Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:54

Қримлик Ўзбекистонга жўнатилишини истамай очлик акцияси ўтказмоқда


Қримлик Недим Халилов Ўзбекистонга депортация қилинаяпти
Қримлик Недим Халилов Ўзбекистонга депортация қилинаяпти

Таниқли қрим-татар фаоли Недим Халилов Қримдаги Симферополь шаҳри суди қарори билан Ўзбекистонга депортация қилинадиган бўлди. Бир ой олдин эълон қилган очлик акциясини давом эттираётган қримлик фаол Ўзбекистонда туғилган. Лекин бу мамлакатдан 1991 йилда кўчиб кетган Халилов ўзини Ўзбекистон фуқароси, деб ҳисобламайди ва фуқаролиги йўқ шахс, деб тан олинишини талаб қилиб келмоқда. Халиловнинг ҳимоячилари эса, шу тариқа рус махфий хизматлари Россия томонидан қўшиб олинган Қримдаги татарлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келгани учун уни ўз юртидан чиқариб юбораётганини гапирмоқда.

Россияда ўз фаолияти учун тақиқланган қрим-татарлар Миллий мажлиси раиси Рефат Чубаров ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида рус ҳукуматини Мажлис аъзоси Недим Халиловни ноқонуний тарзда Ўзбекистонга депортация қилаётганликда айблади.

“Недим Халилов 1959 йилда Ўзбекистонда, Қримдан 1944 йилнинг 18 майида бадарға қилинган қрим-татарлари оиласида, туғилган. Cовет ҳукумати қаршилигига қарамасдан Недим Халилов аввал 1986 йилда ўзининг ота юртига қайтишга уринган, 1991 йилдан эса у ерда доимий яшашга ўтган. Бугунга қадар у тинч ва куч ишлатмаслик усуллари билан қрим-татар халқи ҳуқуқлари учун курашиб келди. Қрим-татар халқининг ҳуқуқлари поймол этилишига жавобан у Украина ватандошлигини олмасдан келган ва аллақачон тарқаб кетган СССР паспортидан фойдаланиб келган”, деб Недим Халилов ота-онаси каби ўз тарихий ватанидан иккинчи маротаба ҳайдалаётганини ёзган Рефат Чубаров.

Мажлис раиси сўзларига кўра, Недим Халилов Қрим ярим оролининг Россия томонидан қўшиб олиниши ортидан ҳам янги ҳукумат паспортини олишга шошилмаган: у ватандошлиги йўқ шахс мақомини беришни сўраб, маҳаллий идораларга мурожаат қилган.

Аммо, жорий йилнинг 7 ноябрида Симферополь шаҳри Железнодорожний туман суди қарори билан Недим Халиловни Ўзбекистонга депортация қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Сочи яқинидаги Вардане қўрғонидаги Хорижликларни сақлаш депортация марказига юборилган Недим Халилов очлик эълон қилди.

Недим Халилов ҳимоясини ўз зиммасига олган таниқли адвокат Дагир Хасавов ҳимоясидаги шахснинг Ўзбекистонга бериб юборилишига ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқлигини Озодликка гапирди.

Адвокат куни-кеча 38 кундан буён очлик акцияси ўтказаётган Недим билан учрашгани ва унинг аҳволи ўта оғир эканини тасдиқлаб, деди:

- У 20 килодан ошиққа озиб кетди. Тирик мурдага ўхшаб қолган – юра олмайди, гапира олмайди, эшитиш ва кўриш қобилияти ёмонлашган. Бу инсон ўлим ёқасида турибди! У Россия бош прокурорига қилган мурожаатида очарчиликни тўхтатмаслигини билдирган. У ўз юртига, ота-онаси кўмилган жойга қайтарилиши ва ўзини қрим татари эканини эътироф этишни талаб қилмоқда. У бошқа ҳеч нарса талаб қилаётгани йўқ, деди адвокат Дагир Хасавов.

Н.Халилов адвокат Д.Хасавов билан депортация марказида
Н.Халилов адвокат Д.Хасавов билан депортация марказида

Ҳимоячи Ўзбекистон тарафи Халиловни ўз ватандоши сифатида тан олсагина уни депортация қилиш учун асос пайдо бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Аммо Ўзбекистонга ҳозирги вазиятда бундай сиёсий жанжалга бош тиқишдан на ҳожат?!”, дея давом эттиради Дагир Хасавов.

- Улар Ўзбекистон элчихонасига унинг ватандошлигини тасдиқлаб сўровнома юборганига шахсан гувоҳман. Улар ҳозирча жавоб берганича йўқ. Агарда Тошкентдан бундай тасдиқ келса, Халилов шу заҳотиёқ депортация қилинади. Агарда ўзбеклар уни ўз ватандоши сифатида қабул қилмаса, уни қўйиб юборишлари ва Қримга қайтаришлари лозим. Учинчи ҳолат ҳам бор – Ўзбекистондан ҳеч қандай жавоб келмаса, Халилов депортация марказида яна 2 йилча қолиши мумкин, деди адвокат Дагир Хасавов.

Материал эфирга узатилаётганида, яъни 29 декабр куни, Недим Халилов Ички ишлар вазирлигидан келган буйруққа биноан Ростов вилояти Гулкевичи қўрғонидаги фильтрация лагерига ўтказилаётгани хабари Озодликка етказилди.

“Қрим татарлари ресурс маркази” 600 километрли этапга очлик акцияси ўтказаётган маҳбус Недим Халилов бардош бера олмаслигини билдирмоқда. Қрим татарлари Миллий мажлиси Недим Халиловнинг Ўзбекистонга депортация қилишга ҳаракатни қоралаб, махсус баёнот ҳам тарқатди.

Бухорода таваллуд топган 57 ёшли Недим Халиловнинг Қримда фарзанд-набиралари қолгани Озодликка маълум бўлди.

Озодлик Россия ҳукумати томонидан депортация қилинаётган ўзга давлат ватандошлари тақдири борасида хабар бериб келмоқда.

XS
SM
MD
LG