Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:01

Россияга борадиган ўзбекистонликлар 2017 йилдан бармоқ изи топширади


2017 йилдан бошлаб Россияга келувчи барча чет элликлар мажбурий тарзда бармоқ излари топширади. Россияда биометрик қайдга олишга барча россияликлар ҳам тортилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Россия Федерация Кенгаши йиғилишида сўзга чиққан мамлакат Ички ишлар вазири ўринбосари Александр Горовойнинг айтишича, бу масалада Россия ички ва ташқи ишлар вазирликларининг МДҲ давлатлари тегишли идоралари билан ҳамкорлик ҳам олиб борилади .

- Биз, ички ишлар вазирлиги, кейинги йилдан Россия Федерациясига кириб келаётган ҳар бир хориж ватандошининг дактилоскопия қилиниши ташаббуси билан чиқмоқдамиз, деди пайшанба куни Горовой сенаторлар олдида қилган чиқишида.

Мазкур чора қай тарзда амалга оширилишини амалдор ҳозирча очиқламади.

Бармоқ изларини ёппасига олишнинг Россиядаги тарафдорлари бу чоранинг «мажбурий» бўлуви лозимлигини талаб таъкидламоқда. Улар ўз фикрини миграция қонунчилигини бузгани учун депортация бўлган муҳожирлар ўз исм-шарифларини ўзгартириб Россияга қайтиб кираётгани билан изоҳламоқда..

2016 йилнинг феврал ойида тарқатиб юборилган ФМС собиқ раҳбари Константин Ромодановский Россияда меҳнат муҳожирларининг автоматлаштирилган бармоқ изларини олиш тизими анчадан буён ишлаб келаётганини хабар қилган, 2016 йил бошларига қадар 7 миллион хорижлик ишчи дактилоскопия қилинганини билдирганди.

Кейинроқ, шу йилнинг апрелида Озодлик Россияга кириб келаётган чет элликларнинг оммавий дактилоскопияси Путин ҳукумати томонидан маъқуллангани тўғрисида айтиб ўтган эди.

Шу кунларда Россияда вақтинча яшаш ҳуқуқини ёки қочқинлик мақомини олмоқчи бўлганлар ва патент олаётган меҳнат муҳожирларигина дактилоскопия амалидан ўтказилади.

Шунингдек, бармоқ излари бошқа давлатларнинг Россияда бўлиши номақбул бўлган фуқароларидан ҳам олинади.

Айни пайтда, Федерация кенгашида бўлган йиғилишда «Қочқинлар ва мажбуран кўчиртирилганлар» тўғрисидаги қонунчилик муҳокама этилгани маълум бўлди. Унда сўзга чиққан Федерация Кенгашининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича раҳбари муовини Александр Чекалин Россия қонунчилигини бузаётган мигрантларни депортация қилишни жадаллаштириш ва уни депортациясига кетаётган маблағ қисман қўшни давлатлар томонидан ундирилиши тўғрисида сўз юритди.

Москва шаҳар Миграция департаменти қошидаги жамоатчилик кенгаши котиби Юрий Московский журналистлар олдида қилган чиқишида дактилоскопияга барча россияликлар ҳам тортилиши мумкинлигини инкор этмади.

- Дактилоскопия анчадан олдин жорий қилиниши керак эди, деб ўйлайман. Тизим охирги икки йилда амалда ўрганиб чиқилди. Боз устига, дактилоскопия россияликларга ҳам жорий қилиниши керак,чунки бу кўплаб жиноятчиликлар олдини олади, деди миграция соҳаси мутахассиси Юрий Московский.

2016 йилнинг октябрида Россия президенти Владимир Путин ҳам мамлакатда оммавий мажбурий дактилоскопия ўтказилишини, бу иш билан Росгвардия шуғулланажагини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG