Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:36

Тулада ўзбек диаспораси раҳбари товламачиликда айбланмоқда


Тулада ўз ҳамюртларига “ўлпон” солиб¸ рэкетчилик билан шуғулланганликда айбланаётган ўзбек диаспораси раҳбари қўлга олинди. Айтилишича¸ “Ҳамдўстлик” ташкилоти раҳбари Толиб Исажонов устидан Россияда меҳнат муҳожиратида юрган 70 яқин ўзбекистонлик полицияга арз қилган.

Туладаги “Содружество” (“Ҳамдўстлик”) ўзбеклар жамоатчилик ташкилоти раиси Толиб Исажонов 4 март куни ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Исажонов ўз шериклари билан Туладаги қурилиш объектларидан бирига келиб, ҳамюртларидан “ойлик тўлов” пулларини олаётганида ҳибсга олинди.

6 март куни Россиянинг НТВ телеканалининг “Чрезвычайное происшествие” дастурида намойиш этилган видеолавҳада Исажонов гуруҳининг жиноят жойида ушланаётгани намойиш этилди.

(НТВ телеканалининг Т.Исажоновни ҳибс этилиши ҳақидаги сюжети)

Мазкур видеолавҳада юзга яқин ўзбекистонлик ишчи ҳар ойда шахсан “Ҳамдўстлик” ташкилоти раҳбарига 2000 рублдан “ўлпон” тўлаб келганини айтилади.

Видеорепортажда муҳожирлардан йиғилган пулга ўзбеклар диаспораси раҳбари қуриб олган ҳашаматли бино ҳам намойиш этилди.

Шунингдек, дастурда Туладаги ўзбек кафесининг ҳам айнан Исажоновга қарашли экани¸ унинг маҳаллий қурилишларга фаол равишда катта миқдорда пул тикиб келгани намойиш қилинди.

“Ҳамдўстлик” раҳбари уйида олиб борилган тинтув пайтида тўппонча, молиявий ҳужжатлар, жумладан ўзбекистонлик муҳожирлар исми-шарифлари ёзилган рўйхатлар мусодара қилинган.

Бундан олдинроқ “Ўзбек ва ўзбекистонликлар бутунроссия Конгресси”га 70 дан зиёд ўзбек муҳожири номидан оммавий ариза келиб тушгани, унда ўзбек муҳожирлари Толиб Исажонов ва унинг йигитларини зўравонликда айблагани маълум бўлди.

Аризага имзо қўйган ва ўзини Абдурасул деб таништирган ўзбекистонлик ишчилардан бири бу "бедодлик"ка қарши курашишга қарор қилгани сабабларини бундай тушунтирди:

- Анчадан бери боллар улар талаб қилиб келган пулни бериб келган эдик. Ойига 2 мингни вақтида бермаган - 3 минг, 3 минг бермаган – 4 минг бериши керак эди. Охири жонимизга тегди! Кейин ўзбек диаспорасига Москвага мурожаат қилган эдик, у ерда бизга Туладаги Ички ишларга ариза ёзишни тавсия қилишди. Биз ариза қилганимиздан кеийн, Толибнинг йигитлари босимни кучайтирди. Ўша имзо қўйган йигитлардан бирининг бошини уриб ёришди, лекин биз энди орқага қайтмаймиз, - деди Абдурасул.

Озодлик суҳбатлашган бошқа жабрдийда меҳнат муҳожирлари ўз ҳаёти ва соғлигига бўлаётган хавф туфайли ҳозирча интервью бермасликларини билдиришди.

Ўзбекистонлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокат тергов якунига қадар ортиқча маълумот бера олмаслиги, терговчилар томонидан қўлга олинган гуруҳнинг бошқа ишлари очилиб кетгани тўғрисида маълумот берди.

“Ўзбек ва ўзбекистонликлар бутунроссия Конгресси” (ВКУУ) раҳбари Иброҳим Худойбердиевга кўра¸ “Ҳамдўстлик” вакиллари “қора бригадирлик” вазифасини бажариб келгани ва ойлик “солиқ”ни тўлай олмаган ўзбекистонлик йигитлар шантаж қилингани, депортация қилиш билан қўрқитилгани, айрим ҳолларда ташкилот подвалида калтакланганини айтади:

- Бу йигит Тулада “чўнтак-диаспора” очиб олган эди. 90-йиллар охирларида бунга йўлни тошкентлик авторитет Жори Шин йўл очиб берган, дейишади. Илгари 2 мингтача ўзимизнинг ватандошларимизни олиб келиб ишлатган. Бўйсинмаганларни доғистонлик болаларни чақиртириб, урдирар экан. Шерзод, Нуриддин деган соқол қўйиб олган сурхондарёлик болалар ишчиларни Зорге кўчасига подвалдаги спортзалга олиб бориб урар экан. Ҳозир терговчилар уларнинг ишларини ковлаб, анча бошқа ишларни очаяпти! Исажонов 50 фоиз даромадини доғистонликларга берар экан “криша” учун. Менинг номимга 73 та бола ёзган аризани олиб келишди. Биз уларга УВДга чиқишни тавсия қилдик, дейди Иброҳим Худойбердиев.

Тулада “Содружество” ўзбеклар жамоатчилик ташкилоти раҳбари Толиб Исажонов Тула шаҳар суди қарори билан 2 ойлик тергов муддатига ҳибсда ушлаб турилади.

Яқин орада унга нисбатан товламачилик ва Россия Федерацияси чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда жиноий айблов эълон қилиниши кутилмоқда.

Озодлик тергов тафсилотлари борасида хабар бериб боради.

XS
SM
MD
LG