Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 14:37

Ўзбекистонда “ҳоким маршрути” деган тушунча борлиги Озодликка Фурқат туманидан келган бир шикоятни ўрганиш жараёнида маълум бўлди.

Туман марказидаги марказий кўча бўйида яшайдиганларнинг Озодликка шикоят қилишича, ҳокимият уларни уйларини таъмирлашга мажбур қилмоқда.

Шикоятга алоқаси йўқ фурқатликлар туман ҳокимлиги ваколатлари доирасидан чиқмаётганини ишонч билан айтди.

Бироқ “ҳоким маршрути” деган тушунча мавжудлиги ободонлаштириш ишига фарғонача ёндошувнинг ҳануз эскича - хўжакўрсин - хўжайин кўрсин қабилида қолиб кетаётгани белгисидир.

Озодликка келган шикоят

Fargona viloyati Furqat tumaniga Prezident keladi degan gap bor 2 oydan beri. Prezidentning kelgani yaxshi, lekin Prezidentning kelishi Furqat tumanida yashovchilarga qimmatga tushmoqda, chunki xokimyat xodimlari yo’lni boyida yashovchi axolini qiynamoqda, bular Prezidentga koz boyamachilik qilib axolini majburyblab uyini remont qildirmoqda. Pulimiz yoq deganlarga esa ichki ishlar xodimlari, xokimyatdagilar, domkomlar, ishqilib, kopchilik bolib uyga kelib majburlashyapdi, дейилган Фурқатдан келган хатда.

Мактуб муаллифи Озодликдан исм-фамилиясини сир сақлашни сўради.

Туман ҳокимлиги мулозими жавоби

Фурқат туман ҳокимлигининг юқори лавозимли ходими Озодлик мухбири ўқиб берган шикоятни диққат билан тинглади ва унда қилинган иддаоларни кескин рад этди:

- Тўғри, марказда ободонлаштириш ишлари олиб бораяпмиз. Бу ишларни Наврўз арафасида ҳам қилдик. Одамлардан кўп нарса талаб қилмаяпмиз. Уйининг нураган жойларини суваб қўйишни, оқлашни, дарахтларни буташни, супуриб сидиришни талаб қилаяпмиз, холос. Бунинг нимаси ёмон?! деб ҳайрон бўлди мулозим.

Унинг айтишича, "кўча бўйидаги уйларни қимматга тушадиган ремонт қилишга ҳокимлик ҳеч кимни мажбурлаётгани йўқ", бу ишга ички ишлар ходимлари жалб этилгани тўғрисидаги иддао эса, "бўҳтон"дир.

Қишлоқ фуқаролар йиғини раисининг айтганлари

Фурқат тумани маркази – Навбаҳор шаҳарчаси фуқаролар йиғини раиси Исоқжон Муродовнинг Озодликка айтишича, марказий кўчадаги ишларнинг кўлами ҳокимлик мулозими айтгандай, оқлаш ва супуриб-сидиришдан кўра кенгроқдир.

Унинг айтишича, марказий кўча бўйида жойлашган уйларнинг қизил чизиққа чиқиб кетган қисмлари буздирилмоқда. Йўл кенгайтирилиши, пиёдалар йўлаги тушиши керак. "Лекин бу ишлар яхши гап билан, тушунтириш билан амалга оширилаяпти".

Холис фикр

Фурқатлик 68 яшар фермер Очил Бегматовнинг шикоятчиларга ҳам, ҳокимликка ҳам алоқаси йўқ. Айтишича, унинг туман марказидаги марказий кўча бўйида қурган бинолари ҳам бор.

Шикоят мазмуни билан таништирганимиздан сўнг, Очил Бегматов, бундай деди:

- Улар (Озодликка келган шикоят муаллифларини назарда тутаяпти – таҳр.) менинг олдимга ҳам келган. Булар Тошкентга, Президент девонига ҳам борган арз қилиб. Буларга 20 йил муқаддам бошқа жойдан ер берилган янги иморат қуриш учун. Буларнинг уйи бузилиб, йўл кенгайтирилиши, коллеж ўқувчилари юрадиган пиёдалар йўли қурилиши керак. Мен, тўғриси, ҳокимни яхши кўраман, дея олмайман. Лекин шу жойда ҳақиқатни айтишим керак. Бу масалада ҳокимлик ҳақ, деди Очил Бегматов.

Бир қарашда, масала батамом аён бўлгандай: фуқаро ҳар доим ҳам ҳақ эмас, ҳокимлик ҳар доим ҳам ноҳақ эмас.

Маршрутга тушган кўча

Туман ҳокимлиги мулозими туман марказидаги кўчани назарда тутиб, “маршрутга тушган кўчалар”, деган иборани ишлатдики, ундан шу иборани тушунтириб беришни сўрадик.

- Маршрут дегани... вилоят ҳокими юрадику, у ёққа ўтади, бу ёққа ўтади, Бешариққа ўтади. Ҳоким ўтаётган йўлда деворлар ағанаб ётган, шиферлар қийшайиб ётган, дарахтлар буталмаган, оқланмаган бўлса, ҳокимнинг кўзи тушадими, ахир?! деди мулозим тўлқинланиб.

Маршрутга тушмаётган вилоят

Ҳа, айтганча, Озодликка шикоят йўллаган фурқатликлар ободонлаштириш ишларини Мирзиёевнинг Фарғонага кутилаётган ташрифи билан боғлаган эди.

Вилоят марказида яшайдиган икки тингловчимизнинг бир-биридан мустақил равишда айтишича, Президент Мирзиёвни Фарғонада 2 ойдан буён кутишмоқда. Бу давр ичида боғча опалар, касалхоналар ҳамширалари ва бошқа шу каби ходимлар камида 3 марта шаҳар тозалашга сафарбар қилинди, йўллар ўртасига ўрнатилган тўсиқлар бир неча марта ювилди.

Лекин Мирзиёевдан Фарғонада дарак йўқ.

Мирзиёев бугун Навоийда бўлди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG