Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 15:30

БМТ ўтказган мониторинг Эронда сиёсий қатағонлар, қатллар авж олганини кўрсатди


БМТнинг Эрон бўйича махсус маърузачиси Асма Жаҳонгир.

Эронда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганаётган БМТ расмийси мамлакатда ислоҳотчилар тазйиқ остида эканлигини, қўлга олинганлар таҳқирланиб, қийноққа тутилаётганини ҳамда кишини хавотирга соладиган даражада кўп одам қатл этилаётганини билдирди.

БМТнинг Эрон бўйича махсус маърузачиси Асма Жаҳонгир 13 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси чиқиш қилиб, “Барча ҳисоботлар фуқаролар қаттиқ назорат қилинаётганини ҳамда демократик эркинликлар кескин чекланганини кўрсатади”, деди.

19 март куни Эронда президент сайлови бўлиб ўтади. Жаҳонгир ўз нутқи давомида сайловга тўғридан-тўғри тўхталмади, аммо 2009 йилги сайлов натижаларини шубҳа остига олган уч мухолифатчи – собиқ бош вазир Мир Ҳусайн Мусавий, унинг рафиқаси Заҳра Раҳнавард ҳамда собиқ дин пешвоси Меҳди Каррибий деярли 6 йилдан бери расмий айбловсиз уй қамоғида қолаётганини таъкидлади.

Жаҳонгир яна ҳукумат матбуот вакилларига тазйиқ ўтказиб, цензурани кучайтираётганидан хавотир билдирди.

Жаҳонгир 6 март куни эълон қилган ҳисоботда ёзилишича, 2016 йилинг 13 декабригача “камида 24 журналист, блоггер ҳамда ижтимоий тармоқ фаоли ўзининг тинч фаолияти учун қўлга олинган ёки жазога ҳукм қилинган”.

Жаҳонгирнинг айтишича, Эрон вебсайтларни блоклашни, Интернет фойдаланувчилари, блоггер ва ижтимоий тармоқ фаолларини қўрқитиб, тазйиқ остига олишни ҳамда Интернет тезлигини чеклашни давом эттирмоқда.

6 март куни эълон қилинган ҳисоботда Жаҳонгир Эронда жуда кўп одам қатл этилаётгани юзасидан хавотир билдирган. Ҳисоботга кўра, ўтган йилда мамлакатда 530 одам қатл этилган. Йил бошидан бери эса 156 нафар одам қатл этилган.

2016 йилда қатл этилганларнинг камида 5 нафари жиноят содир этган пайтида ҳали 18 га тўлмаган бўлган. Жаҳонгирнинг таъкидлашича, ўтган 10 йилликда Эрон бошқа давлатларга солиштирганда энг кўп балоғатга етмаган жиноятчиларни қатл этган.

Жаҳонгир Эрон расмийларини “зудлик билан, ҳеч бир чекловсиз болаларни ўлим жазосига ҳукм қилишни ман қилишга ҳамда 18 ёшга тўлмасдан қўл урилган жиноятлар учун чиқарилган ўлим жазоси ҳукмларини енгиллатиш бўйича кенг қамровли жараённи бошлашга” чорлади.

БМТ расмийси яна Эронни ўлим жазосига мораторий қўйишга чақирди.

Эрон дунёнинг энг кўп одам қатл этиладиган давлатларидан биридир. Қатл этилганларнинг аксари гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган.

Жаҳонгир ўтган йилда ҳозирги лавозимига тайинланганидан бери қийноқлар, жумладан, ампутация, кўр қилиш, калтаклаш каби жазолар кенг қўлланилаётгани ҳақида бир неча ҳисобот олганини айтди.

Жаҳонгир яна болаларнинг оила қуриши масаласига ҳам эътибор қаратди. Расмий Эронни болалар оила қуришини ман этишга ҳамда мазкур удум ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришга чорлади.

БМТ расмийси яна Эрондаги тан олинган ва олинмаган озчиликлар аҳволи ҳақида ҳам хавотир изҳор қилди.

6 мартдаги ҳисоботда: “Баҳоийлар систематик тарзда дискриминация қилинмоқда ва ишлаш ҳуқуқидан жудо қилинмоқда”, дейилади.

Жаҳонгир яна Эрон ҳукумати христиан динини қабул қилганларни ва суфий гуруҳларни сиқувга олаётганини айтди.

“Ушбу гуруҳларни асоссиз қўлга олиш, таҳқирлаш, қамаш давом этмоқда. Улар кўпинча “миллий хавфсизликка қарши чиқиш” ёки “ҳууматга қарши тарғибот қилиш” каби миллий хавфсизлик билан боғлиқ жиноятларда айбланади”.

XS
SM
MD
LG