Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 06:30

Эртага Ўзбекистон-Қатар ўйини. Стадион кассалари олди бўм-бўш...


"Бунёдкор" стадиони кассалари олдида бу гал чипта олишга навбатда турганлар кузатилмади. 2017 йил, 27 мартда олинган сурат.

28 март куни Тошкентда ўтказилиши кутилаётган Ўзбекистон-Қатар ўйини олдидан “Бунёдкор” стадиони кассаларининг олди бўм-бўш.

Бу ҳақда Озодликнинг пойтахтдаги мобил мухбири хабар қилди.

Унинг хабар беришича, аввалги ўйинлардан аввал стадион кассалари олдида кузатилган ур-йиқитдан дарак ҳам йўқ.

“Чиптахоналар олдидаги бу сокинликка терма жамоамизнинг Сурияга ютқазгани сабаб. Чунки мухлислар ўйини йўқ терманинг бекорга югуришини кўришга пулларини ва вақтларини сарфлагилари йўқ бўлса керак”, - дейди эртанги футбол учрашувига кассадан билет олаётган мухлис.

Унинг фикрича, Ўзбекистондаги футбол мутасаддилари одамларни миллионлар ўйинидан ва терма жамоадан бездиришнинг яхши йўлини – мусобақаларда номига қатнашиб, ютқазишни ўйлаб топишган.

“Ўзбекдек футболсевар халқни футболдан бездиришнинг уддасидан чиқишяпти. Қойил лекин!” – дея қўшимча қилдиЎзбекистон-Қатар учрашувига чипта сотиб олган мухлис.

Кассалар олдида бу гал ур-йиқит кузатилмаётгани чипталарнинг қимматлиги билан ҳам изоҳланиши мумкин: авваллари 15 минг сўмдан сотиб келинган чипталар бу сафар 25 минг сўмдан сотилмоқда.

Футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун Осиё минтақасининг “А” гуруҳида кураш олиб бораётган Ўзбекистон терма жамоаси 23 март куни Малайзияда (нейтрал майдонда) Сурия термасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой бергач, ушбу мағлубият футбол ишқибозларининг норозиликларига сабаб бўлган эди.

28 март куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ўтказилиши кутилаётган Ўзбекистон-Қатар ўйинидан олдин мезбонлар терма жамоаси 9 очко билан учинчи ўринни, меҳмонлар эса 4 очко билан охирги, бешинчи, ўринни эгаллаб туришибди.

“А” гуруҳининг биринчи ва иккинчи ўринларида 14 очко билан Эрон ва 10 очко билан Жанубий Корея термалари боришмоқда. Олти жамоадан иборат ушбу гуруҳда тўртинчи ўринни 8 очко илан Сурия термаси, бешинчи ўринни эса беш очко билан Хитой термаси эгаллаб турибди.

28 март куни ушбу гуруҳда Ўзбекистон-Қатар ўйинидан ташқари, Эрон-Хитой ва Жанубий Корея-Сурия учрашувлари ҳам ўтказилади.

XS
SM
MD
LG