Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Трамп НАТОни қўллашни ва АҚШ армияси бюджетини оширишни ваъда қилди


Дональд Трамп Конгресснинг умумий йиғинида илк бор нутқ сўзлади. 2017 йил, 28 феврал.
Дональд Трамп Конгресснинг умумий йиғинида илк бор нутқ сўзлади. 2017 йил, 28 феврал.

АҚШ президенти Дональд Трамп НАТОни яқиндан қўллаб-қувватлашини билдириб, армия учун ажратиладиган маблағ кўламини оширишга чақирди.

28 февраль куни Конгресснинг умумий йиғинида илк бор сўзга чиққан Трамп ўз сайлов кампанияси давомида берган ваъдаларини такрорлади. Президент Америка шаҳарлари эътибордан четда қалаётгани, америкалик ишчилар азият чекаётгани, тиббий хизматлар нархи ўсаётгани, АҚШ инфратузилмаси нураётгани ҳамда иммигрантлар қўл ураётган жиноятлар сони кўпаяётганини таъкидлади.

Президент ўз нутқи давомида ташқи сиёсат бўйича режаларига батафсил тўхталмади. Трамп “радикал исломий терроризмни”, хусусан, “Ислом давлати” жангари гуруҳини тор-мор қилишга чақирди.

“Мудофаа вазирлигига қонунга бўйсунмайдиган, турли эътиқод ва қарашларга эга мусулмонлар ва христианларни, эркаклар, аёллар, болаларни қириб келаётган, ваҳшийлардан иборат бўлган ИШИДни барбод қилиб, йўқ қилиш режасини тузиб чиқишни буюрдим. Биз ҳамкорларимиз, жумладан, мусулмон дунёсидаги дўстларимиз ва ҳамкорларимиз билан мазкур қабиҳ душманни сайёрамиз юзидан йўқ қилиш учун курашамиз”, деди президент.

Ўтган йилги сайлов кампанияси давомида Трамп НАТОнинг ўзининг бирорта аъзосига қилинган ҳужумни бутун блокка қилинган ҳужум ўлароқ кўриш сиёсатини танқид қилган эди.

Бу эса ҳарбий блокнинг кўплаб аъзосини хавотирга солди. Кечаги нутқи давомида президент НАТО аъзоларининг кўнглини хотиржам қилишга уринди. Аммп Трамп аъзо мамлакатлар блок харажатларини тенг бўлишиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклиги ҳақидаги қарашларини такрорлади.

“Биз НАТО – фашизмни қулатган икки жаҳон уруши, коммунизмни енгган Совуқ уруш ришталари орқали тузилган альянсни яқиндан қўллаймиз”, деди у.

Биз ҳамкорларимиз – улар НАТОда бўладими, Яқин Шарқ ёки Тинч океанида бўладими – стратегик ҳамда ҳарбий амалиётларда тўғри ва маъноли роль ўйнашларини, харажатларни қоплашда ўз ҳиссаларини қўшишларини истаймиз”, деди Трамп.

Аммо Трамп Россия, Украина можароси, Суриядаги уруш, Жанубий Хитой денгизида Хитой ва АҚШ ўртасида юзага келган танглик ва бошқа можаролар ҳақида ҳеч нима демади.

Трамп ўз нутқини кейинги пайтда яҳудийларга қилинаётган таҳдидларни ҳамда Канзасда ҳиндистонлик муҳожирларни мўлжалга олган отишмани қоралашдан бошлади. Президент яна хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ёдга олди.

Трамп яна ҳарбий ҳаражатлар кўламини оширишини таъкидлади.

“Мен Конгрессга армияни қайта тузувчи, мудофаа бюджетидаги етишмовчиликларни бартараф этувчи ҳамда Америка тарихида кўрилмаган даражада миллий мудофаа харажатлари кўламини оширувчи бюджетни юбораман”, деди президент.

XS
SM
MD
LG