Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:56

Ироқ армияси Мосул ғарбидаги қишлоқларни "Ислом давлати" босқинидан озод қилди


Ироқ кучлари (суратда) Мосул шаҳрининг ғарбий қисмида жойлашган 15 қишлоқ “Исломий давлат” жангариларидан озод этилганини эълон қилди.
Ироқ кучлари (суратда) Мосул шаҳрининг ғарбий қисмида жойлашган 15 қишлоқ “Исломий давлат” жангариларидан озод этилганини эълон қилди.

Ироқ кучлари Мосул шаҳрининг ғарбий қисмида жойлашган 15 қишлоқ “Исломий давлат” жангариларидан озод этилганини эълон қилди. Ироқ армияси АҚШ армияси кўмаги билан шаҳарни бутунлай озод этиш учун курашмоқда.

20 февраль куни Ироқ аскарлари Мосул жанубидаги аэропорт томон яқинлашди. Хабарларга кўра, “Исломий давлат” жангарилари зўр бериб қаршилик кўрсатмоқда.

19 февраль куни телевидение орқали чиқиш қилган Бош вазир Ҳайдар ал-Абодий Ироқ ҳарбийлари Мосул шаҳрининг “Исломий давлат” экстермист гуруҳи қўлида бўлган ғарбий қисмини ишғол қилишни бошлаганини маълум қилган эди.

“Биз амалиётнинг янги босқичини бошлаганимизни маълум қиламиз. Мосулнинг ғарбий қисмини озод қилиш учун бораяпмиз! Ҳарбийларимиз фуқароларимизни ДАИШ (“Исломий давлат” экстермист гуруҳи – таҳр.) дан озод қилишни бошлади”, деди бош вазир.

Ироқ кучлари ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ ҳаво ҳужумлари, шиа жангчилар ҳамда курд пешмерга қўшинлари кўмаги билан шаҳарни озод этиш амалиётини бошлаган эди. “Исломий давлат” етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йили Мосулда туриб Ироқ ва Сурияни ўз ичига олган халифалик эълон қилган эди.

Аммо “Исломий давлат” жангарилари кутилгандан ҳам кўприқ қаршилик кўрсатди. Ироқ кучлари бир неча ҳафта деганда шаҳарнинг шарқий қисмини озод этишга муваффақ бўлди.

19 февраль куни Ироқ армияси қўмондони федерал полиция етакчилигидаги кучлар Мосул жанубидаги қишлоқларни қўлга киритиб, аэропортга яқинлашганини билдирди.

Ироқ Ички ишлар вазирлигининг Тезкор чора кўриш бўлими ходими Аббос Ал-Жубурий: “Амалиётимизни эрталабки соат 7:00 да бошладик. Биз аэропорт томон боряпмиз”, деди.

Reuters ахборот агентлиги 19 февраль куни кечгача Ироқ кучлари тезкорлик билан билан бир неча қишлоқни забт этгани ҳақида хабар берди.

Ҳарбийлар электр токи ишлаб чиқариш станцияси қўлга олинганини ҳамда бир неча жангари ўлдирилганини билдиришди.

Таҳлилчилар Мосулнинг ғарбий қисмини жангарилардан тортиб олиш осон бўлмаслигини айтишмоқда.

АҚШ Марказий қўмондонлиги мамлакат етакчилигидаги коалиция 18 февраль куни ҳаво ҳужумларини амалга оширганини билдирди.

АҚШ махсус амалиётлар кучлари айрим Ироқ қўшинларига бевосита ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, минглаб америкалик аскар Ироқ кучларига моддий ва техник ёрдам кўрсатмоқда.

19 февраль куни Мудофаа вазири Жеймс Мэттис: “АҚШ кучлари шарқий Мосулдаги ролларини ўйнашда давом этмоқдалар. Коалиция кучлари ҳам бу амалиётни қўллаяпти”, деди.

“Исломий давлат” 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг сезиларли қисмини эгаллаб олган.

Жангари гуруҳ кўплаб ваҳшиёна жиноятларни содир этишда айбланган ва Европа ҳамда бошқа минтақалардаги йирик террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Айни пайтда бу гуруҳ Роққа шаҳрини Суриядаги пойтахти, деб билади. Бу шаҳар ҳам айни пайтда АҚШ воситачилигидаги кучларнинг қуршовида қолмоқда.

АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис 20 февраль куни эълон қилинмаган ташриф билан Бағдодга келди. Бу ҳақдаги хабарга кўра, сафардан мақсад “Ислом давлати” экстремистик гуруҳини тор-мор қилиш йўлидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришдир.

Мэттиснинг сафари Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий Ироқнинг шимолида, Мосул шаҳрининг ғарбий қисмида жангариларга қарши курашнинг янги босқичини эълон қилган куннинг эртасига амалга оширилди.

АҚШ мудофаа вазири Бағдодда қилган дастлабки баёнотлар сайловолди кампанияси давомида Дональд Трамп айтган баъзи гаплардан ташвишга тушган Ироқ етакчиларини тинчлантириши мумкин, дейилади хабарда. Трамп ўз кампанияси давомида АҚШ ҳарбий кўмаги эвазига Ироқнинг “нефтини олиши керак”, деб баёнот берган эди.

Бағдодга етиб келгач, Мэттис АҚШ “Ироққа нефтни эгаллаб олиш учун келгани йўқ”, деди.

АҚШнинг ҳаво зарбалари билан қувватланаётган Ироқ кучлари 4 ойдан буён мамлакатнинг нефть қазиб олинадиган асосий ҳудуди Мосул шаҳрини жиҳодчилардан тортиб олиш учун жанглар олиб бормоқда. Ироқ кучлари Дажла дарёсининг шарқий соҳили атрофларини ўз назоратига олди, бироқ жангарилар шаҳарнинг ғарбий қисмини эгаллаб турибди.

XS
SM
MD
LG