Линклар

Петербург метросидаги портлашга алоқадорликда гумонланаëтган 8 муҳожир ҳибсга олинди


Россия махсус хизматлари 5-6 апрель кунлари ўтказган махсус операциялар давомида Санкт-Петербург метросида амалга оширилган худкушлик ҳужумига алоқадорликда гумонланиб камида 8 нафар марказий осиëлик муҳожир қўлга олинди. Уларнинг асли ўшлик Акбаржон Жалиловнинг шериклари экани иддао қилинмоқда.

6 апрель куни Санкт-Петербург шаҳрининг Октябрь туман маҳкамаси 3 апрель куни метрода уюштирилган ҳужумга алоқадорликда гумонланаëтган 8 нафар шахсни ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Бу ҳақда Бош тергов қўмитасининг Петербург бўйича ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов матбуотга хабар берди.

"​Санкт-Петербургда ушланганлар¸ 2015 йилнинг ноябридан ҳозирга қадар¸ асосан¸ Марказий Осиё республикаларидан келган шахсларни террор хуружларини амалга оширишга ёллаб келган", деди Сергей Капитонов.

Бу расмий¸ ушланганларнинг 3 апрель куни ҳужумчини амалга оширганликда гумонланаëтган асли қирғизистонлик Акбаржон Жалилов шериклари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётганини билдирди.

Санкт-Петербургнинг Невский район маъмурияти раҳбари Константин Серовнинг матбуотга айтишича¸ мазкур тумандаги марказий осиëликлар яшаб келган квартирадан портловчи мослама топилган ва зарарсизлантирилган.

6 апрель куни Youtubе.com портали¸ қолаверса аксар Россия ахборот воситаларида террорчиликда гумонланаётганларни қўлга олиш амалиётлари акс этган видеоëзувлар пайдо бўлди. Бу кадрларда ФСБнинг ниқоб таққан ходимлари¸ кўринишидан марказий осиёлик йигитлар яшайдиган бир хоналик квартирага бостириб киради.

Улардан бири ўзининг Рустамов Отабек Саиджонович эканини билдиради, яна бошқаси бу ерда яшаётгани ва меҳнат қилаётганини айтади.

(ФСБнинг Петербургда олинган оператив видеотасвири)

Террорчиликда гумонланаëтганлардан, терговчиларга кўра, "Площадь Восстания" бекатидаги портламасдан қолган мосламага ўхшаш яна бир бомба мусодара қилинган.

еракт бўйича жиноий иш юзасидан Россия Тергов қўмитасининг Бош тергов бошқармаси томонидан ФСБ ва ИИВ оператив хизматлари билан ҳамкорликда 3 апрель куни метро вагонида портлаш мосламасини ишга туширган Акбаржон Жалиловнинг таниш-билишлари текширилди", деди Россия Тергов қўмитаси расмийси Светлана Петренко.

Бундан олдин шаҳардаги “Фонтанка” нашри Товарищеский проспектдаги 22-уйнинг 8-қаватидаги квартирада махсус амалиëт ўтказилгани ва бу уйнинг пастки қаватларида яшовчилар эвакуация қилиниб¸ уч одамнинг қўлига кишан солиб олиб кетилганини ëзган эди.

Айни пайтда¸ Россия Тергов қўмитаси метродаги ҳужум ижроси деб айтилаëтган қирғизистонлик Акбаржон Жалилов билан алоқада бўлган марказий осиëликлар яшайдиган квартираларда ўтказилган тинтув давомида тергов учун аҳамиятли нарсалар, жумладан “исломий экстремистик адабиёт ва терговга алоқаси бор турли буюм ва ҳужжатлар” топилганини билдирди.

Айрим Россия нашрлари ўз расмий манбаларига таяниб¸ Жалилов танишларининг “Жабҳат ан-Нусра” ва “Ислом давлати” экстремистик гуруҳларига алоқадорликда гумонланаëтгани билдирди. "Росбалт" нашрининг терговдаги ўз манбасига таяниб ëзишича¸ ушланган муҳожирлар на Жалилов¸ ва на экстремистик гуруҳларга алоқаси борлигини тасдиқламоқда.

Озодликка маълум бўлишича¸ 3 апрель кунги портлаш муносабати билан ўтказилаëтган махсус амалиëт ва рейдлар Санк-Петербургнинг бошқа районларида ҳам кузатилмоқда.

Петербургда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Абдураҳмон¸ шаҳардаги барча полиция участка нозирлари квартирама-квартира юриб, текширув олиб бораётганини айтади:

- Кўчада мени кечанинг ўзида икки маротаба тўхтатишди. Бундан олдин уч йилдан бери тўхтатмаган! Ҳамма ёғимизни кўриб чиқаяпти. Олдини олиб қўйяпти, шекилли. Ахир бу ерда камида 250 минг ўзбек яшайди. Ўзбеклар бу ерда 10 киши-10 киши бўлиб квартира ижарага олади ишга яқинроқ жойга. Участковойларга ҳамма квартираларни обход қилиш топширилибди. Аслида улар кимнинг қаерда яшашини яхши билади, чунки ижарада турган йигитлардан 1-2 сўм фойдаланиб туради, дейди Абдураҳмон.

3 апрель куни Санкт-Петербург метроси вагонида амалга оширилган худкушлик ҳужуми оқибатида 14 одам ўлди¸ 50 дан ошиғи жароҳат олди.

Худкуш ҳужумчи деб кўрилаëтган Акбаржон Жалилов¸ Россия матбуотининг ëзишича¸ 2015 йилдан бошлаб “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига хайрихоҳлар таъсирига тушган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG