Линклар

Шошилинч хабар
16 июл 2018, Тошкент вақти: 04:02

Тадбиркор ўлими бўйича "мансабга совуққонлик" факти билан иш очилгани айтилди


Қийноқлардан ўлгани иддао қилинган Муродилла Омонов

Жарқўрғон ҳибсхонасида ўлган тадбиркор Муродилла Омонов иши бўйича Ўзбекистон ЖКнинг 207-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда марҳумнинг онаси ва "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ҳодиса "тадбиркор ўзини осган", деб ҳужжатлаштирилган ва "совуққонлик" билан бунга йўл қўйган милиционерлар ҳаракати тергов қилинмоқда. ​Вилоят ИИБси тергов бораётганини тасдиқлади, аммо бошқа маълумот бермади.

Тадбиркор Муродилла Омонов шу йилнинг 20 январь куни Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ИИБ ходимлари томонидан маст ҳолда ҳибсга олинган ва орадан бир неча соат ўтиб, унинг жасади оиласига берилган эди.

Тадбиркорнинг онаси Кароматхон Қодированинг иддао қилишича, воқеа бўлган куни туман ИИБ ходимлари ўғлининг юрак хуружи​ - инфаркт миокарддан ўлганини айтган.

Аммо, Кароматхон Қодирова ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановларнинг айтишича, ҳозирга келиб тадбиркор ўлими "ўз жонига қасд қилиш", деб малакаланган ва ўлим факти асосида Ўзбекистон ЖКнинг 207-моддаси билан "мансабга совуққонлик, ўз вазифасига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиш", деган гумонда жиноят иши очилган.

62 яшар Кароматхон Қодирова буни таъкидларкан, бу гал Озодликка интервью бермаслиги, ўғлининг ўлими сабабларини суриштираётгани боис, ҳаётига таҳдид бор, деб билишини айтиш билан чекланди.

Тадбиркор Муродилла Омонов ишини ўрганган ўзбекистонлик фаол - "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов ҳам бу иш юзасидан ЖКнинг 207-моддаси билан жиноят иши қўзғатганини аниқлаганини айтди.

Унга кўра, вилоят прокуратураси ҳодисани сиуқасд, деб қайд этган ва иш вақтида лоқайдлик қилиб, бунга йўл қўйган милиционерлар ҳаракати тергов қилинмоқда.

"207-модда "мансаб ваколатига соввуқонлик билан қараш", деган модда. Муродилла Омонов ҳибсхонада ўзини осган, деб расмийлаштирилган. Бу ҳолатда ўша куни навбатда турган, ишлаган бир неча милиция ходими жазога тортилиши ва шу билан иш ёпилиши мумкин", деди Абдураҳмон Ташанов.

Озодлик марҳум тадбиркорнинг онаси ва ҳуқуқ фаолидан олинган маълумотга расмий изоҳ сўраб, Сурхондарё вилояти ИИБ ва прокуратурасига боғланди.

Вилоят ИИБнинг навбатчи ходими айни иш юзасидан тергов давом этаётгани, ҳозирга келиб терговни вилоят прокуратураси олиб бораётганини билдирди.

Вилоят прокуратурасининг Тергов бўлими ходими, деб тақдим қилинган, аммо исми ошкор этилмаган мулозим ҳам тергов олиб борилаётганини, ҳозирча иш юзасидан ИИБ ходимлари ҳибсга олинмаганини билдираркан, бошқа маълумот бермади.

Тадбиркорнинг оиласи 20 январь куни ҳибсга олинган ва бир неча соатдан сўнг жасади қайтарилган Муродилла Омоновнинг ўлимининг асл сабаби билан қизиқмоқда.

Аввалига, оила Омонов, илк бор айтилгани каби, юрак хуружидан ўлган бўлса, у ҳолда унинг қоши тепасида тикилган ёриқ ва боши ортидаги бир неча жароҳат излари қандай пайдо бўлди, деган саволларга жавоб талаб қилаётган ди. Оила марҳумнинг бошидаги жароҳат излари ва тикилган чандиқ акс этган икки суратни матбуотга тақдим қилган эди.

Бошидан буён Муродилла Омоновнинг ўлдирилганини иддао қилиб келаётган онаси - Кароматхон Қодированинг президент Шавкат Мирзиёев девонига мурожаатидан сўнг эса марҳумнинг жасади эксгумация қилинди.

Аммо, ўша куни аёл ўғли юрак хуружидан эмас, балки тергов изоляторида "ўзини курткаси билан осди" деб кўрилаётганидан воқиф бўлганини иддао қилди.

"Вилоят прокуратураси терговчиси қўл қўйдирган қарорга қарасам, ўзини курткаси билан осиб ўлдирди, деб ёзишибди", деган эди 9 февраль куни Озодлик билан суҳбатлашган Қодирова.

Кароматхон Қодирова шу кунга қадар бу ҳужжатнинг нусхаси унга тақдим қилинмаётгани, Жарқўрғон тумани ва Сурхондарё вилояти куч ишлатар идоралари аввалига юрак хуружи, кейин эса ўзини ўлдирди, дейилаётган ўғлининг ўлимига оид асл сабабларни яширишга уринмоқда.

“Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов Муродилла Омонов ўлимига ўхшаш камида 3 ҳолатда оилаларнинг қийноқларга оид иддаолари инкор қилиниб, айнан 207-модда асосида жиноят иши очилгани маълумлигини айтмоқда.

Жумладан, жамият аниқлаган маълумотларга кўра, 2015 йилнинг 16 сентябрида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бекобод тумани суди Бекобод шаҳар ИИБга қарашли тергов ҳибсхонасининг икки нафар тезкор ходими лойқайдлиги боис, 9 апрелга ўтар кечаси тергов изоляторида бўлган 28 яшар Камолиддин Қўзиев ўз жонига қасд қилган, деб топган эди. Натижада, ЖКнинг 207-моддаси билан молиционерлар 3 йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган, Қўзиев ўлимига оид қийноқ иддаолари эса инкор қилинган эди.

Худди шу каби ҳолат 2013 йил июнь ва 2012 йил апрель ойларида Қашқадарёда содир бўлган. Ҳар икки ҳолатда қийноқ қўллагани иддао қилинган ИИВ ходимлари Жиноят Кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) ва 207-моддаси (Совуққонлик) моддалари билан айбланиб, шартли жазога ҳукм қилингани кузатилган.

XS
SM
MD
LG