Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:14

Сайлов арафасида ва сайлов куни чироқ нега ўчмагани маълум бўлди


"Электр тармоқлари" унитар корхонасининг жойлардаги бўлимлари сайлов арафасида ишлаб чиқариш корхоналарига бериладиган электр токи қисқартирилиб, тежалган қувват аҳолига тақсимланганини билдирди. Озодликка келаётган хат-хабарларда сайлов арафасида 3-5 кунлаб узилмаган электр токи сайловнинг эртасигаёқ яна узила бошлаганидан шикоятлар битилган.

Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида сайлов куни ёки сайловдан 3-5 кун аввал электр токи узлуксиз берила бошлагани кузатилган эди. Эндиликда Озодлик муштарийлари айрим вилоятлардаги туманлар ва қишлоқларда сайлов ўтиши билан яна танқислик бошланганидан норозилигини билдирмоқда.

Жумладан, исмини ошкор қилишни истамаган андижонлик тингловчи сайлов арафасида 3 кун чироқ ўчмагани, сешанба кунидан Андижон шаҳрида ҳам яна ўча бошлаганини айтди:

"Уч кун свет умуман ўчмади. Кечасию кундузи. Мана сайлов ўтди, бугун кундузи соат 12 дан ўчди свет. Мана ҳозир кеч киряпти, ҳали ҳам ёнмади. Қизиғи-чи, трансформатор қизиб портлаб кетади, деб узишарди светни. Мана кўрдик, уч кунлаб свет ўчмади, портламади-ку?! Демак, ўчиришини сабаби бошқа эканда, пулни тежашаркан-да?" дея савол билан юзланди тингловчи.

Фарғона вилоятининг айрим туманларида эса, ҳатто, сайловга бир ҳафта қолганидан бошлаб электр токи умуман узилмагани айтилмоқда.

Болалари мактабга қатнайдиган уй бекаларидан бири сайловдан бошқа пайтларда, айниқса, қиш мавсумида қишлоқларда суткасига фақат 1 соатдан электр токи берилишини айтади:

"Қиш кунлари 1 соатдан свет беради. Бир соатдан! Сайловолди кунлари эса свет ўчмади, умуман ўчмади. Мана сайлов ўтди - эрталаб соат 9 да ўчиришди, кундузги соат 1 да ёқишди. Қишлоқда светни шунақа ўчиришади. Гази йўқ, кўмири йўқлар электр плита ишлатишади. Свет бўлмаганда, шунақа оилалар боғчага, мактабга борадиган ёшдаги болалари қийналади-да!" дейди фарғоналик уй бекаси.

Сайлов арафасида айни вазиятни кузатган Озодлик Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона водийси, Хоразм вилоятларида ҳам чироқ ўчмаганини айтган тингловчилар билан суҳбатлашган.

Эндиликда турли вилоятлардан боғланаётган тингловчилар сайлов арафасида электр токи нега узилмагани, шунча электр қуввати қаердан олингани билан қизиқмоқдалар. Муҳими, 3-5 кун ва ҳатто, бир ҳафталаб электрни узмасдан узатиш мумкинлигини кўрсатар экан, ҳокимиятлар сайлов ўтиши билан нега яна чироқни ўчириши сабабини сўраётган тингловчилар кўп бўлмоқда.

Озодлик бу саволларни Ўзбекистонда аҳолининг электр таъминотига масъул идораларга беришга уринди. "Ўзбекэнерго" давлат акциядорлик ширкати бу борадаги саволларни очиқ қолдириб келади.

Аммо, ушбу ширкатга билвосита қарашли бўлган қуйи идоралар, жумладан, "Электр тармоқлари" унитар корхонасининг ҳудудий бўлинмаларидан бирининг масъули юқоридаги саволларнинг айримларига жавоб берди.

Корхонанинг Фарғона вилоятидаги бўлинмаларидан бирининг ўзини таништирмаган масъулига кўра, сайлов арафасида давлатга қарашли ишлаб чиқариш корхоналари - завод, фабрика ва шу каби иншоотларга узатиладиган электр токи қисқартилган, айримларида тамомила узилган:

"Сайлов кунлари ишлаб чиқаришларнинг ҳаммаси тўхтатилган. Аҳоли сайловни яхши ўтказсин, телевизорлардаги маълумотларни кўрсин, деб ишлаб чиқаришлар тўхтатилган. Катта ток оладиган корхоналар, фабрикалар тўхтатилади, шунақа сайлов, байрам кунлари. Мана бугундан улар яна ишга тушди, шунинг учун графикка қайтдик. 2 соат свет ёнади, 2 соат ўчади", деди электр таъминотига масъул идоранинг ўзини таништирмаган масъули.

Қуйи бўғиндаги мулозим берган бу маълумотга "Ўзбекэнерго" ширкати бошқарувидан бирор муносабат олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

4 декабрь куни ўтган Ўзбекистон президентлигига сайловда энг кўп овоз олган Бош вазир Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида қишлоқ жойларда электр таъминотини яхшилашга ваъда берган.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакат электр тармоқларининг "67 фоизи эскирган ва янгиланишга муҳтож". Шундан келиб чиққан ҳолда Бош вазир 25 минг километрли кичик кучланишдаги электр линияларини барпо этиш ва 5,5 мингта эскирган трансформаторли подстанцияларни янгилаш лозим эканини урғулаган.

Бугунги кунда куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда электр энергияси тақчиллиги кузатилади. Озодлик манбаларининг айтишича, қиш мавсумида кўпгина туманларда электр қуввати кунига икки-уч соат бериладиган ҳолатлар ҳам қайд этилган.

XS
SM
MD
LG