Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:28

Янги йил: Ўзган арча безатишдан воз кечди, Қадамжойда арча бузиб кетилди


Бишкекда Янги йил тунида олинган сурат.
Бишкекда Янги йил тунида олинган сурат.

Бишкек ва Ўш узоқ йиллардан бери қайси шаҳар энг гўзал ҳамда энг катта арча ясатади, деган маънода норасмий мусобақалашиб келаётганига қарамай, Қирғизистоннинг айрим шаҳарларида ҳокимлар Янги йил арчасини безатишдан воз кечди. Қадамжой шаҳрида ясалган арча эса номаълум одамлар томонидан бузиб кетилди.

Қирғизистон пойтахти Бишкек ва жанубий пойтахт мақомига эга Ўш кўп йиллардан бери Янги йил байрамида ким энг гўзал ва баланд арчани ясатади, деб мусобақалашиб келади. Бу йил арчанинг баландлиги бўйича Ўш ғолиб келди, десак бўлади. Ўшда 30 метрли арча ясатилди. Бишкекда эса арчанинг узунлиги 25 метр бўлди. Бироқ арчанинг ясатилиши бўйича ғолиблик Бишкекка насиб қилди.

Қирғизистоннинг икки йирик шаҳри ўртасидаги мусобақалашувга қарамай, мамлакатнинг айрим туманларида маҳаллий ҳокимиятлар арча безатишдан воз кечди. Жумладан, Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида уч йилдан бери Янги йилда арча ясатилмайди.

-Биз Янги йил байрамида арча ясатмай қўйганимизга уч йил бўлди. Янги йил байрами бизнинг халқимизга мажбуран сингдирилган байрам эди ва бу байрам халқимиз орасида оммалашмади. Биз бу байрамни бизга бошқа миллат томонидан нишонлаш мажбур қилинган тадбир, деб ҳисоблаймиз, - деди Ўзган туман ҳокими Аттокур Тажибаев.

Боткен вилоятининг Қадамжой шаҳрида эса Янги йил муносабати билан шаҳар бош майдонида ясатилган арча номаълум шахслар томонидан бузиб кетилди. Бу воқеа, хабарларга кўра, 27 декабрда содир этилган. Маҳалий аҳоли арчани диндорлар бузиб кетган, деган ишончда.

Ўш вилоят қозисининг ўринбосари Нурбек Ўрунбаев Қадамжойда арча бузиб кетилганини қўллаб-қувватлашини айтди:

-Агар зиёни йўқ бўлса, ислом миллий байрамларни нишонлашни тақиқламайди. Янги йил байрами ҳар томонлама одамларга зиён келтиради. Масалан, дастурхон тузаш учун катта маблағ сарфланади, ичкилик ичилади, зинокорликка йўл очилади. Шунинг учун бу байрамни нишонламай қўйган яхшироқ. Бироқ ким бу байрамни нишонлагиси келса, уларга тўсиқ бўла олмаймиз. Айни пайтда ясатилган арчаларнинг бузиб кетилишини биз қўллаб-қувватлаймиз, -деди қози ўринбосари.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса президент Арча байрамига йиғилган мингдан ортиқ болани табриклар экан, Янги йил ва Наврўз байрамни нишонлашга қарши бўлган одамларни танқид қилди.

-Янги йилни, Наврўзни бизнинг байрам эмас, деб қарши чиқаётганларга йўл бермаслигимиз лозим. Бу қирғизнинг тарихидир, -деди Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистонда сўнгги 20 йилдан бери Янги йил ва Наврўз байрамини нишонлашга қарши бўлганлар билан бу байрамлар тарафдорлари ўртасидаги баҳс-мунозаралар давом этиб келмоқда. Дин уламоларининг кўпчилиги ҳам ошкора равишда Янги йилни байрам қилмасликкка даъват этиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG