Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 14:05

Польшага бориб ишлайдиган ўзбекистонликларнинг биринчи гуруҳи танлаб олинди


Польшалик иш берувчилар Ўзбекистонда бўлиб, 300 талабгор билан суҳбатлар ўтказди ва тақрибан 50 кишини танлаб олди. (Мақолага алоқаси йўқ илююстрация)

50 кишидан иборат биринчи гуруҳга кирган ўзбекистонликлар билан уларнинг Польшада ишлашига доир ҳужжатлар имзоланди. Шу кунда виза масаласини ҳал қилиш устида иш олиб борилмоқда. Виза чиқиши биланоқ, гуруҳ Польшага жўнаб кетади.

Бу маълумотни Озодлик Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлигидан олди.

Агентликнинг исми сир қолиш шарти билан гапирган мулозимига кўра, "ўзбекистонликларни Польшада иш билан таъминлаш истиқболлари дастлабки гуруҳнинг қандай ишлашига, Польша ва умуман Европа Иттифоқи қонун-қоидаларига қай даражада амал қилишига боғлиқ".

Миграция агентлиги мулозимининг айтишича, польшалик иш берувчилар яқинда (аниқ сана айтилмади) Ўзбекистонда бўлиб, агентлик сайтида олдиндан рўйхатдан ўтиб қўйган 300 талабгор билан суҳбатлар ўтказган ва тақрибан 50 кишини танлаб олган, танланганлар махсус ўқув машғулотларида қатнашган ва тегишли сертификат олган.

"Улар Польшада қурилишда ишлайди. Танлаб олинганлар учун Польшадан меҳнат шартномалари ҳам етиб келган ва эндиликда Польша элчихонасининг виза бериши кутилмоқда", деди мулозим.

Польша яқин ойлар ёки йиллар ичида қанча ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини қабул қилиши тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Миграция агентлиги мулозимига кўра, бу соҳадаги сўзлашувлар бошланган пайтда йилига 800 киши ҳақида гап бўлган, лекин бу аниқ гап эмас.

“Ҳаммаси Польшага борган фуқароларимизга боғлиқ. Агар улар сифатли ишласа, маҳаллий қонунларни бузмаса, Шенген зонасига кириб олганидан фойдаланиб, нолегал қолиб кетишга уринмаса, табиийки, бу йўналишдаги миграция оқими кучаяди”, деди мулозим.

Миграция агентлиги расмийсига кўра, Польшага кетиши кутилаётган гуруҳ бу мамлакатга Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлиги орқали кетаётган дастлабки гуруҳдир. Польша билан Ўзбекистон ўртасидаги меҳнат миграциясига доир ҳамкорлик, ҳозирча, польшалик иш берувчилар ва Миграция агентлиги даражасидаги ҳамкорликдир. Бу соҳада ҳозирча Польша ва Ўзбекистон ҳукуматлари даражасида келишув йўқ.

“Масалани ҳукуматлар даражасида ҳал қилиш йўлидаги ишлар энди бошланмоқда”, деди мулозим.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги делегацияси Польшанинг TRADMA, HR AGENCIA, EL-IN, JP CONSTRUCT ширкатлари раҳбарияти билан Варшавада учрашув ўтказгани тўғрисида вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, ўзбек делегацияси, шунингдек, Лодзь ва Люблин областларида бўлиб, текстиль ва қишлоқ хўжалиги соҳасида малакали мутахасисларни етказиб бериш масаласини муҳокама қилган.

Айтилишича, Польшанинг бу икки вилоятида мутахассислар тақчиллиги мавжуд. Лодзь мамлакатнинг тўқимачилик саноати маркази бўлса, Люблинда аграр сектор яхши ривожланган. Лодзь ва Люблин губернаторлари Ўзбекистон малакали ишчиларни етказиб берса, ўз зиммаларига уларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар берилишини соддалаштириш ва тезлатишга ваъда қилган.

Ўзбекистон делегацияси Польша расмийлари билан ўзбек меҳнат муҳожирларини ҳуқуқий ва ижтимоий муофаза қилиш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Маълумотларга қараганда, ўзбекистонликларни Польшада иш билан таъминлаш масаласи устидаги ишлар ўтган йили бошланган. 2016 йилнинг ноябрида Польшанинг «JP Construct» қурилиш компанияси раҳбари Я. Контарович бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келиб, Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлиги раҳбарияти билан учрашиб кетган эди.

Озодлик Меҳнат вазирлиги хабарида тилга олинган Польшадаги ширкатлардан бири TRADMA компанияси билан боғланди. Компания расмий вакили Юана Гора ўзбек делегацияси билан учрашув бўлиб ўтгани, томонлар ҳамкорликнинг шартларини муҳокама қилаётгани, лекин ҳозирча шартнома тузилмагани тўғрисида айтди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлигининг фуқаролар билан ишлаш маркази оператори ҳорижий давлатларга бориб ишламоқчиларга агентлик сайтига кириб, ўзи ҳақдаги маълумотларни қолдиришни маслаҳат берди.

XS
SM
MD
LG