Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 23:05

Тожикистонда аёлларга 24 кун атлас ва адрас кийиш буюрилди


Тожикистон Маориф ва фан вазирлиги 1 мартдан Наврўз байрами якунлангунига қадар ўқитувчи аёллар, ўқувчи ва талаба қизларга ўқув даргоҳларига фақат атлас ёки адрас кийиб келиш мажбуриятини юклади.

Тожикистон маориф ва фан вазири ўринбосари Одиназода имзолаган кўрсатмага биноан ўқитувчи аёллар, ўқувчи ва талаба қизлар 1 мартдан бошлаб Наврўз байрами якунлангунига қадар мактаб ҳамда университетларга атлас, адрас каби матолардан тикилган миллий кийимларни кийиб келиши шарт қилиб қўйилди.

Вазирлик матбуот котиби Эҳсони Ҳушвақтнинг Озодлик радиоси тожик хизматига берган интервьюсида айтилишича, бундай қарорнинг қабул қилиниши “тожик халқининг қадимий анъаналарини тарғибот қилиш ҳамда қайта тиклаш" интилиши билан изоҳланади.

Душанба педагогика институти хотин-қизлар қўмитаси раиси Саломат Қувватова олийгоҳга вазирлик қарори 3 февралда етиб келганини айтди. Унга кўра, бундан авваллари Маориф ва фан вазирлиги Наврўз байрами арафасида аёллар ва қизларга ўқиш жойларига атлас кийиб келишни тавсия қилар эди. Аммо жорий йилда қабул қилинган қарорда миллий кийимларни кийиш шарт қилиб қўйилди. Қарорга биноан ўқувчи ва талаба қизлар мактаб формасини киймаслигига рухсат берилади.

Хабарларда айтилишича, мазкур ташаббус Тожикистон президенти қошидаги аёллар ва оила ишлари бўйича қўмитаси томонидан вазирликка таклиф қилинган.

Бундан икки йил олдин Тожикистонда Оналар куни сифатида нишонланадиган 8 март кунида президент Эмомали Раҳмон фаоллар билан учрашар экан, мамлакат шаҳар ва қишлоқларида “тожик маданияти ҳамда анъаналарига зид равишда” қора кийим кийиб юрган тожик аёллари пайдо бўлганидан ташвиш билдирган эди.

“Президент ўша чиқишида “ҳижоб” деган сўзни тилга олмаган бўлса-да, кўпчилик ўшанда ҳукуматдагилар ҳижоб урф бўлаётганидан норози эканини англаган эди”, деб ёзади Озодлик радиоси тожик хизмати.

Бундан авваллари ҳам Тожикистонда “тожикча анъаналар ва қадриятларни тарғиб қилишга” қаратилган қатор қонунлар қабул қилинган эди.

Масалан, ўтган йилнинг 29 апрелида Тожикистонда янги туғилган чақалоқларга русларга хос қўшимча билан тугайдиган фамилия беришни ман этувчи қонун кучга кирди.

2016 йил бошида Тожикистон парламенти арабча ва “хорижий” эшитиладиган исмларни ман қилувчи қонун лойиҳасини қабул олган эди.

Исмларни тожикчалаштиришни фамилиясидан русча -ов қўшмчасини олиб ташлаш билан 2007 йилда мамлакат президенти Эмомали Раҳмон бошлаб берган.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG