Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 09:53

Ўтган йили 23 минг ўзбекистонлик Россия гражданлигини олди


Ўзбекистон Россия гражданлигини олаётган ватандошлари сони бўйича учинчи ўринга кўтарилди. Россия ИИВси келтираётган маълумотларга кўра, Россия паспортини олган ўзбекистонликлар сони бир йил олдингига нисбатан 659 кишига кўпайиб, 23 216 кишини ташкил этди. Айни пайтда, россияликлар ҳукумат жорий этаётган гражданлик беришни осонлаштирувчи тартибларга қарши чиқмоқда.

МДҲ давлатлари ватандошлари орасида иқтисодий жиҳатдан қудратлироқ бўлган Россия давлати гражданлигини олишга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.

2016 йил давомида 23 216 нафар ўзбекистонлик Россия ватандошлигига ўтди.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий хабарига кўра, бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон умумий ҳисобда учинчи ўринга кўтарилган. Ўтган йилги кўрсаткич 659 кишига кам бўлиб, 22 557 нафар ўзбек муҳожирига Россия қизил паспорти олиш насиб қилган эди.

Келтирилаётган рақамлардан энг кўп Россия ватандошлигини олган украинлар бўлиб (100 696 киши), ўтган йилга нисбатан рус паспортини олганлар сони 49 фоизга ўсганини кўриш мумкин. Рўйхатда Ўзбекистондан олдинги иккинчи ўринни Қозоғистон эгаллаб турибди: 2016 йилда 37 837 шахс қозоқ паспортиниалмаштиргани маълум қилинди. (Таъкидлаш жойизки, Конституциясининг 10 моддасига мувофиқ, Ўзбекистон каби, Қозоғистон ҳам иккинчи гражданликни тан олмайди.)

Россия оммавий ахборот воситалари Украина ватандошлари иккинчи йилдирки Россия паспортини олиш бўйича биринчиликни сақлаб келаётганига эътибор қаратмоқда. 2014 йилнинг сентябрида Украина Донбассида бошланиб кетган қуролли тўқнашувлар оқибатида Россияга ярим миллионга яқин қочқин келиб ўрнашди.

Шу билан бирга, тан олинмаган ДНР ва ЛНРда берилган паспорт эгалари учун Украина гражданларига каби миграция қоидалари амал қилади: Россияга кириб келган днр-лнрчилар 90 кундан кейин Россияни тарк этишлари лозим.

Россия Фанлар Академиясининг Социология институти сектор бўлими бошлиғи, социология фанлари доктори Владимир Мукомель Озодлик радиоси билан суҳбатда барча МДҲ давлатлари гражданларининг Россия паспортига қизиқишини иқтисодий-ижтимоий сабаблар билан изоҳлади.

- Россияда яшаб, меҳнат қилаётган Ўзбекистон гражданлари барча ҳуқуқлардан фойдаланиш имконини берувчи мақом Россия паспорти билан бирга олинишини тушунишаяпти. Бу ерда ҳатто доимий қолишни режалаштирмаётган, аммо оиласи, иш жойи, танишлари шу ерда бўлган ўзбеклар учун Россия гражданлиги жуда катта қулайликларни яратиши турган гап. Аммо жуда кўплаб ўзбекистонликлар Россияда доимий яшашга қолиш истагида экани ҳам маълум. Улар сони бир неча юз мингга етади! Улар учун вақтинчалик яшаш рухсатномаси – “вид на жительство” ҳам ўз ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш учун етарли эмас, деди Владимир Мукомель.

Владимир Мукомель биргина украиналиклар асосан сиёсий сабаблар туфайли Россия гражданлигига ўтганини таъкидлаб ўтди.

Эксперт шу боис ҳам Россия ҳукумати томонидан ҳозирланаётган янги “гражданликка қабул қилиш тартиби” жорий этилишига жиддий шубҳа билдирди.

- Гап Россияда илгари яшаганлар фарзандлари ва авлодларига гражданлик бериш ҳақида кетаяпти. Мен бу ташаббус Дума муҳокамасидан ўтмайди, деб ўйлайман, чунки бу амал чапга ва ўнгга паспорт тарқатишга бориб тақалади. Бу яхши иш эмас! Бу коррупциянинг янги кўриниши, собиқ Совет Иттифоқи давлатлари билан муносабатларнинг таранглашиши, дегани ҳамдир, деди Владимир Мукомель.

Суҳбатдош Россия ватандошлигини олганларнинг ярмидан кўпини, одатга кўра, “Юртдошларни кўчириш” Дастури асосида мамлакатга кириб келаётган русийзабон ўзбекистонликлар ташкил этишини ҳам қўшимча қилди.

Социология фанлари доктори Владимир Мукомель билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:20 0:00
Бевосита линк

Россия Фанлар Академияси мутахассислари бугунги кунда Россияда гражданлик олиш истагида бўлганлар сони 6 миллион кишидан ошишини тахмин қилди.

Демография мутахасислари 2025 йилга бориб Россия аҳолиси яна 14 миллион кишига камайишини башорат қилмоқда. Улар Россияда йилдан йилга мураккаблашиб бораётган демографик вазиятни 700 мингда 1 миллионгача бўлган иммигрантлар ҳисобига барқарорлаштириш мумкинлигини гапирмоқда.

Айни пайтда, аксар россияликлар собиқ Шўролар мамлакати ҳудудида яшаганлар учун осонлаштирилган тартибда гражданлик тарқатиш ташаббусига қарши эканини билдирди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш умумроссия маркази (ВЦИОМ) ўтказган социологик сўров натижаларига кўра, 71 фоиз россиялик гражданлик бериш тартибини енгиллаштиришга қарши чиқди. Жумладан, сўровда иштирок этган ремпондентлардан 36 фоизи миграция тартиблари янада қаттиқлашишини ёқлаб чиқди.

Шарҳларни кўринг (8)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG