Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:42

Наманганда ертўлалардан юзлаб бола топилди


Самарқандда Бош вазир виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатларни кўриб чиқишда қонун бузилишига йўл қўйилди. Наманганда ертўлалардан бедарак йўқолган юзлаб бола топилди. Тиббий кўрикдан вақтида ўтмаслик болалар ўлимига сабаб бўлаяпти. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Прокуратура Бош вазир виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатларни кўриб чиқишда қонунбузарликларни фош қилди

Самарқанд вилоят прокуратураси Ўзбекистон Бош вазири виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатларни кўриб чиқишда маҳаллий бошқарув идоралари томонидан қонун бузилишига йўл қўйилаётганини аниқлади (“Ҳуқуқ”, 1 декабрь). Хусусан, “Марказтаъминот” унитар корхонаси 90 та, Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси 51 та, Меҳнат бош бошқармаси 8 та ҳолатда мурожаатларни кўриб чиқишда қонунбузарликка йўл қўйган. Масалан, Самарқанд шаҳридан фуқаро Б. Ибадов ўзи яшаётган маҳаллада табиий газ босими пастлиги юзасидан “Марказтаъминот” унитар корхонасига арз қилган. Мазкур мурожаат бўйича аризачига “Самарқандшаҳаргаз” филиалига тегишли топшириқлар берилгани ҳақида юзаки жавоб хати йўлланган, холос. Самарқанд вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Облақул Азимовга кўра, Бош вазир виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатлар бўйича 149 ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилган ва бу борада прокуратура назорати давом эттирилмоқда.

Ертўлаларда яшаган бомж болалар

Беш нафар бедарак йўқолган бола Намангандаги қурилиши битмаган уй ертўласида яшаб юргани маълум бўлди (“Постда”, 26 ноябрь). Милиция ертўлага келганида юпун кийинган болалар совуқдан дийдираб ўтирган эди. 13-14 ёшли норасидалар асли Қўқон шаҳри, Чуст, Поп, Андижон ва Гулистон туманларидан экани аниқланган. Тақдир синовлари ва оиладаги нобоп муҳит боис уйдан чиқиб кетган болалар 6-7 ой давомида ертўлада жон сақлаб келган. Наманган вилояти ИИБ капитани Д. Худойбердиев сўнгги пайтларда бошқа вилоятлардан келиб қолган вояга етмаганларнинг кўпайгани, улар тиланчилик ва ўғрилик билан шуғулланиб, тунлари ертўла ва хиёбонлардан паноҳ топаётганини айтган. Жорий йил давомида биргина Наманган шаҳридаги ертўлалардан 400 нафардан ортиқ киши қўлга олинган бўлиб, уларнинг асосий қисми болалардир. Ички ишлар вазирлиги нашри фуқароларни болалар тақдирига бефарқ бўлмасликка чақиради.

Тиббий кўрикдан вақтида ўтмаслик болалар ўлимига сабаб бўлмоқда

Сурункали касалликлар, эрта турмуш каби ҳолатлар билан бирга оналарнинг тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмаслиги болаларнинг туғма нуқсон билан туғилиши ва ўлимига сабаб бўлмоқда (“Оила даврасида”, 1 декабрь). Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Нилуфар Рўзиева маълум қилган. “Ўсмир қизларнинг тиббий саводхонлиги етарли эмаслиги оқибатидаги эрта никоҳлар сонининг юқорилиги оналар ўлимининг 34 фоиз, болалар ўлимининг 35 фоиздан ортишига сабаб бўлади. Оналар ўлими 15 фоиз ҳолатда ёш оналар туғруғига тўғри келади. Сўнгги ҳомиладорликдан кейин 3-4 йил ўтмасдан ҳомиладор бўлиш оқибатида болалар ўлими 2,5 мартага ортади”, дейди қўмита вакили Н. Рўзиева. Қайд этилишича, Ўзбекистон аҳолисининг 51 фоизини аёллар ташкил қилади. Уларнинг 30 фоизи туғруқ ёшида (21-35) саналади.

XS
SM
MD
LG