Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 01:07

Оқ уй маслаҳатчиси Майкл Флинн истеъфо берди


Майкл Флинн.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Флинн Россиянинг АҚШдаги элчиси билан телефон суҳбати мазмунига оид нотўғри маълумот бергани билан боғлиқ жанжал ортидан истеъфога кетишга мажбур бўлди.

Флинн 13 февраль куни, Трамп ўз президентлик фаолиятини бошлаганига бир ой тўлмасдан лавозимини тарк этди.

АҚШ президентлик сайловида Трампни садоқат билан қўллаб-қувватлаган Флинннинг Россия билан яқин алоқалари хавотирга сабаб бўлиб келаëтган эди.

Бошида Флинн вице-президент Майк Пенсга Россия элчиси Сергей Кисляк билан декабрь ойида телефон орқали суҳбати давомида Россияга қарши санкцияларни муҳокама қилмаганини айтган. Бу суҳбатлар президент Барак Обама Россияни АҚШ президентлик сайловига кибер ҳужум уюштирганликда айблаб, Москвага қарши янги санкция эълон қилиши кутилаëтган куни бўлиб ўтган.

Флиннинг ушбу даъволари ортидан вице-президент Пенс бир неча телеинтервьюда бу суҳбатларда санкциялар ҳақида сўз бормаганини таъкидлади. Аммо орадан бир неча ҳафта ўтиб, Флинн Кисляк билан санкцияларни муҳокама қилган бўлиши мумкинлигига иқрор бўлди. Бундай муҳокама фуқароларнинг хорижий сиёсатга аралашувини ман қилувчи АҚШ қонунларини бузиш ҳисобалнади.

Флинн 13 февраль куни эълон қилинган истеъфо хатида Пенс ва бошқа расмийларга ўз телефон суҳбатлари ҳақида “чала маълумот” берганини билдирган.

Майкл Флинн истеъфосига муносабат билдирган айрим Россия депутатлари уни АҚШдаги "аксилроссия васвасаси"нинг навбатдаги кўриниши сифатида баҳолади.

Бу воқеага бевосита муносабат билдиришни истамаган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков:

- Бу АҚШнинг ички иши. Бу президент Трамп маъмуриятининг ички иши¸ бизнинг ишимиз эмас¸ деди жумладан.

Флинн Россия элчиси билан телефон суҳбатларида санкциялар мавзусини тилга олган-олмагани ҳақида 13 февраль куни берилган саволга Песков, "Олдин ҳам айтганимиз каби¸ бу масала муҳокама қилинмаган"¸ дея жавоб қайтарди.

Оқ уй генерал Кейс Келлогни миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлади. Келлог Трамп мазкур лавозимга доимий равишда тайинлаши мумкин бўлган уч номзоднинг биридир. Қолган икки номзод АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ директори Дэвид Петреус ҳамда вице-адмирал Роберт Ҳарварддир.

Айни пайтда¸ Намояндалар палатасидаги қатор демократлар назорат қўмитаси етакчисидан Флиннинг Россия билан муносабатларини махсус тафтиш қилишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG