Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 15:31

ФСБ: Россиядаги террорчиларнинг асосий қисми - марказий осиёликлар


ФСБ директори Александр Бортников

13 декабрида Петербург марказида “жиҳодчилик”да гумонланаётган 22 яшар ўзбекистонлик ҳибсга олинди.

Полиция бошқармасида бу шахс "Ўзбекистонда террорчилик уюштириш ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб қидирувда бўлгани ва террорчилар базасида махсус тайёргарликдан ўтганлигини" иддао қилишмоқда.

Айни пайтда, Россия ФСБси охирги пайтларда террорчиликда гумон қилиниб, қўлга олинганларнинг асосий қисми Марказий Осиё минтақасидан келган меҳнат муҳожирлари экани тўғрисида баёнот берди.

Ўзбекистонлик “жиҳодчиликда” айбланди

Расмий Тошкент томонидан Ўзбекистонда “терроризм ва конституциявий тузумни ағдаришда” айбланиб халқаро қидирувга берилгани айтилаётган 22 яшар ўзбекистонлик 13 декабрь, кундуз куни Петербургда қўлга олинди.

Озодликка маълум бўлишича, соат 13:40 ларда Россия Ички ишлар вазирлигининг “Э” маркази ходимлари томонидан Фонтанка дарёси бўйида жойлашган 59-уйда 1994 йилда туғилган ўзбекистонлик ҳибс этилган.

Бу ҳақда қўшимча маълумот берган Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Вячеслав Степченко, исми терговчилар талаби билан ошкор этилмаётган бу шахс Россияда тақиқланган диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда ҳам гумон қилинаётганини билдирди.

- Аниқландики, ушланган шахс бир ярим йилдан ортиқроқ вақт тергов органларидан яшириниб юрган ва ўз юртида у бир қанча жиноятларда айбланган экан. Петербург терговчилари унинг шимолий пойтахтдаги бошқа шерикларини қидиришни давом эттирмоқда. Ҳозир Ўзбекистондаги ҳамкасбларга унинг ушлангани хабари етказилди, деди полиция расмийси Вячеслав Степченко.

Петербург полицияси ва ФСБ 22 яшар бу йигит Россияда тақиқланган “Жиҳодчилар исломий гуруҳи” аъзоси бўлиши мумкинлиги тўғрисида маҳаллий матбуот орқали маълумот сиздирди. Махфий хизмат ходимлари, шунингдек, уни “террорчилар базасида турли диверсиялар ўтказиш учун махсус тайёргарликдан ўтган бўлиши мумкинлиги” тўғрисида ҳам хабар қилди.

Озодлик Интернетдаги очиқ ресурслар ва бошқа манбалардан “Жиҳодчилар исломий гуруҳи” фаолияти тўғрисида бирор маълумот аниқлай олмади. Таҳририят мурожаат қилган экспертлар ҳам бундай ташкилот тўғрисида биринчи маротаба эшитаётганини билдиришди.

Ҳозирда Санкт-Петербургнинг полиция бўлимларидан бирида қолаётган муҳожир йигит экстрадиция қилинишини кутаётгани маълум бўлди.

"Террорчиликда айбланаётганларнинг асосий қисми - марказий осиёлик муҳожирлар"

Петербургнинг Фонтанка мавзесида ўзбекистонлик 22 яшар шахснинг қўлга олинган бир пайтда Москвада Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников террорчиликка қарши кураш борасида йиллик ҳисобот берди.

ФСБ директори 2016 йилда биргина Шимолий Кавказда “129 жангари, жумладан 22 нафар тўда бошлиқлари” йўқ қилингани тўғрисида Этник террорчиликка қарши қўмита йиғилишида айтди.

- Жами мамлакатимизда 898 нафар бандит ва уларга қўмаклашувчилар ҳибс этилди, катта миқдорда қурол-яроғ мусодара қилинди, бомба тайёрлаш бўйича 48 лаборатория йўқ қилинди. Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Нижний Новгородда кучишлатар тизим ходимлари томонидан транспорт ва жамоатчилик жойларида уюштирилишга ҳозирланган 42 теракт олди олинди. Уларни яқин ҳориж мамлакатлари ватандошлари режалаштирган, деди Александр Бортников.

Бортников Украина ҳукуматини Россия томонидан аннексия қилинган Қримда “террорчилик режаларни амалга оширишга ҳозирланаётганликда” айблади.

Россия махфий хизмати раҳбари давлат ҳудудида “россияликларни террорчилик ташкилотларига даъват этган 34 киши ушлангани”ни қўшимча қилди. Шунингдек, ўтиб бораётган 2016 йил давомида махсус хизматлар талаби билан “террорчиликни молиялаштирган 2 минг кишининг ҳисоб рақамлари музлатилгани”, яна 26 минг интернет-ресурс террорчилик ва экстремизм тарғиботида айбланиб ёпилгани айтилди.

-Террорчилик билан кураш соҳасида вазият мураккаблигича қолмоқда ва бунга жавобан миграция оқимлари назорати кучайтирилиши лозим, дея якунлади ўз чиқишини Александр Бортников.

Охирги пайтларда Россиянинг турли шаҳар-ўлкаларида террорчилик ва экстремизмда гумонланаётган марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонликлар ушланиши ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Бир ҳафта олдин Москвада 12 ўзбекистонлик ва қирғизистонлик “ҳизбчиликда” айбланиб ҳибсга олингани айтилган эди.

2016 йилнинг ноябр ўрталарида, Россия матбуоти ФСБ ва полиция махсус кучлари Москва ва Петербург минтақаларида бир неча адрес бўйича ўтказган амалиётда жами 12 нафар марказий осиёлик қўлга олинганди.

10 нафари этник ўзбек ва 1 нафари этник тожик бўлган 18 дан 32 ёшгача бўлган муҳожир йигитлар портлаш уюштиришдан ташқари қурол-яроғ сақлаганликда ва “Ислом давлати” жангарилари билан алоқа қилганликда айбланаётгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўринг (11)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG