Линклар

Шошилинч хабар
14 август 2020, Тошкент вақти: 00:49

Туман Жумабоев - Питерни забт қилган қорасувлик рассом


"21-аср Рембрандти" дея мақталиб¸ Россиянинг энг ҳиссиëтли рангтасвирчиси сифатида эътироф топган АҚШ портретчи рассомлар уюшмаси аъзоси Туман Жумабоев Озодлик билан суҳбатни болалик даврларини эслашдан бошлади:

- Мен ўша пайтда Ўш вилоятига қарашли Қорасув туманида улғайдим. Ўзбекистоннинг Наманган вилоятига чегарадош Саричелак тоғларида болалигим ўтди. Мен яшаган Қизилтув қишлоғида фақат ўзбек ТВ кўрсатар эди. Ўша пайтда Ўзбекистон телевидениесини кўриб ўзбекчани ҳам бийрон гапирганман. Отам расм ўқитувчиси ва ҳаваскор рассом бўлгани боис мени расм чизишга ундаган¸ дейди 55 яшар рассом.

Илк қадам

1980 йили бор-йўғи 50 та русча жумлани билган Туман Жумабоев Россия рассомларининг беланчаги бўлган Ленинградга (ҳозирги Санкт -Петербург) шаҳрига келди:

- Олимпиада бўлаëтган йил эди. Рус тилини билмасам ҳам таваккал қилиб келдим. Олдинига¸ паркет ясашни ўргатадиган ПТУга ўқишга кирдим¸ бир йил ўтгач¸ Серов номидаги Ленинград бадиий билим юрти реставрация факультетига ўқишга кирдим. Қадимги рус иконаларини таъмир қилишни ўргатишди¸ дея эслайди рассом.

Бугунги кунда атоқли рассомга айланган Туман Жумабоев ўз ëшлиги ҳақида гапирар экан¸ Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссасидаги овулни тарк этиб¸ Ленинградга рассомликка ўқишга кетган болакайни эслади:

Туман Жумабоев ва Чингиз Айтматов
Туман Жумабоев ва Чингиз Айтматов

- Чингиз Айтматов асаридаги персонаж менман¸ деб айта олмайман. Лекин Чингиз Айтматов кўзи тириклигида мен у билан кўп суҳбат қурганман. Мен Айтматовни адабиëт соҳасидаги буюк рассом деб биламан. Ўзимга келсам¸ рассомликни касб эмас¸ балки бир миссия деб биламан. Кимдир рассомликни орзу қилсаю кейин рассом бўлса¸ бу яхши¸ лекин рассом ҳали гўдакликдаëқ шаклланган бўлади¸ деб ҳисоблайман¸ дейди Туман Жумабоев.

Мактаб

Рассомнинг болаликдан шаклланишига ишонган Туман Жумабоев Совет Иттифоқи ва шарқий Европада энг консерватив таълим тизими билан танилган Репин номидаги санъат институтида таҳсил кўрди:

- Тўғри, Питер мактаби ўта консерватив эди. Менимча, ҳар бир мактабда консерватизм ва темир интизом бўлиши керак. Расм чизиш ëки мушоҳада услубини консерватив таълимсиз ўрганиб бўлмайди, деб ўйлайман. Мен академияда ўқиганимда беш дақиқа кеч қолсам, деканатга тушунтириш хати ëздиришар эди. Мактаб бизга кучли пойдевор берди. Бу қаттиқ пойдевор устидан санъат оламига парвоз қилиш эса, бошқа масала. Мен бу қаттиқўл мактабдан миннатдорман. Айни шу мактаб боис самарага эришдим¸ дейди асарлари Вена¸ Варшава¸ Париж ва Исфаҳон музейларидан ўрин олган рассом.

Эътироф

2006 йили Москва Кремлнинг Коллонналар залида Туман Жумабоев асарлари “Нурли Рембрандт” дея аталган кўргазмада намойиш қилинди. Мунаққидлар Туман Жумабоев ҳақида "21-аср Рембрандти" дея ëзишди. Умуман Жумабоев ўз асарларида Рембрандт¸ Чуйков каби расомларга эргашишга уринади.

"Бу ўзига хос мулоқот 25 йилдирки давом этмоқда"¸ дейди рассом:

- Мен ҳали билим юртида ўқиб юрган пайтимда Рембрандт услубидаги ëруғни тасвирладим. Ўшанда мен илк марта Рембрандт исмини эшитдим. Мен қишлоқда ўсган бола жаҳон санъатининг дарғалари ҳақида қаердан ҳам эшитай! Биринчи курсда расм чизаëтсам¸ ўқитувчи келиб¸ сен Рембрандтга ўхшаб расм чизаркансан¸ деб қолди. Мен:"Рембрандт ким?" дея сўрадим. Эртасига Эрмитажга бориб¸ Рембрандт асарларини томоша қилдим. Пировардида мен учун Рембрандт буюк устозга айланди¸ дея эслайди рассом.

Бозорбоп рассом

Акмал Ризаев тахаллуси билан эсселар ëзадиган тошкентлик санъатшунос Туман Жумабоев ижодининг харидоргир эканини айтади:

- Асарлари қимматга сотиладиган замонавий реалист рассом у. Масалан¸ у чизган Владимир Путин портретининг дастлабки нархи 30 минг евро эди. Ҳозир бу расм Путин коллекциясида. Таниқли опера қўшиқчиси Елена Образцова портрети ҳам қиммат нархланганидан хабардорман. Назарбоевга яқин олигархлар ўртага одам қўйиб Туман Жумабоевга портрет буюртма қилмоқчи бўлганида¸ у киши рад қилгани ҳақида ҳам гап- сўзлар юради¸ дейди мунаққид.

Акаев портрети
Акаев портрети

Бу гап сўзларни Туман Жумабоевни ўзи табасссум билан изоҳлади:

-Образцова билан яқиндан дўст эдим. Раҳматли менинг асарларимни¸ ўзимни ëқтирар эди. Шу тариқа унинг портретини яратганман. Плачидо Доминго портретини чизишга ҳам Образцова илҳомлантирган. Путин потретига ҳеч ким буюртма бермаган. Мен уни илк бора ТВ да кўрганимда самурайга ўхшатдим ва шу руҳда расмини чиздим. Кейин Путин доирасидаги одамлар келиб¸ бу расмни сотиб олиб¸ унга совға қилишди. Путин билан учрашмаганман. Лекин Қирғизистоннинг илк президенти Асқар Ақаев билан қадрдон дўстман. Унинг портретини бу дўстлик нишонаси ўлароқ чиздим. Унга жуда ëқди. "Менинг портретимни жуда кўп рассомлар чизган¸ лекин сен тортган расм энг яхши" деб айтди Ақаев менга. Кейин бийлик алмашиб¸ Бакиев Питерга келганида мени чақиртирди. Негадир кўнглим чопмади у билан учрашишга¸ расмини ҳам чизмадим. Балким у яхши одамдир билмадим. Кўнглимга ўтирмади у одам¸ дейди Жумабоев.

Бойлик

Суҳбат асносида рассом Туман Жумабоев буюк рассом Ван Гогнинг ижодий кредосига ошиқлигини изҳор қилди. Ван Гог мўйқаламининг холст узра эркин жавлон уриши¸ Жумабоев назарида¸ “эркинликнинг олий формаси” эди. Умрида бирор асарини сота олмасдан¸ фақиру-фуқароликда оламдан ўтган Ван Гогдан фарқли Туман Жумабоев санъатдан келган сарват боис бою-бадавлат яшайди¸ Санкт-Петербург марказидаги “Туман-арт” галереясининг эгаси.

- Мен жуда бой эмасман. Ўзига тўқ десак¸ тўғрироқ бўлади. Барча зарур нарсалар бор менда. Ҳеч нарсага муҳтож эмасман. Дунëнинг ҳар ерига истаган пайтимда бориш учун ҳар вақт чипта олиш¸ меҳмонхона буюртма қилиш каби харажатга пул бор. Умуман мен маънавий бойликни моддий бойликдан устун қўйган авлод вакилиман ҳалиям.

Даная
Даная

Расмларни мен ўзим сотмайман. Расмларимни 50 минг еврога ва ундан ҳам кўпроқ суммага сотишган. Улар қачонлардир бу расмларни мендан сал камтарин рақамдаги суммага сотиб олиб¸ пайт пойлаб қайта сотишаяпти. Лекин гапнинг очиғи¸ асарларим доимо стабил харидорга эга. Кризис ëки мавсумий кайфият боис ишим касод бўлганини эсламайман. Ҳаммаси текис кетаяпти. Баъзи рассомлар ишим сотилмади¸ деб нолишса¸ уларга қараб ишланглар¸ ҳаракатда баракат¸ дейман¸ дейди қорасувлик рассом.

Соғинч

"Туркистон рассомлари" туркумидаги суҳбатдошларга бериладиган анъанавий - "Ватан суратини қандай чизган бўлардингиз?" деган саволга Жумабоев:

Қирғизистон қуëши
Қирғизистон қуëши

-Тоғларни чизардим ва яна тоғларни. Саричелак тоғлари менинг ватаним. Илгари соғинардим роса. Ҳозир кўникиб қолдим. Ўша ердаги одамлар арча дарахтидан челак ясаб сотишган. Шундан сари челак деган ном олган. Ўша ҳунармандлар қони томиримда оқади. Мени Репин¸ Серов ва Крамскойлар анъанасини давом эттираëтган рус рассоми, дейишади. Тўғри, рус рангтасвир мактаби вакилиман. Лекин рус рассоми эмас¸ рассомман. Рассом бир этник группа ëки миллат рамкасига сиғмайди, дейди рассом Туман Жумабоев.

Туркистон рассомлари
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:01 0:00
Бевосита линк

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG