Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:43

FBI Трамп ёрдамчиларининг Россияга алоқаси суриштирилаётганини тасдиқлади


Федерал қидирув бюроси директори Жеймс Коми
Федерал қидирув бюроси директори Жеймс Коми

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) директори Жеймс Коми президент Дональд Трамп ёрдамчиларининг Россия расмийлари билан алоқасига оид даъволари суриштирилаётганини тасдиқлади. Вашингтонда АҚШ Конгрессининг разведка бўйича қўмитасида ўтган эшитувларда баёнот берган Коми, айни пайтда, АҚШ президенти сайловига Россиянинг аралашганига оид маълумотлар ҳам текширилаётганини айтди.

Президент Дональд Трамп маъмурияти ҳокимият тепасига келганидан бери Россиянинг АҚШ ички ишларига аралашгани ва Трамп ёрдамчиларининг Россия билан алоқаси текширилаётгани ҳақидаги хабарлар тинмаётир.

Коми бундай текширувлар олиб борилаётганини тасдиқлар экан, “Бу текширувлар Трамп кампаниясига алоқадор шахслар ва уларнинг Россия ҳукуматидаги вакилларга алоқаси характери ҳамда Трамп кампанияси ва Россия томони ҳаракатлари мувофиқлаштирилганми-йўқми - буни аниқлаш мақсадини ҳам ўз ичига олади”, деди.

ФТБ директори на ўзида, на АҚШ Адлия вазирлигида Нью-Йоркдаги офисларига аввалги президент Барак Обама маъмурияти томонидан эшитиш мосламалари ўрнатгани ҳақида Трамп илгари сурган иддаоларини тасдиқловчи маълумот йўқлигини таъкидлади.

“Президент, аввалги маъмурият унинг суҳбатларини ёзиб олганини иддао қилиб ёзган твитларига келадиган бўлсак, менда бу твитларни қўллайдиган маълумот йўқ ва биз ФҚБ ичида буни яқиндан текширдик. Адлия вазирлиги айни жавоб вазирлик ҳамда унинг барча бўлимларида бир хил эканини сизга етказишимни сўради: Яъни, вазирликда мазкур твитларни қўллайдиган ҳеч қандай маълумот йўқ”, деди Коми.

Айни пайтда, Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) етакчиси Майк Рожерс ҳам Трамп маъмурияти расмийларининг яна бир иддаосини рад этди.

Шу кунгача президент маъмурияти расмийлари МХА Британия разведкасини Трапмни кузатишга чорлаганини айтиб келади. Британия расмийлари бу иддаони аҳмоқона деб баҳолайди, мамлакат разведкаси эса уни рад этувчи баёнот берган.

АҚШ разведка хизматлари январь ойида Россия президенти Владимир Путин 2016 йилда ўтган АҚШ президентлик сайловига “таъсир ўтказиш кампаниясини” буюртиргани ҳақидаги ҳисоботни эълон қилган.

Ҳисоботда айтилишича, Россия расмийлари киберҳужумлар, ҳужжат сиздиришлар ҳамда бошқа услублар ёрдамида АҚШ сайлов тизимига таъсир қилиб, демократлар партияси номзоди Ҳиллари Клинтонни қоралаш, Трамп ғалабасини таъминлашга қаратилган.

Февраль ойида Трамп ёнида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимида 24 кун ишлаган Майкл Флинн АҚШдаги Россия элчиси билан суҳбатлари тўғрисида нотўғри маълумот бергани ошкор бўлиши ортидан истеъфо берди.

Бунинг ортидан АҚШ бош прокурори Жефф Сешнс ҳам январь ойида бўлиб ўтган Сенат эшитишларида ўтган йилги президентлик сайлови давомида Россиянинг АҚШдаги элчиси билан икки марта суҳбатлашганини ошкор этмагани маълум бўлди. Натижада, Сешнс Россиянинг АҚШ президентлик сайловига аралашганини суриштираётган махсус гуруҳ таркибидан чиқарилди.

XS
SM
MD
LG