Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 19:04

Мосул аэропорти "Ислом давлати" жангариларидан озод қилингани айтилмоқда


23 февраль куни Ироқнинг терроризмга қарши курашувчи аскарлари шиддатли жанглардан кейин жангарилар бошқарувидаги Ғазлоний базасига етиб борди. 2017й., 23 феврал.

Ироқ расмий телевидениеси Мосул шаҳрининг “Ислом давлати” жангарилари қўлида қолаётган ҳудудларини озод этиш учун курашаётган Ироқ кучлари шаҳар жанубидаги аэрпортни забт этганини хабар қилмоқда.

23 февраль куни мамлакат расмийлари терроризмга қарши курашувчи бўлинма аскарлари шиддатли жанглардан кейин жангарилар бошқарувидаги Ғазлоний базасига етиб борганини билдирди.

Мазкур амалиётнинг асосий мақсади Мосул аэрпортини озод этиш эди.

Аввалроқ Ироқ кучлари АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кўмаги билан Мосул шаҳрининг ғарбий қисмини озод этиш амалиётини бошлаган эди. Ироқ расмийларининг билдиришича, 19 февралдан бери 120 квадрат километр ҳудуд жангарилар чангалидан озод қилинган.

Расмийларга кўра, ҳукумат аскарлари яқин кунларда ғарбий Мосулга кириб бориши мумкин бўлади.

20 февраль куни АҚШ расмийлари шаҳарда тақрибан 2000 “Ислом давлати” жангариси борлигини билдирди. АҚШ махсус амалиётлар кучлари айрим Ироқ қўшинларига бевосита ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, минглаб америкалик аскар Ироқ кучларига моддий ва техник ёрдам кўрсатмоқда.

Ҳозирда Ироқнинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Мосулда 750 минг оддий фуқаро бор.

19 февраль куни телевидение орқали чиқиш қилган Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий Ироқ ҳарбийлари Мосул шаҳрининг “Ислом давлати” экстермист гуруҳи қўлида бўлган ғарбий қисмини ишғол қилишни бошлаганини маълум қилган эди.

Reuters хабар агентлиги 19 февраль куни кечгача Ироқ кучлари тезкорлик билан билан бир неча қишлоқни забт этгани ҳақида хабар берди.

Ҳарбийлар электр токи ишлаб чиқариш станцияси қўлга олинганини ҳамда бир неча жангари ўлдирилганини билдиришди.

Таҳлилчилар Мосулнинг ғарбий қисмини жангарилардан тортиб олиш осон бўлмаслигини айтишмоқда.

20 февраль куни АҚШ мудофаа вазири амалиётни яқиндан кузатиш учун Жеймс Мэттис Ироққа аввал эълон қилинмаган ташриф билан борган.

Мэттис ташрифини Бағдодда Ироқ етакчиларини АҚШ президенти Дональд Трампнинг сайлов кампанияси давомида қилган ваъдалари ҳақида хавотир олмасликка чақиришдан бошлади. Трамп ўз кампанияси давомида АҚШ Ироққа кўрсатган ҳарбий ёрдам эвазига мамлакатдаги нефть заҳираларини “олиб кетишини” ваъда қилган эди.

Мэттис АҚШ Ироққа “ҳеч кимнинг нефтини олиш учун келмаганини” таъкидлади.

Ироқ кучлари ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ ҳаво ҳужумлари, шиа жангчилар ҳамда курд пешмерга қўшинлари кўмаги билан шаҳарни озод этиш амалиётини бошлаган эди. “Ислом давлати” етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йил Мосулда туриб Ироқ ва Сурияни ўз ичига олган халифалик эълон қилган эди.

Аммо “Ислом давлати” жангарилари кутилгандан ҳам кўприқ қаршилик кўрсатди. Ироқ кучлари бир неча ҳафта деганда шаҳарнинг шарқий қисмини озод этишга муваффақ бўлди.

Жангари гуруҳ кўплаб ваҳшиёна жиноятларни содир этишда айбланган ва Европа ҳамда бошқа минтақалардаги йирик террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Айни пайтда бу гуруҳ Роққа шаҳрини Суриядаги пойтахти, деб билади. Бу шаҳар ҳам айни пайтда АҚШ воситачилигидаги кучларнинг қуршовида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG