Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:01

Андижон вилоятида ўқитувчилар лимонарийлар барпо этишга мажбурланмоқда


Андижон мактабларидан бирида қурилаётган лимонарий
Андижон мактабларидан бирида қурилаётган лимонарий

Андижон вилояти ҳокимлиги пахта мавсуми бошланиши арафасида вилоятдаги мактаблар ва болалар боғчаларига лимон етиштиришга топшириқ бериши ортидан баъзи мактаблар лимонарийлар қуришга мажбурланмоқда. Бироқ, Озодлик тўплаган маълумотларга кўра, моддий қийинчиликлар ва мутахассисларнинг йўқлиги туфайли аксар мактаб ва болалар боғчалари лимон етиштиришга ошиқмаётир. Беш йил муқаддам Ўзбекистон ҳукумати тропик мевалар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида ​импорт қилинадиган тропик меваларга божхона қийматининг 25 фоизи миқдорида акциз солиғи тайинланган эди.

Telegram тармоғи воситасида Озодликка хабар йўллаган манбага кўра, Андижон вилоятидаги "барча мактаб ва боғчаларга мажбурий лимон кўчатини экиш топширилган".

Узунлиги ер ҳажмига қараб, чуқурлиги 1 метр ва энига ҳам 1 метр қилиб, кичик парник қилиб экиш топшириғи берилган. Бу ишга вилоят ҳокимлигидан районо ва боғча мактабларга келиб мажбур қилинмоқда. Ҳозир Андижонда бу ишлар кенг тус олган,” деб ёзади Озодлик манбаси.

У юборган фотосуратда мактаблардан бирида лимонарий учун ер қазилаётганини кўриш мумкин.

Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси ходими лимонарий барпо этиш ғояси вилоят ҳокимлигидан чиққанини айтди.

Исми сир қолишини истаган бошқарма ходими ҳозирда ўрта мактаблар ва болалар боғчалари маъмуриятларидан ажратилган томорқаларда лимонарий барпо этиш талаб қилинаётганини эътироф этди.

Шунингдек, Озодлик ўз текшируви жараёнида Андижон шаҳри ва туманлари мактабларида лимонарий барпо этиш ишлари олиб борилаётганини аниқлади.

"Имконият йўқ"

Андижон шаҳридаги камида иккита ўрта мактаб директори лимонарий барпо этиш учун молиявий имконият ва мутахассислар йўқлигини айтди.

Лимонарий ташкил қилайлик десак, пулимиз йўқ. Вилоят ҳокими банклар кредит ажратади, деган. Лекин, кредитни тўлаши ҳам бор-да. Қолаверса, боғбоннни қаердан топамиз. Лимон етиштириш учун бу ишни яхши биладиган одам керак. Ўқитувчилар дарс берсинми ёки боғбонлик қилсинми, бошимиз гангиб қолди,” дея шикоят қилди ўз исми сир қолишини истаган мактаб директори.

Андижон шаҳридаги бошқа бир мактаб директори, лимонарий барпо этишга имкон йўқлигидан ўқитувчилар гултувакларда лимон кўчати экишга ўтганини айтди.

"Парникка имкониятимиз йўқ. Мактабга ажратилган ер футбол стадиони ёнида жойлашгани учун у ерга лимонарий қилиб бўлмайди. Энди мактабнинг ичида гултувакларда лимон кўчати етиштиришга мажбур бўлаяпмиз," деди Андижон шаҳридаги мактаблардан бирининг директори.

Озодлик ўз текшируви давомида лимонарий барпо этиш Андижон вилоятида йўлга қўйилганини аниқлади. Бу иш мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам ёйилганми-йўқми - бу ҳақда ҳозирча маълумот йўқ.

Ҳар ҳолда, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари, жумладан Сурхандарё, Бухоро, Тошкент, Жиззах ва Сирдарёдаги ўрта мактаблар маъмуриятлари янги тадбирдан бехабар эканликларини билдиришди.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Статистика бўйича давлат қўмитаси қўшма ҳисоботига кўра, 2016 йилнинг дастлабки тўққиз ойи ичида ўтган йилнинг айнан шу даврига нисбатан янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт ҳажми 40 фоизга ўсган.

Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ярим миллион тоннадан ошган.

Ўзбекистондан экспорт қилинаётган мева ва полиз экинларининг умумий ҳажмидан 60-65 фоизи Россия Федерациясига тўғри келади.

Озодлик суҳбатлашган Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси ходими мактаб ва боғчаларда лимонарийлар барпо этиш ташаббусини мева-сабзавот экспорт ҳажмини кўпайтириш заруратининг ошгани билан изоҳлади.

Беш йил муқаддам Озодлик билан суҳбатлашган машҳур селектор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий академиги Зайниддин Фахриддиновнинг ўғли Муҳаммадазиз Фахриддинов мамлакатда лимон етиштиришга эътибор берилмаётганидан шикоят қилганди.

Муҳаммадазиз Фахриддинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:31 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG