гугл архивларида гумдон бўлди”, деб ёзди журналист Даниил Кислов.

Дарҳақиқат, Озодлик томонидан “Гулноранинг ўлими” тўғрисида асосий маълумот тарқатувчи манба сифатида аниқланган “ShowMeGulnara” (Менга Гулнорани кўрсатинг) Твиттер аккаунти йўқ қилинди. Бироз вақтдан кейин яна тикланган аккаунтда Гулноранинг ўлими "МХХни жазавага солди", деган ёзув пайдо бўлди.

Бу маълумотлар "фейк" эканини гапирган яна бир россиялик сиёсатшунос Аркадий Дубнов “Собиқ ўзбек “маликаси” ўлими кимга керак?” саволига жавоб бериб, унинг тарқалишида Каримовлар оиласига яқин бўлган шахслар манфаатдор бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Кимга кераклигини билмадим, аммо ёлғон, деб ўйлайман. Ўзбек маликасининг ўлимини айниқса Ўзбекистон лидерлари, хусусан Шавкат Мирзиёевга, яширишнинг ҳожати йўқ. Бу хабар Шавкат Мирзиёевга қарши қаратилганини ҳам инкор этмайман.Бу Оилага, аниқроғи Лола ва Татьяна Каримовага тегишли манбалар ҳам бўлиши мумкин”, деб ёзди Аркадий Дубнов.​

(Фейк (инг. fake) - сохта, қалбаки. Ҳар қандай сохталаштирилган буюм ёки маълумот)

El Tuz Гулнора Каримованинг ўлимини ҳажв қилиб чиқди
El Tuz Гулнора Каримованинг ўлимини ҳажв қилиб чиқди

Ўзбекистон марҳум президенти Каримовнинг тўнғич қизи тўғрисидаги шов-шув Eltuz.com нашри томонидан ҳам ҳажв қилинди.

“Ёлғон хабарлар Ўзбекистон учун хавфли!”

Бир кун ўтар-ўтмас Россия нашрлари “тошкентлик манбалар”га таяниб бирин-кетин Гулнора Каримованинг ўлимини инкор эта бошлади.

“Малика”нинг ўлими тўғрисида биринчи бўлиб хабар берган “Центр-1” хизмати эса 23 ноябр куни, катта шов-шувга қарамасдан, “Гулнора ўлиги ё тириклиги номаълум қолмоқда”, деб ёзди.

Фейсбукдаги саҳифада “Дети Каримова” (Каримов болалари) аккаунти “маъмурияти” Гулноранинг ўлдирилгани тўғрисидаги хабарларни рад қилди.

Ҳозирча Гулноранинг Ўзбекистондаги яқинлари ва мамлакат расмийлари томонидан бу масалада бирор изоҳ берилганича йўқ. Шу ўринда,Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Би-би-си билан мулоқотда ўз онасининг ўлими борасидаги хабарни "миш-мишлар", деб атагани билдирилди.

"Онам 2014 йил февралидан бери ҳали ҳам уйда ушлаб турилибди. Синглим энди уй ҳибсида эмас, лекин мамлакатни тарк эта олмайди. Мен ҳозир Лондондаман", - деб ёзганини хабар қилди Би-би-си Ўзбек хизмати.

Норвегия Ҳелсинки Қўмитаси катта маслаҳатчиси, ҳуқуқ ҳимоячиси Ивар Дале Озодлик билан суҳбатда бундай текширилмаган маълумотларнинг тарқалишини энг аввало Ўзбекистон учун салбий таъсирга эга эканини билдирди.

Ивар Дале
Ивар Дале

Ивар ишонарли ахборот етишмаётган оддий ўзбекистонликларда оммавий ахборот воситаларига ишонч сўниб боришидан огоҳлантирди.

- Ўзбекистон учун жуда муҳим, чунки давлат томонидан назорат қилинадиган расмий ахборот воситаларида жўяли маълумот топиб бўлмайди. Норасмийларда эса бўлмагур гаплар берилади. Тошкент, Самарқанд ё Бухородан бўлган одиий ўзбек қаердан ишонарли маълумот олсин?! Интернетда доимий ўтирган одам бўлса – бошқа гап. Бозорда ўтирган одамлар фақат миш-мишлар орқали хабар топади. Шу сабабли Ўзбекистонда ҳеч бўлмаса битта ҳақиқий маълумотни тарқатувчи сайт ёки нашр бўлиши керак. Энг ачинарлиси, кўплаб Россия ахборот воситалари буни ҳақиқат сифатида ўзларида чоп этди, дейди Ивар Дале.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бу маълумотни тарқатган шахс ёки шахслар ўз мақсадига эришгани – ўз касбига лойқайдлик билан қараган журналистлар ёрдамида жамоатчиликнинг Гулнора Каримовага эътибор қаратилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

У бундай хабарлар одатда “сариқ пресса” деб номланадиган нашрлар томонидан ўз нуфузини ошириш ва ҳар қандай усуллар билан бўлсада “лайклар” сонини оширишга қаратилган, дейди.

- Агарда сиз Фейсбук ёки Твиттерда “Гулнора Каримовани ўлдиришди!” хабарини кўриб қолсангиз сўзсиз сайтга кирасиз. Реклама учун пул кетди, рейтинг ошди. Бу журналистика эмас! Афсуски, айниқса Марказий Осиёда жиддий ахборот ташкилотлари ва ёлғон тарқатаётган Россия нашрлари ўртасида фарқни билишмайди. Ва қўрқаманки, бу каби ёлғон маълумотлар одамларни чалғитади, дея хулоса қилди Ивар Дале.

Шу йилнинг 2 октябрида Twitter тармоғида пайдо бўлган “Афина” (@zabitaya1972) номли юзер Гулнора Каримованинг отаси вафотидан кейин уй қамоғидан руҳий касалхонага ётқизилгани ҳақида кенг тарқалган миш-мишларни тасдиқлагандек бўлганди.

Озодлик "Афина"нинг сохта Гулнора Каримова эканлигини аниқлаган эди.

P.S. Таҳририят ўз манбаларидан унинг "ўлдирилиши" ҳақида маълумотнинг ёлғон эканини аниқлагач, фейк хабарнинг урчишига ҳисса қўшмасликка қарор қилган эди.

XS
SM
MD
LG