Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 21:42

Ўзбекистонда талабалар келажакда бир хил стипендия олиши мумкин


Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017-2018 ўқув йилида олий ўқув юртлари талабаларига бир хил стипендия бериш масаласини кўриб чиқаётир. Бу ҳақда Озодликка вазирликнинг исми сир қолишни сўраган мулозими маълум қилди.

Вазирлик мулозимининг айтишича, олийгоҳларда барча талабаларга бир хил стипендия тайинлаш бўйича ҳозирда лойиҳа тайёрланмоқда.

Бироқ, бу лойиҳанинг қачон тайёр бўлиши, парламентга юборилиши ёки умуман қонуний кучга кириши маълум эмас

Унинг айтишича, охирги йилларда талабаларга стипендия тўлашда молиявий қийинчиликлар юзага кела бошлаган.

"Охирги икки йилда бюджетда қийинчиликлар юзага кела бошлаган. Очиқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бюджетда пул етмаяпти. Шунинг учун ҳукуматдан харажатларни қисқатириш йўлларини топиш бўйича топшириқ тушган. Шу масала юзасидан иш олиб бораяпмиз, аммо бундай тартиб жорий этиладими ёки йўқ, умуман маъум эмас," - деди Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мулозими.

Озодлик суҳбатлашган бир неча талаба ҳамма талабаларга, семестрни қандай баҳода якунлашидан қатъи назар, бир хил миқдорда стипендия тайинланиши тўғрисида қарор лойиҳаси кўриб чиқилаётганидан хабардор эканини айтди.

Тошкент Давлат Жаҳон Тиллари Университети талабасига кўра, харажатларни қисқартириш уринишлари "амалда икки-уч йил олдин бошланган".

"Охирги пайтлартда университет раҳбарияти аълочи талабалар камроқ бўлишига ҳаракат қилмоқда. Деканат ёки ректоратда таниш-билиши бўлганларгина имтиҳон дафтарчаларини ёпишга муваффақ бўлаяпти. Имтиҳондан ўта олмаганлар қайта имтиҳон топширгунга қадар, камида икки ой стипендия ололмайди," - деди талаба.

Мирзо Улуғбек номидаги Миллий давлат университети ўқитувчиси баъзи деканатларда ўқитувчилардан "аълочи талабаларни камайтириш талаб қилинган".

"Аълочи талабаларни камайтириш талаб қилинган. Харажат кам бўлсин, дейишаяпти. Шунга аълочилар сони бир гуруҳда икки-учтадан ошмайди," деди олийгоҳ мураббийи.

Яна бир талаба Тошкент олийгоҳларида пора бериш авжига чиққаннидан шикоят қилди.

"Бир семестр харажати уч юз долларга тушаяпти. Бир фандан баҳо олиш учун 30 минг сўмдан 100 долларгача пора берамиз. Энг порахўр олийгоҳ Нархоз ҳисобланади, у ерда бир имтиҳондан ўтиш 100 доллар туради," - деди у.

Ўзбекистонда бюджет ҳисобига таълим оладиган бир талабани ўқитиш харажатларининг базавий номативлари ҳар йили Молия ҳамда Ўрта ва олий таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2016 йил 13 декабрида тасдиқлаган давлат бюджетига кўра, бюджетнинг 60 фоизи (28 триллион сўм – ёки тақрибан 8 миллиард 700 миллион доллар) ижтимоий соҳаларга ва ундан яна 60 фоизи таълим соҳасига йўналтирилади.

Ҳозирда Ўзбекистон Олий ўқув юртларида бюждет талабалари турлича стипендия олади: семестр имтиҳонларини қониқарли топширган талабаларга 353 минг сўм ва аъло баҳолар билан топширган талабаларга эса 505 минг сўм стипендия тайинланган.

Ўзбекистон Давлат тест маркази расмий кўрсаткичларига кўра, 2016 йил ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган абитурентлар сони рекорд 663 минг бўлди.

2017 йилда абитурентлар сони янада ортиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG