Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:47

Екатеринбургдаги ўзбеклар Светлаковнинг ESHAKидан норози


Ўзбеклар "Эшак"дан норози
Ўзбеклар "Эшак"дан норози

“Урал-Ўзбекистон дўстлик жамияти” раҳбари Обид Туратов россиялик шоумен Сергей Светлаковнинг ESHAK номли ресторани рекламаси олиб ташлаш талаби билан маҳаллий маъмурларга мурожаат қилди. Обид Туратовнинг фикрича, ESHAK ресторани рекламаси "ўзбекларга нисбатан ҳурматсизлик белгисидир". Ўз навбатда актёр Сергей Светлаков ўзбеклар жамияти лидери даъвосини "асоссиз", дея рад этди.

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ESHAK ресторанининг очилиши шу шаҳарда яшаётган ўзбеклар орасида норозилик келтириб чиқарди.

“Урал-Ўзбекистон дўстлик жамияти” раҳбари Обид Туратов Озодлик билан суҳбатда шаҳарнинг турли жойларида ва маҳаллий телевидениеда намойиш этилаётган ESHAK ресторани рекламасини олиб ташлаш ва тўхтатишни сўраб мурожаат қилаётганини гапирди.

- ESHAK номли ресторан рекламасида актёр Сергей Светлаков ўзбек тўни ва дўпписини кийган, қўлида кичкина қозонда палов ушлаб турибди. Светлаков елкасидан эшак бурнини тиқиб тургани акс эттирилган. Ҳар қандай ориятли ўзбекман деган кишига бу қаттиқ тегади! Актёр Светлаков олдин “Наша Раша” фильмларида тожикистонликларни масхара қилиб келганди. Энди ўзбеклар устидан кулишни бошлаган, кўринади. Екатеринбургда Ўзбекистондан келганлар кам эмас. Мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи маҳаллий Омбудсменга, ҳуқуқ-тартибот органларига рекламага нисбатан чора кўришни сўраб мурожаат қилдим. Талабимиз – “Эшак” ресторани рекламасида эшак сурати қолса қолаверсин, лекин ўзбек миллий кийимлари ва паловини олиб ташласин, деди Обид Туратов.

Светлаковнинг Киевдаги "ESHAK" ресторани рекламаси
Светлаковнинг Киевдаги "ESHAK" ресторани рекламаси

Ўз навбатида, ESHAK ресторани асосчиси актёр Сергей Светлаковнинг расмий вакили Ольга Глушкова ўзбеклар жамияти лидери даъволарини "асоссиз", дея рад этди.

У Сергей Светлаков шахсан ўзи бу масалада изоҳ бермасада, унинг бу борадаги расмий жавобини Озодликка йўллади.

- ESHAK ​ресторанига оид Сергей Светлаков фикри қуйидагича: “Эшак тасвирланган рекламамизда расми туширилганидан ва ESHAK деб ёзилганидан эшакнинг ўзигина норози бўлиши мумкин, холос. Бизни барча реклама материалларимиз Шарқга нисбатан ҳурмат-эҳтиром билан қилинган. Шарқ анъана ва қадриятлари - меҳмондўстлик, яхши дид, сўз ва амалда ақл-заковатни қўллаш – бу бизнинг ресторанимиз мижозларига қаратилган йўналишдир, деб айтди Светлаков расмий вакили Ольга Глушкова.

Сергей Светлаков тарқатган баёнотида эшак "эртаклар қаҳрамони" эканлиги ва эшаксиз Шурик саргузаштлари ёки Насриддин Афандини тасаввур қилиш қийин эканлиги ёшлигидан онгида муҳрланиб қолганини ёзган.

Сергей Светлаков бундан 10 йилча олдин суратга олинган ва пул топиш илинжида Москвага келган икки меҳнат муҳожири - Равшан ва Жумшуднинг саргузаштлари тасвирланган “Наша Раша” фильмида бригадир ролини ижро этиши билан танилган эди.

Ҳозирга қадар Москва ва Москва вилоятида иккита ESHAK ресторани фаолият кўрсатмоқда. Яна бир ESHAK ресторанининг бундан 3 йил олдин Киевда очилиши маҳаллийларнинг катта норозилигига сабаб бўлгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG