Линклар

Тошкент қора бозорида янги рекорд - 1 USD=7500 UZS бўлди (ЯНГИЛАНДИ)


Марказий банк сўм линиясидаги навбатдаги босқич-қийматдаги банкнота – 10 минг сўмликни 10 март куни муомалага киритди.

12 март куни Тошкентдаги қора бозорларда 1 АҚШ долларининг нархи янги рекорд кўрсаткич - 7500 сўмга чиқди. Икки кун аввал АҚШ долларининг қора бозордаги курси бир кун аввалгидан тақрибан 150 сўмга қимматлаб, 7400 сўмга тенглашган эди.

Озодлик тошкентлик қора саррофлардан олган бу маълумотларни 12 март куни шаҳарнинг бир неча қора пул бозоридаги вазият билан танишган фаол тингловчимиз Тошбек тасдиқлади.

Нега қимматлаяпти, ахир?!

Унинг саррофлар ва пулини алмаштираётганлар билан қилган мулоқотларига таяниб айтишича, сўм қадрининг пасайишига одамларнинг “доллар қимматлаб кетармиш”, деган ваҳима ортидан ишламай ётган сўмларини алмаштиришга шошилиши, мавсумий омиллар, сўмнинг расмий курси сўнгги 1 ой ичида ҳафтасига қарийб 50 сўмдан кўтарилаётгани каби бир қатор факторлар туртки бўлмоқда.

Март ойи бошлангунига қадар уч ҳафта ичида АҚШ долларининг Марказий банк томонидан белгиланадиган курси ҳафтасига қарийб 50 сўмдан қимматлади. Бу тенденция мартнинг биринчи 10 кунлигида ҳам давом этди. 7 март куни Марказий банк сўмнинг расмий курсини яна оширди ва шу кунда 1 АҚШ доллари 3452 сўм 30 тийинга тенг.

Расмий курсга паралелль равишда сўмнинг қора бозордаги курси ҳам ошмоқда. 2 март куни 1 доллар 7150 сўмга тенглашган бўлса, бу кўсаткичга 8 кунда тақрибан 250 сўм қўшилди.

Моҳияти қулаш бўлган парвоз

Озодлик 2 март кунги материалида сўмнинг сўнгги ойлардаги динамикасига оид мана бу маълумотларни келтирган эди:

Марказий банк расмий сайтида келтирилган ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курси динамикасидан¸ ҳар сешанба куни белгиланадиган ҳафталик курснинг 14 февралдан бошлаб қарийб 50 сўмдан оширила бошлагани кузатилади. Расмий курс ошиши 14 февралга қадар ҳафтасига 14 сўмни ташкил қилган.

Банк архивидаги иловадан¸ 2016 йилнинг биринчи кунларида бир АҚШ доллари нархининг 2816.48 сўмдан бошланиб¸ йил охирига келиб¸ 3231.48 сўмга кўтарилгани кўрилади.

2016 йил давомида доллар расмий нархи 415 сўмга қимматлаган бўлса¸ 2017 йилнинг биринчи икки ойида доллaр январнинг илк кунларига нисбатан қарийб 165 сўмга ошган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон қора бозоридаги нарх динамикасини мунтазам кузатиб бораëтган dollaruz.com сайтига кўра¸ 2 март куни бир АҚШ долларининг сотиш нархи 7150 сўмга чиққан.

2016 йилнинг сўнгги кунида 6800 сўмга сотилган доллар реал курси 2017 йилнинг икки ойи ичида 350 сўмга ошган; кейинги икки ҳафтадаги қимматлаш эса 250 сўмга етган.

Номинал нархи ҳам, бозор нархи ҳам арзон "раритет"

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки сўм линиясидаги навбатдаги босқич-қийматдаги банкнота – 10 минг сўмликни 10 март куни муомалага киритди.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг энг катта қийматли пули “ўз ичига” расмий курс бўйича 3 бирликка етмаган, қора бозор курси бўйича эса, 1,5 бирликка етмаган АҚШ долларини сиғдира олади, холос.

Тошкентлик Тошбекнинг айтишича, 10 мингталик банкнотани ҳали кўпчилик кўргани йўқ ва шунинг учун ҳам у ҳозирча, таъбир жоиз бўлса, раритетки, одамлар уни сувенир сифатида сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда.

“10 мингталикни 20 мингга сотиб оламан, деяётганлар бор. 5 мингталик чиққанида ҳам шундай бўлган эди”, деди Тошбек.

XS
SM
MD
LG