Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 23:40

Темир йўлчи Ўзбекистон Қаҳрамони Бош вазирга биринчи ўринбосар бўлди


Очилбой Раматов "Ўзбекистон темир йўллари" акционерлик жамиятини 14 йилдан буён бошқариб келади

Ўзбекистон президенти “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Очилбой Раматовни мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади.

Ўзбекистон ҳукумати порталига қўйилган маълумотга кўра, 54 ёшли Очилбой Раматов Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексига раҳбарлик қилади.

У бир вақтнинг ўзида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси сифатида фаолиятини давом эттиради.

Машинистликдан Бош вазир биринчи ўринбосаригача

Очилбой Раматов 1962 йил Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган, фаолиятини 1980 йилда Урганч локомотив депосида машинист ёрдамчиси сифатида бошлаган.

1988 йилда Тошкент Темир йўл муҳандислари институтини муҳандис-механик мутахассислиги бўйича тамомлагач, Раматов Тошкент тепловозларни таъмирлаш заводининг устаси, тепловоз цехи бошлиғи ўринбосари ва вагон таъмирлаш цехи бошлиғи бўлиб ишлаган.

1995 йил март ойида у “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси бош директори лавозимига, 2001 йил май ойида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг бош менежери-бош муҳандиси лавозимига тайинланди.

Очилбой Раматов 2002 йилдан буён “Ўзбекистон темир йўллари” бошқаруви раисидир.

2000 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ишчиси давлат унвони, 2007 йил август ойида “Фидокорона хизматлари учун ” ордени, 2011 йил августида “Эл-юрт ҳурмати ” ордени билан тақдирланган.

2013 йилда Очилбой Раматов “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари оилали, уч қизи бор.

Ишдан кетишига бир баҳя қолганди

Озодлик 2015 йил апрелида Очилбой Раматовни ишдан олиш ҳаракатлари бораётгани ҳақида мақола чоп қилганди.

Мақолада, хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг камида уч мулозими ишдан олингани ва МХХ томонидан мулозимларга нисбатан тергов иши очилгани маълум қилинганди. Ушбу терговлар нима билан якун топгани борасида маълумот йўқ. Очилбой Раматов ўз лавозимини сақлаб қолди.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати расмий сайтида номлари келтирилган ўринбосарлардан бири - Даврон Деҳқоновнинг ҳамон ўз лавозимида қолаётгани кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG