Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:26

Қозоғистонда Сурия бўйича тинчлик музокаралари бошланди


Музокараларда иштирок этиш учун Остонага 22 январь куни Россия, Туркия ва Эрон вакиллари келди.

АҚШ томони анжуманда Қозоғистондаги элчи Жорж Крол Вашингтонни тамсил қилишини билдирди. Сурия мухолифати эса 50 кишидан иборат делегациясини юборган.

Сурия мухолифати вакили Яхё ал Аридий мана буларни айтди:

- Бу ерда иккита масала муҳокама қилиниши кутилаяпти. Биринчидан, Туркия ва Россия ўқ отишни тўхтатиш бўйича ўтган йилнинг 30 декабрида имзолаган шартнома мустаҳкамланиб, Суриянинг барча ҳудудларида амал қилиши лозим. Айни пайтда Сурия режими ва Эрон ўқ отишни тўхтатиш шартномаси шартларини бузаётганига эътибор қаратиш керак, -деди Яхё ал Аридий.

“Интерфакс” агентлигининг билдиришича, Сурия мухолифати вакиллари Сурия ҳукумат делегацияси таркибида ҳарбийлардан кўра сиёсатчилар кўпроқ эканидан норозлик билдирган. Мухолифатга кўра, улар аввал ҳукумат делегацияси таркиби асосан ҳарбийлардан иборат бўлишига келишиб олган эди.

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стефан де Мистура ҳам музокараларда иштирок этади.

Учрашув иштирокчиларини Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев номидан бу мамлакат ташқи ишлар вазири Қайрат Абдурахманов олқишлади.

Учрашувда Қозоғистон томони ўзи иштирок этмаяпти. Астана учрашув учун жой берган, холос.

Астанадаги сўзлашувлар ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. Мазкур учрашув Сурияда қарийб 6 йилдан буён давом этаётган фуқаролар урушига чек қўйиш йўлида Россия, Туркия ва Эроннинг биргаликдаги стратегиясининг бир қисми ўлароқ баҳоланмоқда.

300 мингдан 400 минг нафаргача бўлган киши Суриядаги қуролли тўқнашувлар қурбони бўлгани айтилади. Мазкур уруш Суриянинг қатор шаҳарлари ва инфратузилмасини вайрон қилди, юз минглаб қочқин ўз ватанини ташлаб Европа мамлакатларига йўналди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, музокаралар 24 январда куннинг иккинчи ярмида якунланади. Шундан сўнг музокаралар натижаси бўйича якуний матбуот анжумани ўтказилади.

XS
SM
MD
LG