Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:27

Туркиянинг Измир шаҳрида портлашдан 4 одам ўлди


Туркиянинг Эгей денгизи соҳилида жойлашган Измир шаҳрида портлаш содир бўлди ва уни уюштирган 3 шахс билан полиция ўртасида отишмада 2 қуролланган шахс ўлдирилди. Туркия матбуотига кўра, воқеа давомида бир полициячи ва бир адлия ходими ҳам нобуд бўлган, 7 киши жароҳатланган. Айтилишича, шаҳар адлия бошқармаси биноси олдида бомба ўрнатилган автомобил портлатилган.

TRT Haber телевидениесининг хабар қилишича, портлаш кечки соат 5 январ, 16 да Измир шаҳар Адлия бошқармаси биноси ёнидаги автомобиллар туриш жойида содир бўлган. Ҳозирча бомба ўрнатилган автомобил портлатилгани айтилмоқда.

Haber Turk телевидениеси берган хабарга кўра, портлашдан сўнг бошланган отишмада 2 қуролланган шахс ўлдирилган. Норасмий маълумотларга кўра, яна бир шахс қочган. Аммо, бу хабар ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Anadolu агентлиги берган хабарга кўра, портлаш вақтида бир полициячи ҳамда Адлия бошқармасининг бир ходими ўлган. Яна 7 кишининг жароҳатлангани, уларнинг икки нафари эса полиция ходими экани айтилмоқда.

Измир шаҳар ҳокими Эрол Аййилдизнинг айтишича, ҳодиса юз берган жой яқинида ҳужумчиларга тегишли экани аниқланган яна бир автомобил топилган ва зарарсизлантириш мақсадида портлатилган.

Ҳокимнинг матбуотга очиқлашича, бинони қўриқлаб турган полициячилардан бири қуролланган шахслар ўтирган машинани пайқаган ва уларни тўхтатишга уринган кезда отишма чиққан. Эрол Аййилдиз "отишма чоғида икки террорчи ўлдирилгани ва уларни пайқаган илк полициячи ҳам ўлгани"ни маълум қилди.

Шунингдек, ҳоким ўлдирилган икки ҳужумчи шахсига оид маълумотлар қўлга киритилгани ва ҳозирча уларнинг PKK - Курдистон ишчилар партияси террор ташкилотига алоқадор экани тахмин қилинаётганини айтди.

Измирдаги ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ зиммасига олмади.

Бунга қадар 1 январга ўтар кечаси Истанбулдаги "Рейна" тунги клубга қилинган ҳужум оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 69 киши яраланган эди. Бу ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" террор гуруҳи ўз зиммасига олган.

5 январ куни Туркия Бош вазири ўринбосари Вайсий Қайноқ тунги клубда 39 кишини отиб ўлдирган ҳужумчининг уйғур миллатига мансублиги тахмин қилинаётгани билдирди.

Қайноқққа кўра, айни пайтда турк махсус хизматлари ҳужумчининг эҳтимолий манзили ва унга алоқадор шахсларни аниқлаган.

Асосан, мусулмон бўлган уйғурлар Хитой ғарби ва Марказий Осиё республикаларида истиқомат қиладилар.

Туркия полицияси 5 январ куни ҳам Истанбулнинг бир неча туманида рейдларни давом эттириб, яна бир неча шахсни ҳибсга олди. Anadolu агентлигига кўра, ҳисбга олинганлар уйғур миллатига мансубдир.

4 январь кунги тунги клубга ҳужумни ўз зиммасига олган "Исломий давлат" террор гуруҳига алоқадор кўрилган 20 одам Измирда ҳибсга олинган.

Измирдаги портлашга оид хабарларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG