Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:54

2017 йилда Ўзбекистондан Ҳажга борувчилар сони оширилмайди


Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда Саудия расмийлари Ўзбекистондан ҳажга борувчилар сонини 2018 йилга қадар кўпайтирмасликка қарор қилганини айтди.

Исми сир қолишини сўраган мулозим Саудия расмийларининг макзур қарорини Макка шаҳридаги Масжид ал-Ҳарамда кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари бораётгани ва зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳлади.

Ҳар йили Ўзбекистон ҳукуматининг тўлиқ назорати остида 5 мингдан кўпроқ одам Ҳажга ва 6 минг одам Умрага боради.

"Ҳаж вазирлиги 2013 йилда Ҳарам ичи ва атрофида таъмирлаш ишлари боис зиёратчилар сонини 20 фоизга қисқартирганди. Лекин, Саудия Ўзбекистонлик ҳажга борувчилар сони мамлакат мусулмонлари жон бошига нисбатан камлигини инобатга олиб, квоталарни қисқартирмасликка, зиёратчилар сонини қанча бўлса, шунча қолдиришга қарор қилди", деди Саудия Ҳаж вазирлиги мулозими.

Ушбу чекловлар, вазирлик мулозимига кўра, 2018 йилга қадар давом этади.

Навбат

Озодлик суҳбатлашган бир неча киши Ҳажга бориш учун кўп йиллардан буён навбатда туришлари, аммо қачон уларга навбат келишини ҳамон билмасликларини билдирди.

Ўзбекистонда Ҳаж зиёрати учун ҳукумат белгилаган квотанинг ўта чекланганлиги боис, Ҳажга бориш учун ўн йиллаб навбат кутаётган мусулмонлар бор.

Тошкент шаҳри Учтепа туманида истиқомат қиладиган 61 яшар Шоира Содиқбекова 2013 йилдан буён Умра сафарига бориш учун навбатда туради. У Ҳаж зиёратига бориш учун 148 йил навбат кутиши кераклигини ​айтиб, Озодликка шикоят қилганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ўтган йил октябрь ойида Озодлик билан суҳбатда Ҳаж ва Умрага боришни истаган мусулмонлар сони ҳаддан зиёд кўплигини тан олган эди.

- Кўпайтирамиз, деб марҳум президентимиз рухсат берувдилар. Мен гувоҳиман. Бу навбатлар кўпайиб кетибди, деган пайтда, Маккада ремонтлар бошланиб қолди. 2018 йили тугар экан. Ана шу тугагандан кейин кўпайтирасан, деяпти. Улар бизга квотани кўпайтирмаяпти ҳозир, - деб айтди Абдулазиз Мансур.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитасига кўра, 2016 йилда 5200 нафар ўзбекистонлик Ҳаж ибодатини адо этди.​

Квота vs. Назорат?

Вазирлик расмий сайтидан маълум бўлишича, Исломий Ҳамкорлик Ташикилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 1987 йилда имзолаган битимига мувофиқ, ҳар бир мамлакат Ҳажга ҳар бир миллион мусулмон аҳолисидан мингтагача зиёратчи юборишга ҳақлидир.

Ҳиндистон, Индонезия ва Бангладеш сингари йирик мусулмон аҳолисига эга мамлакатларга янада камроқ ўрин ажратилган.

Бу квотага амал қилинса, 30 миллиондан ортиқроқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон йилига камида 20 минг одамни Ҳажга жўнатиш ҳақига эга бўлади.

Президент Каримов даврида Ўзбекистон бу имкониятдан фойдаланмади.

Ҳар йили Ўзбекистонлик мусулмонларнинг Ҳаж ва Умра зиёратлари Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тўлиқ назорати ва ташкилотчилиги остида амалга оширилади.

Саудияда таълим олувчи тошкентлик талаба ўзбекистонлик ҳожилар зиёрати ўта тартибли ўтганига гувоҳ бўлганини айтди.

"Ўзбекистондан ҳожиларнинг бориши саудияликлар учун жуда қулай. Чунки тартибли келиб, тартибли кетишади. Зиёрат тугаганидан кейин ҳаммаси, тартиб билан, Ўзбекистонга қайтиб кетишади. Макка ва Мадинада турадиган жойлари ҳам аниқ," - дейди ўзбекистонлик талаба.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Наманган-Мадина ва Урганч-Мадина йўналишларида махсус чартер рейсларини йўлга қўяди.

XS
SM
MD
LG