Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 02:09

Трамп мусулмон давлатлардан келганларнинг АҚШга киришига вақтинча тўсиқни ҳимоялади


АҚШ президенти Дональд Трамп

Президент Дональд Трамп АҚШга еттита мусулмон давлатдан келган одамларнинг АҚШга киришига вақтинча тўсиқ қўйилганини ҳимоялаб, уни “мусулмонларга нисбатан жорий этилган тақиқ" сифатида баҳоламаслик кераклигини таъкидлади.

Трампга кўра, кейинги 90 кун ичида иммиграция билан боғлиқ хавфсизлик чоралари ишлаб чиқилиб, улар амалга киритилгач, бу давлатлар фуқароларига виза бериш тартиби қайта тикланади.

Оқ Уй матбуот котиби Шон Спайсер 90 кун ичида мамлакатга келаётганлар шахсига оид маълумотларни ўрганиш учун қўшимча текширув чоралари ишлаб чиқилади.

“Америка фуқаролари хавфсизлиги, давлатимиз хавфсизлиги ўта муҳим бўлиши керак. Президент кеча (28 январь куни, яъни президент фармони кучга кирган кун) айнан шундай қилди: бундан мақсад биз мамлакатимизга киритаётган одамлар тинч мақсадлар билан келганига ҳамда бизга зиён келтирмаслигига ишонч ҳосил қилишдир”, деди Спайсер.

Трамп АҚШни “хорижий террочилардан” ҳимоя қилишни ваъда қилиб, 27 январь куни АҚШ муҳожирлар дастурини 120 кунга тўхтатиб қўювчи, суриялик қочқинларни қабул қилишни номаълум муддатга тўхтатувчи ҳамда еттита мусулмон давлатдан келган одамларнинг АҚШга киришига 90 кунлик тўсиқ қўювчи фармонни имзолади.

Спайсерга кўра, 29 январь куни АҚШга борган 109 одам шу фармон ижроси ортидан мамлакатга киритилмаган:

“Кеча (2 январь куни) 325 000 одам хорижий давлатлардан АҚШга саёҳат қилди. Ушбу фармон (интервью ва тафтиш) ортидан келган 109 нафар одамга таъсир қилди. Улар биз аниқлаган, аслида Обама маъмурияти саёҳат чекловлари киритилиши керак, деб топган етти давлатдан келган”.

Ҳозирда АҚШ бўйлаб президентнинг бу қарорига қарши норозилик намойишларида минглаб одамлар иштирок этмоқда. Намойишчилар аэропортларни эгаллаб олган.

28 январь куни Нью-Йорк округ суди судьяси Энн Донелли давлат чегарачиларига президент тақиқлаган давлатлардан амалдаги виза, қочқинлик мақоми ва АҚШга киришига рухсат берувчи ҳужжатлар билан борган шахсларни депортация қилишни тақиқлади. Яна тўрт штатда федерал судьялар шунга ўхшаш қарор чиқарди.

Айни пайтда, Трампнинг бундай ҳаракати дунё давлатлари лидерлари томонидан ҳам танқид қилинмоқда.

Жумладан, Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэй идораси 29 январь куни баёнот тарқатиб, вазирнинг бундай чекловларни маъқулламаслиги ва ўз давлати фуқароларига дахл қилган тақдирда АҚШ ҳукуматига норозлигини билдиришини маълум қилди.

Германия канцлери Ангела Меркел матбуот хизмати эса канцлер хонимнинг террорга қарши кураш “алоҳида миллат ва алоҳида динга дахлдор шахсларнинг ҳаммасини умумиятла шубҳа остига олиш амалиётини оқламаслиги”га ишонишини маълум қилди.

Канада бош вазири Жастин Трюдо 28 январь куни Twitterда канадаликлар “тазйиқ, террор ва урушдан қочаётганларни” уларнинг эътиқоди кандай бўлишидан қатъи назар, яхши кутиб олишлари ҳақида ёзди.

Айни пайтда фуқаролари тақиққа тушган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги айни амалиётни АҚШ фуқароларига нисбатан қўллаши мумкинлигини, аммо бундан амалдаги визаси бўлган америкаликлар истисно эканини маълум қилди. Вазир Муҳаммад Жавод Зариф 28 январь куни Twitter тармоғида қолдирган баёнотида бу амалиётни “террорчилар учун муҳташам совға” деб қоралади.

Судан Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон мамлакатга қарши жорий қилинган санкцияларни бекор қилиши ортидан озгина вақт ўтиб кучга кирган Трамп фармонини қоралади.

XS
SM
MD
LG