Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:14

Петербургда муҳожирлар билан боғлиқ бир қанча жиноят содир этилди


Санкт-Петербургда “Александр Невский майдони” метро бекатида 22 яшар Ўзбекистон ватандошини поезд остига туртиб юборган шахс ушланди. 20 яшар ҳамюртини зўрлаган ва тунаб кетган ўзбекистонлик муҳожир қидирилмоқда. Петербург полицияси 20 яшар Ўзбекистон ватандоши Пётр Буюк кўпригидан ўзини дарёга ташлаб юбориши сабабларини ўрганмоқда.

Ўзбекистонликни поезд тагига туртиб юборган шахс ушланди

Санкт-Петербург полицияси шаҳар метросининг “Александр Невский майдони” бекатида 10 январ куни эрталабки соат 7:35 ларда 22 яшар Ўзбекистон ватандошини темир йўл изига туртиб юборган шахсни қўлга олди.

Озодликка маълум бўлишича, бу жиноятни содир этганликда ўлган шахснинг таниши – 22 яшар Қирғизистон ватандоши гумонланмоқда.

Санкт-Петербургда метро поезди остида Ўзбекистон ватандошининг ҳалок бўлиши ортидан Жиноят Кодексининг 105, “қотиллик” моддаси бўйича жиноят иши очилди.

Терговчилар айбланувчи бекатга кириб келаётган поезд тагига ўз танишини қасддан туртиб юборгани видеоназорат камераларида акс этганини тасдиқламоқда. Олдиндан таниш бўлган бу йигитлар метро бекатининг ўзида жанжаллашиб, муштлашгани айтилди.

Поезд тагидан олиб чиқилган ўзбек муҳожири шифохонага етмасдан жони узилган.

Петербург метросининг 4 линияси фаолияти 15-20 дақиқага тўхтатилгани, шу линия бекатларида ишга кетаётган одамлар тўпланиб қолгани ва тиқин юзага келганини маҳаллий ахборот воситалари хабар қилди.

Ҳозирда қирғизистонлик муҳожир дастлабки тафтиш якунига қадар 2 суткага ҳибсга олингани маълум.

Маҳаллий ахборот воситаларида 22 ёшли ўзбекистонлик Петербургдаги ошхоналардан бирида ошпаз бўлиб ишлагани хабари пайдо бўлди.

Худкуш ота-онаси билан кўприкда хайрлашди

10 январ куни Петербургдаги "Пётр Буюк" кўпригидан дарёга ташлаб, 20 ёшли яна бир Ўзбекистон ватандоши халок бўлди. Шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, кечки соат 8:30ларда кўприк қўриқчиси кўринишидан осиёлик бўлган ёш йигитни кўприкдан пастга сакраганини полицияга хабар қилади.

У бундан олдинроқ бу йигит телефонда гаплашиб турганини кўрганини хабар қилган. Ҳодиса гувоҳи муҳожир жасади қисман музлаган Нева дарёсида оқиб кетаёгани ва муз остига кириб кетганини ҳам айтган.

Кўприкда қолдирилган унинг телефонидаги охирги терилган рақамлардан орқали полиция 20 яшар Ўзбекистон ватандоши экани маълум бўлган бу йигит ўзининг ота-онасига қўнғироқ қилиб, улар билан хайрлашганини аниқлаган.

Полиция исми ошкор этилмаётган худкушнинг яқинларига ҳодиса борасида хабар етказгани маълум қилди.

Ўзбек қизни зўрлаган муҳожир қидирувга берилди

Россия шимолий пойтахтининг Курортний туман полицияси 6 январ куни 20 яшар ўзбекистонлик қизни калтаклаб зўрлаган ва тунаб кетган шахсни қидирувга берди.

Ички ишлар туман бўлими хабар қилишича, ўзини Муҳаммад деб таништирган шахс бу қиз билан маршрут таксисида бирга кетаётган бўлган. Зеленогорск яқинида машинадан тушиши билан Муҳаммад бу қизни орқасидан келади ва кўринмас жойда унга ташланиб, ўлжасини қаттиқ калтаклаб бўғади ва зўрлайди.

Қочиб кетаётиб, жиноятчи ўзи билан жабрланувчининг қўл телефони, олтин занжирчаси, исирға ва узугини олиб кетгани маълум бўлди. Жабрланган ўзбекистонлик қиз шифохонага ётқизилди.

Полиция жиноятчини қидиришни давом эттирмоқда.

XS
SM
MD
LG